Юлдузлар

Жаноб Расулдан Достон Эргашевгача: интернетда машҳур бўлганларнинг «бирров»и қанча?

Қуйида уларнинг нархлари ҳақида маълумот берилади

Жаноб Расулдан Достон Эргашевгача: интернетда машҳур бўлганларнинг «бирров»и қанча?

Қуйида келтириладиган ижодкорларнинг клиплари кўпинча телевизор орқали намойиш этилмайди. Улар, асосан, ижтимоий тармоқлар орқали ўз ижодини мухлислари билан баҳам кўради. Уларнинг видео кетма-кетлиги YouTube’да миллионлаб кўрилади. Шунга яраша хонандалар тўй хизматлари учун ўзига «ставка» белгилаб олган. «Daryo.uz» уларнинг «бирров» нархлари ҳақида маълумот берди.

Жаноб Расул

Хонанда Жаноб Расул тахаллуси билан ижод қилувчи Расул Саитчанов 1987 йил 21 июнда Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида туғилган. Бу тахаллус унга мухлислари томонидан берилган. Чунки хонанда илк клипида Раж Капурнинг «Жаноб 420» фильмига тақлид қилган. Жаноб Расул ижодни бошлаганидан 10 йил ўтгачгина танилган. Бунга «Cаптива» қўшиғи сабаб бўлган. Ҳозирги кунда у Хоразм, Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги энг талабгир хонандаларидан бири ҳисобланади.

Жаноб Расул Тошкент шаҳридаги тўй хизматига 2000-2500 долларга келади. Хоразмдаги тўйларга эса 1000-1200 долларга чиқади. Бироқ хонандани тўйга таклиф этиш учун камида икки ой аввал бўш кунни банд қилиш зарур.

Жалолиддин Аҳмадалиев

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев 1992 йил 12 сентябрь куни туғилган. Унинг «Она, сени унутганим рост», «Ёр биздан кетди», «Менда қолмади дил», «Тупроқдан бўлгансан, тупроқ бўласан», «Эҳ жўралар», «Хавотирдаман», «Дадамнинг соясида» каби қўшиқлари халқ орасида танилишига сабаб бўлган.

У ҳозирги кундаги тўй хизматларида энг талабгир хонандалардан бири ҳисобланади. Хонанданинг пойтахт тўйларидаги «бирров»и 1000 долларига баҳоланади. Водийдаги хизматларда эса бу нарх икки баробаргача ортиши мумкин. Жалолиддин Аҳмадалиев тўйларда фақат жонли ижрода куйлагани сабаб шунга яраша ўзига нарх белгилаган. У хизматларга ўзи билан бирга ўндан ортиқ созандаларни ҳам олиб боради.

Осман Наврўзов

Хонанда Осмон Наврўзов 2013 йилда ижодини бошлаган. У ўша пайтда туркман тилидаги қўшиқларни куйлаган. Аммо ҳеч бир қўшиғи омадли чиқмаган. Беш йил давомида шу ҳолат такрорлангандан сўнг Осмон Наврўзовнинг ҳафсаласи пир бўлган. Шундан сўнг дўсти сабаб «Любимая» қўшиғини куйлаган. Осман Наврўзовнинг пойтахтдаги «бирров»лари 1500 долларига баҳоланмоқда. Хоразм ва Қорақалпоғистондаги хизмат ҳақлари эса тўйхона манзилига қараб баҳоланади.

Гулинур Эгамберганова

Хонанда Гулинур Эгамберганова 1994 йил Хоразм вилоятида туғилган. У ҳеч қандай мусиқага ихтисослашган коллеж ёки олийгоҳда ўқимаган. 2013 йилда ижод қилишни бошлаган хонанданинг «Жўжи қоро», «Балиқчам», «Сан ўйна» ва «Попурри» каби қўшиқлари машҳур. Улар YouTube’да бир неча миллион марта томоша қилинган. Гулинурнинг Тошкентдаги «бирров»лари 1000 доллари ташкил қилади.

Муҳаммад Зиё

Хонанда Муҳаммад Зиё 1993 йил Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. Хонанда «Сизда ҳам пул кўпайиб кетди» қўшиғи орқали танилган. У 12 ёшидан буён тўй-ҳашамларда хизмат қилишин бошлаган. У пойтахт тўйларидаги «бирров»ини 450-500 долларига баҳолайди. Водийдаги тўйлар нархи эса 800 долларини ташкил қилади.

Достон Эргашев

Хонанда Достон Эргашев 1992 йили Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида дуёга келган. У болалигидан торли чолғуларни чалиб, қўшиқ айтишга қизиққан. Достон Эргашев «Уйланамиз», «Кўзмунчоғим», «Дада», «Эй дўстим» каби қўшиқлари билан эл эътиборига тушган. У Тошкентдаги «бирров»ларга 500 долларидан камига бормайди. Вилоят тўйларидаги нархлар эса ўзгариб туради.