Янгиликлар

Пляж, бульвар, эски шаҳар: Бокунинг ҳар бир сайёҳ ташриф буюриши керак бўлган масканлари — суратларда

Озарбайжонда ХХ асрнинг 70 йилларида нефть «портлаши» юз берган

Пляж, бульвар, эски шаҳар: Бокунинг ҳар бир сайёҳ ташриф буюриши керак бўлган масканлари — суратларда

Озарбайжон пойтахти Боку ўзининг ғайриоддий архитектураси билан бошқа собиқ иттифоқ шаҳарларидан жуда фарқ қилади. Бу мамлакатда ХХ асрнинг 70 йилларида юз берган нефть «портлаши» билан боғлиқ. Ўшанда ғазна ва деҳқонларга тегишли кўплаб ерлар нефть эгаларига ижарага берилган.

Ўзбекистонликлар учун Озарбайжонга кириш визасиз, фақат чет эл паспорти билан амалга оширилади. Мамлакатда 90 кунгача визасиз бўлиш мумкин. Тошкентдан Бокуга ҳафтасига бир неча марта тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилади.

Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон Давлат туризм агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур давомида «Bugun.uz» мухбири Бокунинг энг муҳим диққатга сазовор жойларини бориб кўриб, Каспий денгизи соҳилидаги пляжда ҳам бўлди.

Катта бульвар ва тоғли парк

Приморск бульвари — Каспий денгизи кўрфазининг жанубий томонидаги боғ. У Озодлик майдонидан бошланиб, ғарбдан Эски шаҳаргача ва ундан ташқарида давом этади. Узунлиги 16 километрни ташкил этувчи боғни 26 километргача узайтириш режалаштирилган.

Озарбайжонлик муҳандис Маммад Ҳасан Гажинский 1909 йилда уни такомиллаштириш ташаббуси билан чиққан. Бокулик хайрихоҳлар ва шаҳар ҳокимияти моддий ёрдам кўрсатган. 2009 йилда бокуликлар боғнинг 100 йиллигини нишонлаган.

Қуш учадиган баландликдан қараганда бутун шаҳарни ва тоғ-боғдаги бульварни кўриш мумкин. У меъмор Лев Ильин томонидан кўп рангли маҳаллий оҳактошдан қурилган. Бу ерда хиёбонлар, зинапоялар, очиқ осмон остидаги театр, кутубхона, кафе, совет аскарига ўрнатилган ёдгорлик билан бирга туркий услубдаги эски масжид сақланиб қолган.

Боғ ҳудудида 1990-1992 йиллардаги Қорабоғ урушида ҳалок бўлган «Қора январь» қурбонлари хотирасига барпо этилган шаҳидлар хиёбони ҳам бор.

Эски шаҳар

Ичери-шеҳер (таржимада эски шаҳар) — Бокудаги тарихий-меъморий қўриқхона бўлиб, у ХII асрнинг яхши сақланиб қолган истеҳком деворлари билан ўралган. 22 гектар майдонда 1200 дан ортиқ оила истиқомат қилади.

Ҳудуддаги энг муҳим меъморий ёдгорликлар Қиз минораси ва Ширвоншоҳлар саройи мажмуаси ҳисобланади. Қиз минораси нима учун қурилгани ҳалигача номаълум. Аммо тахминларга қараганда, у юлдузларни кузатиш учун расадхона сифатида қурилган. Унинг деворлари қалинлиги 5 метр, баландлиги эса 28 метрни ташкил қилиб, 1900 йилларда маёқ сифатида ишлатилган.

Ширвоншоҳлар саройи ХII–ХV асрларда қурилган бўлиб, сарой, девонхона, ҳамом, масжид, мақбара, сўфий Сайид Яҳё Бакувий масжидини ўз ичига олган. Шамаха шаҳри Ширвоншоҳлар пойтахти бўлган, аммо кучли зилзиладан кейин пойтахт Бокуга кўчирилган. Ширвоншоҳлар сулоласи 1538 йилгача ҳукмронлик қилган ва атиги 44 та ҳукмдор бўлган. Ширвон Тўхтамиш ва Амир Темур томонидан ҳужумга учраган. Ширвоншоҳ Шайх Иброҳим Усмонли султони Боязидга қарши урушда Темур томонида қатнашган, 1400 йилда Темур Сурияга кириб келганида унга ҳамроҳлик қилган. Темур вафотидан кейин Ширвон мустақилликка эришган.

