Янгиликлар

«Муҳаббат баҳори» фильмининг катта тақдимоти ўтказилди

Фильмда Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг муҳаббати ва ҳаёт йўллари ҳикоя қилинади

«Муҳаббат баҳори» фильмининг катта тақдимоти ўтказилди

Киночилар уйида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» кинокартинасининг катта тақдимоти ўтказилди.

Фильмда икки ижодкор — Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ва жамоат арбоби, таниқли шоир Ҳамид Олимжоннинг соф муҳаббати, ҳаёт йўллари, ижоди, айрилиқ, вафо, садоқат туйғулари ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, уларнинг соф муҳаббати, орзу ва армонлари, Ҳамид Олимжон вафотидан кейин Зулфияхонимнинг ички кечинмалари, умид ва шижоатга тўла ҳаёт йўли ўзига хос ракурсларда кўрсатиб берилган.

Кинокартинада Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг болалик даври, ижодий фаолияти, асосан 1920-1944 йиллар воқеликлари акс эттирилган. Сценарий муаллифлари Зулфия Қуролбой қизи ва Микойил Сулаймонов, постановкачи режиссёр Иброҳим Расулов, оператор Талъат Мансуров. Фильмда асосий ролларни Ҳамза Ҳасанов (Ҳамид Олимжон), Шаҳноза Ҳожимуродова (Зулфия), Шоҳида Исмоилова, Абдурайим Абдуваҳобов, Меҳриддин Раҳматов ва кўплаб вилоят театрларининг моҳир актёрлари ижро этган.

 

«Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг икки буюк ижодкори, етук шахс ва жамоат арбоблари ҳақидаги ‘Муҳаббат баҳори’ фильми суратга олинди. Мана шундай кинокартиналар миллий маданиятимиз, нафақат ўзбек, балки бутун жаҳон адабий меросига улкан ҳисса қўшади», — дея алоҳида таъкидлади Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

«Ушбу кинофильмни суратга олаётганимда уни биринчи навбатда мактаб ўқувчилари кўриши лозимлигини билардим ва бундан жуда хурсандман. Бу мен учун режиссёр сифатида катта совға бўлди», — деди фильм режиссёри Иброҳим Расулов.

«’Муҳаббат баҳори’ фильмида севимли шоирамиз Зулфияхоним образини яратиш зиммамга жуда катта масъулият юклади. Мазкур киноасарда Зулфияхонимнинг нафақат ижоди, балки унинг инсонийлик қирралари, аёллик бахти, турмуш ўртоғи, атоқли шоир Ҳамид Олимжонга бўлган вафо ва садоқати акс эттирилган. Режиссёр Иброҳим Расулов кастинг жараёнларида 200 га яқин номзодлар орасидан мени танлаб олганидан хурсанд бўлдим», — деди бош роль ижрочиси Шаҳноза Ҳожимуродова.

«Фильмда буюк адиб, таниқли шоир Ҳамид Олимжон сиймосини гавдалантирганимдан фахрланаман. Шунингдек, режиссёр Иброҳим Расулов бошчилигидаги профессионал ижодий гуруҳ билан ишлаганимдан мамнунман. Энг асосийси, бугун 27 май менинг таваллуд кунимга катта премьерани ўтказилаётгани мен учун кутилмаган туҳфа бўлди. Тилагим, кинокартина барча халқимиз қалбидан ўрин олсин», — дея сўзлади бош роль ижрочиси Ҳамза Ҳасанов.

Фильмнинг суратга олиш ишлари Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган. Маълумот учун, 14 май куни Қашқадарё вилоятидаги «Маданият ва маърифат карвони» тадбирлари доирасида ўтказилган «Фильм қаҳрамонларидан ўрнак оламиз» номли умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасидаги иншолар танловида «Муҳаббат баҳори» фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтган эди.