Янгиликлар

«Тўшакдан бош кўтаролмай қолдик». Ситора Фармонова оиласи билан коронавирусга чалингани ҳақида

У 45 кун давомида вирусга қарши курашганини айтди

«Тўшакдан бош кўтаролмай қолдик». Ситора Фармонова оиласи билан коронавирусга чалингани ҳақида

Актриса, хонанда, бошловчи Ситора Фармонова Instagram саҳифасида оила аъзолари билан коронавирусга чалингани ҳақида пост қолдирди.

Ситора Фармонова 2020 йил 7 июль куни ота-онасини хусусий клиникадан уйга олиб келган. Улар соғлиғини мустаҳкамлаш учун у ерда даволанган. 8 июлда шифохонага боришга кучи етмагани сабабли ҳамширалар ўзи келиб уларни текширувдан ўтказган. Актриса 45 кун давомида оила аъзолари билан вирусга қарши курашганини таъкидлади. Ситора Фармонова коронавирусга чалингандан сўнг ҳаётдаги мақсади, инсонларга бўлган муносабати ўзгарганини айтди.

«Бугунги кун муаммоси СOVID-19. Бутун дунёни ларзага келтирган бу вирус ҳаётимга бўлган қарашимни, инсонларга бўлган муносабатимни тубдан ўзгартиришга сабаб бўлди. Мени бу ваҳший вирус қандай ўзгартирди? 2020 йил 7 июль онам билан отамни хусусий клиникадан уйга олиб келдим (Улар ўз саломатликларига куч берувчи муолажа олиш учун у ерда ётган эди).

Онам гарчи соғликларига қувват бўлувчи муолажаларни олган бўлсада аммо ўзини жуда ёмон ҳис қилишни бошлади. Ўзимни қаерга уришни билмай қолдим. Aммо 8 июль эрта тонгдан онам, отам, мен ва укам бутун вужудимиз сингандей оғриқ сабаб тўшакдан бош кўтаролмай қолдик. Ҳали биз коронавирус деган махлуқ билан қандай курашишни, нима муолажалар билан даволанишни билмас эдик. Аллоҳга шукурки, бахтимга Ниҳола дугонам бор экан. Дарров қўнғироқ қилиб аҳволимиз оғирлигини айтдим. Касалхоналар гавжум беморларга тўлган пайт эди. Касалхонага бориш учун мадоримиз йўқ эди.

Шукурки шифохона ходимлари уйимизга келди ва бу бало билан курашишда бизга ёрдам беришни бошлади. 45 кун биз оиламиз билан бу касалга қарши курашдик. Аммо энг қўрқинчлиси қариндош-уруғларимиздан ‘қора хабарли’ қўнғироқлар келишни бошлади. Бирин-кетин тоға-аммаларимиз бу ёруғ дунёни тарк этгани ҳақидаги хабарлар кела бошлади. Назаримда гўёки ҳаёт тўхтаб қолгандай эди. Эртаю кеч ота-онам, оилам умрини сўраб Аллоҳдан йиғлаб дуода бўлдим ва уларнинг ҳаёти учун қўрқувда яшашни бошладим. Мен ҳаётга бўлган умидим, мақсадим, инсонларга бўлган муносабатим ўзгаришни бошлади. Ҳар бир яқинимга тўйиб олишга ҳаракат қилдим, чунки бу бешафқат вирус эртага қайси яқинимни ҳаётига чангал солишини билмай жуда қўрқиб яшадим. Бугунги кунда ҳар бир инсонга қўлимдан келса яхшилик қилишга, ширинсўз бўлишга ва инсонларни қадрига етишни ўргандим. Чунки сиз 5 сониядан сўнг ёнингизда нафас олиб турган яқинингиз бошқа нафас олмаслиги мумкин», — дейди актриса.

Бошловчи ковиддан тузалгач, чиройли ва орзулари билан яшашни бошлаган. Актрисанинг сўзларига кўра, энг ачинарлиси, вирус қайта куч тўплаб қайта ҳужумга ўтган.

«’Биз бу балодан қутулдик’, деб яна чиройли ҳаётга, рўзғор ташвишлари-ю, орзуларимизга кўмилиб қайта яшашни бошладик. Аммо ачинарлиси шуки, бу ваҳший вирус гўёки уни унутишимизни кутиб, қайта куч йиғиб келганга ўхшайди», — дейди у.

Хонанда Лола ҳам 14 январь куни хонанда вакцина олган бўлишига қарамай, коронавирус билан касалланганди.

У 2021 йил 1 декабрь куни «Спутник» вакцинаси билан эмланганди.

Шунингдек, телебошловчи, хонанда Ҳуснора 16 январь куни коронавирсга чалинганини маълум қилганди. У 15 январь куни ковидга тест топширган ва унинг жавоби ижобий чиққанди.

Бундан ташқари, 18 январь куни эса опера хонандаси Ширин Маматова ҳам вакцина қабул қилган бўлишига қарамай коронавирусга чалинганини маълум қилганди. У сентябр ойида вакцина олганини таъкидлаб ўтган.