Шунингдек, эски шаҳарда Қиз минорасидан унча узоқ бўлмаган жойда Жума масжиди жойлашган. У 1899 йил бошида қадимий Жума масжиди ўрнида қурилган. Янги бино янги форсча услубда қурилган. Бинода ХV асрга оид минора ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, «Бриллиант қўл» фильмида бош қаҳрамон тасодифан йиқилиб тушиб, «Жин урсин!» иборасини қўллаган кўча ҳам Бокуда жойлашган бўлиб, айнан шу кўча МДҲ давлатларидан келган сайёҳлар орасида жуда машҳурдир.

Пляж

Боку пляжларининг аксарияти қумли, фақат баъзиларида шағал ва тошлар бор.

«Bugun.uz» мухбири Каспий денгизини кўриш учун «Sea Breeze» пляжига борди. У Нардарон қишлоғида, яъни шаҳар ташқарисида жойлашган. Бокудан машинада борганда тахминан 45 дақиқа узоқликда жойлашган. Кириш нархи 20 манат (тахминан 13 доллар). Нархга соябон, қуёш креслоси, душ, кийиниш хонаси киради. Бу ерда волейбол майдони ҳам мавжуд.

Ҳайдар Алиев маркази

Ҳайдар Алиев маркази — 2012 йилда Ҳайдар Алиев даҳасида қурилган маданият маркази. Қурилиш лойиҳаси 2007 йилда дунёга машҳур архитектор Заҳа Ҳадид томонидан ишлаб чиқилган. 2014 йилда у дунёдаги энг яхши бино деб топилган. Бино ичида аудиториум (конгресс маркази), музей, кўргазма заллари, маъмурий идоралар, ресторан ва кафе мавжуд. У Озарбайжоннинг учинчи президенти Ҳайдар Алиев номи билан аталган. Бинонинг майдони 5,75 гектарни ташкил қилади.

«Озарбайжон дурдоналари» марказининг кўргазма залларида мамлакат тарихи ва маданий меросини акс эттирувчи экспонатлар, иккинчи қаватдаги «Мини-Озарбайжон» залида эса 45 та тарихий-меъморий ёдгорлик макетларини кўриш мумкин. «Озарбайжонга хуш келибсиз» залида Озарбайжон тарихи, маданияти, санъати ва табиати намойиш этилади. Тўртинчи қаватда жойлашган бошқа хонада Озарбайжон ошпазлик санъати фотосуратлар орқали тақдим этилади.

Марказ ичида Ҳайдар Алиев музейи жойлашган бўлиб, унда Озарбайжон тарихининг турли даврлари, Ҳайдар Алиев ҳаёти ва фаолияти фото ҳамда видео материаллар орқали намойиш этилган.

Зиёратгоҳ ва Биби-Эйбат масжиди

Биби-Эйбат — Озарбайжоннинг Шихово қишлоғида, Боку кўрфази соҳилида жойлашган шиа масжиди. У пойтахт яқинида жойлашган. Бино 1998-1999 йилларда ХIII асрнинг иккинчи ярмида Ширвоншоҳ Абу-л-Фатх Фарруҳзод томонидан қад ростлаган шу номдаги масжид ўрнида қурилган.

Масжиднинг майдони 1400 квадрат метр бўлиб, 3 қаватдан иборат. Бир вақтнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ одамни сиғдира олади. СССРнинг худосиз беш йиллик режаси давомида масжид 1936 йилда портлатилган. 1999 йилда қайта қурилган.

Бу ерда Муҳаммад пайғамбар оиласининг тўрт нафар вакили дафн этилган. Тўртбурчак ёғоч панжаранинг ўртасида Укеймахонимнинг Эйбат исмли хизматкори дафн этилган, шунинг учун масжид «Биби-Эйбат» — «Эйбат хола» деб номланган. Масжиднинг ўнг томонида ноиб Муҳаммад Ҳакимхонимнинг авлоди дафн этилган. Зиёратчилар бу зиёратгоҳга келиб, қабрни уч марта айланиб, тилакларини айтиб, дуо ўқийди.

Масжидга 1850 йилларда Александр Дюма ташриф буюрган, ўзининг «Кавказ» китобида у масжид бепушт аёлларнинг саждагоҳи экани, улар бу ерга пиёда келиб, дуо ўқиб, бир йил ичида туғиш имкониятига эга бўлишини таъкидлаган. Озарбайжон шоираси Хуршудбану Натаван бу ерга ташриф буюриб, фарзандли бўлишни ният қилган.

«У Аллоҳдан фарзанд сўраган ва Унинг раҳмати эвазига зиёратгоҳга йўл қуришга ваъда берган. Орадан бир йил ўтиб, Аллоҳ унга ўғил ато этган. У эса барча мусулмонлар учун эски шаҳардан зиёратгоҳга қадар йўл қурдирган», — дейди Бухоронинг Мирараб мадрасаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясини тамомлаган масжид имом-хатиби Ҳожи Нозим «Bugun.uz» мухбири билан суҳбатда.