Интервью

«Асир қилганди». Манзура ҳаётига суиқасд бўлганини айтди — видео

Бунга 20 йил бўлган

«Асир қилганди». Манзура ҳаётига суиқасд бўлганини айтди — видео

Актриса, хонанда Манзура YouTube’даги «Instervyu Tv» лойиҳасига берган интервьюсида 20 йил аввал ҳаётига бўлган суиқасд ҳақида гапириб берди.

Ўша пайтда уларга пичоқ билан ҳужум қилган. Хонанда улардан қўрқмаган. Улар нима деса, шундай жавоб қайтарган. Ҳар хил гап-сўзлардан сўнг уни қўйиб юборишган. Манзура агар эсласа, бундай ҳолатлар кўп бўлганини таъкидлади.

«Бундан йигирма йилча аввал тўйда жамоадаги болаларимни урмоқчи бўлиб, пичоқ билан келиб, ўлдириб юбормоқчи бўлишган. Мен ҳам жуда ‘духи’ баланд қиз эдим. Отдан тушсам ҳам, эгардан тушмаганман. Улар нима деган бўлса, худди шундай жавоб қайтарганман. Ҳар хил гап-сўзлардан сўнг, улар бизни қўйиб юборган. Улар бизни ўраб олиб, асир қилиб қўйишганди. Маъмуримни тепишган эди. Бундай ҳолатлар эсласак, кўп чиқаверади», — дейди хонанда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Манзура ўзгаришига нима сабаб бўлганини айтганди. Хонанданинг сўзларига кўра, инсон фарзандларига ҳаром луқма едирса, қачондир унинг бадалини тўлайди. Манзуранинг ота-онаси уларга ҳалол едирган. Актриса эса Аллоҳга қайтишининг сабабини айнан шу билан изоҳлади.

«Инсон фарзандига ҳаром луқма едирса, унинг бадалини тўлайди. Биз ҳалол еганимиз учун ҳаммамиз Аллоҳга қайтганмиз. Мен ҳам рўмол ўрадим, узун кийдим. Бунга ота-онамнинг ҳалол топгани сабаб бўлди. Онам менга Қуръон тиловатини ўргатарди. Шу нарсалар сабаб ҳам биз уларнинг охирати учун тиловатдамиз. Нимага шунчалик даражада ўзгарганим ҳақида ўзим ҳам ўйлайман. Чунки вақт ўтган сари баъзи клипларимни кўрсам, ўзимга ‘Шу менми?’, деган саволни бераман. Шунчалик ‘гламур’ санъаткор бўлганман. Шахсан мен бу ўзгаришни ота-онамнинг бизга ҳалол едиргани самараси деб биламан», — дейди у.

 

Шунингдек, у Юлдуз Усмонованинг 22 йилдан бери сақлаб келаётган нарсасини кўрсатганди. Юлдуз Усмонова 2000 йилдаги концертини «Юлдуз Шоу» номи остида катта қилиб ўтказган. Шунда меҳмонларга статуетка берган. Манзура бундай нарса ҳеч кимда йўқлигини таъкидлади. Ўша пайтда Манзуранинг продюсери Юлдуз Усмоновага ҳам концерт бойича продюсерлик қилган.

«Бу нарса ҳеч кимда йўқ. 2000 йил Юлдуз Усмонова катта шоу қилган. Шунда ‘Yulduz shou’ қилинди ва бу статуетка меҳмонларга берилди. Менинг продюсерим Юлдуз опага ҳам концерт бўйича продюсер эди. Шунинг учун, мен мунтазам равишда Юлдуз Усмонованинг олдида бўлганман. Мен Юлдуз Усмоновани жуда ҳурмат қиламан», — дейди у.