Интервью

Диёрбек Бекжонов «Аристократлар» концертида қандай қийин вазиятлар бўлганини айтди

«Шоу қилишни бошлаш керак», — дейди у

Диёрбек Бекжонов «Аристократлар» концертида қандай қийин вазиятлар бўлганини айтди

«Аристократлар» жамоаси аъзоси, актёр, телебошловчи Диёрбек Бекжонов YouTube’даги «Intervyu Tv» лойиҳасига берган интервьюсида концерт дастурида қандай қийин вазиятлар бўлганини айтди.

Диёрбек Бекжоновнинг сўзларига кўра, саҳнага тепадан тушиб келиш жараёни у учун қийин бўлган. Бироқ актёр шундай чиқишлар орқали концертни шоуга айлантириш кераклигини айтди. Концертга чиқишдан 1 кун олдин жамоа аъзоларига арқонда чиқишга рухсат берилмаган. Телебошловчи бу муаммони яхшилик билан ҳал қилинганини таъкидлади.

«Ўша тепадан тушиб келдик. Биз ‘Аристократлар’ни бошидан шоу қилиб ўрганганмиз. Нимадирни ёқиб, сувларни тошириб ёки бошқа нимадир қилмасак, кўнгил жойига тушмайди. Шоу қилиш учун тепадан тушиб келадиган бўлдик. 5 та арқон бор эди. 3 тасини бошда жойдан олганмиз. Шунинг учун ранги бошқача бўлиб қолган.

Тепага чиқишнинг ўзи муаммо бўлди. Техник хавфсизлик сабаб рухсат берилмади. Лекин шоу қилишни, oддий нарсалардан секин қочишни бошлаш керак. Бизнинг чет давлатлардан ҳеч қандай кам жойимиз йўқ. Кейинроқ бу муаммони яхши томонга ҳал қилдик. Тепага чиқиш мумкинмаслигини концертдан 1 кун олдин айтилган. Биз вазиятни тушунтирганмиз ва пастроқда туришимизни айтганмиз. Тепага чиққанда, оёғингизда нарса туради. У оёқнинг оғирлиги ҳисобига оёқни уйиштириб қўяди. Оёқ уюшганда, мияга ёқмайдиган таъсир қилади. Шунга ўхшаш қийин вазиятлар бўлди», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Диёрбек Бекжонов одамларга «Тўй» саҳнаси ёққанини ва шу сабабли концерт айнан шундай номланганини айтганди.

Шунингдек, Алишер Узоқов «Аристократлар» жамоасининг саҳнадаги қилаётган иши профессионалликка тўғри келмаслигини таъкидлаганди.