Янгиликлар

Интернетни «портлатган» Asalhoney ким эди ва у ҳақда нималар маълум?

Shoubiz.uz маълумотлар хронологиясини тақдим этади

Интернетни «портлатган» Asalhoney ким эди ва у ҳақда нималар маълум?

Интернетда Asalhoney номи билан танилган Асал Хўжаева ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқала бошлаганидан сўнг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати 18 март, жума куни унинг вафотини тасдиқлади. «Shoubiz.uz» у билан боғлиқ содир бўлган воқеалар хронологиясини тақдим этади.

Дастлаб, у ҳақдаги хабарлар 2020 йил тарқала бошлаган. Asalhoney 2020 йил 5 майда ўзи яшайдиган уйда бир эркак ҳужумига учраган. Шу куни соат тахминан 20:15 да Мирзо Улуғбек тумани 2-сонли ИИБнинг навбатчилик қисмига фуқаро Д.П. мурожаат қилиб, Мирзо Улуғбек тумани Марказ-1 мавзесида яшовчи, интернетда Asalhoney номи билан танилган аёлнинг хонадонидан шубҳали шовқин-суронли овозлар эшитилаётгани ҳақида хабар берган. Юқоридаги ҳолат юзасидан воқеа жойига етиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон 1-отряди ходимлари жабрланган фуқаро яшовчи уйнинг кириш-чиқиш йўлагидан чиқиб, ходимларни кўриб воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилган эркакни ушлаган.

Туман 2-сонли ИИБ Жиноят қидирув бўлимида гумон қилинувчининг шахсига ойдинлик киритилганда, у Тошкент шаҳар Учтепа тумани Пешқадам кўчасида яшовчи Я.А. экани, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланган.

«Ходимлар юқорида кўрсатилган манзил бўйича уйга киришганда, у ерда яшовчи Х.М. (интернетда Асалҳоней номи билан танилган аёлнинг ҳақиқий исм-шарифи бош ҳарфлари) оғзи, қўли ва оёқлари скотч билан боғланган ҳолда танаси ва юзидаги турли жароҳатлар билан топилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дея хабар берган Ички ишлар вазирлиги.

Шундан сўнг Asalhoney’нинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида юз берган воқеа юзасидан видеохабар қолдирган. У гумон қилинувчи ижтимоий тармоқда жабрланувчининг катта миқдордаги пул билан тушганини тасвирларини кўриб, шу пулларга эга бўлиш мақсадида унинг уйига келгани ва унга ҳужум қилганини таъкидлаган.

Кейинчалик ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилган. Унга кўра, талончилар жабрланувчининг уйига кириб олиш учун гул етказиб бериш хизматидан келганликлари, «доставка» қоғозига имзо қўйиш зарурлигини айтган. Асалҳоней эшикни очиши билан уни уриб, ичкарига кирган ва унга таҳдид қилиб, скотч билан боғлаган, унинг 220 АҚШ доллари ҳамда бир миллион сўм миқдоридаги пулларини олган. Тезкор ҳаракатлар натижасида талончилар воқеа жойида қўлга олинган. Жиноятни 1993 йилда туғилган, муқаддам судланган, Тошкент шаҳрида яшовчи А. ҳамда унинг шериги 1993 йилда туғилган, Тошкентда яшовчи Б. билан тил бириктириб амалга оширишга уринган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Шунингдек, бу воқеалардан сўнг 2020 йил ноябрь ойида Asalhoney яна интернетни «портлатди». 2020 йилнинг 31 октябрь куни фуқаро Мурод Абдуллаев Асалҳонейга қўнғироқ қилган. Йигит суҳбат давомида Асал Хўжаевага қилаётган ишлари яхши эмаслиги, ёшларнинг онгига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган. Аммо Асал Хўжаева эркакнинг сўзларига ҳақорат билан жавоб қайтарган. Шунингдек, қўнғироқ жараёнини видеотасвирга олиб, Инстаграмʼдаги ўз саҳифасига жойлаштирган. Ўз навбатида, ушбу видеотасвирлар интернет орқали тарқалгач Мурод Абдуллаевга турли одамлар қўнғироқ қилиб, уни ҳақоратлаган. Жабрланувчи мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судига шикоят қилган.

Суд воқеани батафсил ўрганиб чиққан. Суд қарорига кўра, Хўжаева Асал Матёқубовна Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбдор деб топилган. Асал Хўжаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида, яъни 4 460 000 минг сўм жарима жазоси, шунингдек, 183-моддага асосан узил-кесил 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Кейинчалик шу йили 4 ноябрь куни 5 суткалик маъмурий қамоқ билан жазоланган Асалҳоней қамоқхонадан бошқа жойда ўтириб онлайн чиқиш қилгани ҳақида хабарлар тарқалган, соат 23:00 дан ўтгач эса унинг қамоқдан озод қилинаётганига акс этган видео эълон қилинган. Тошкент шаҳар Маъмурий суди Кассация инстанцияси қарори билан унга нисбатан тайинланган жазо ўзгартирилгани маълум бўлган.

Бунга асос сифатида судланувчининг 2010 йилда туғилган фарзанди борлиги ва айни вақтда у боланинг ягона боқувчиси эканлиги кўрсатилган. Шу муносабат билан, Кассация инстанцияси Асал Хўжаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан тайинланган қамоқ жазосини модда санкциясида белгиланган жарима (БҲМнинг уч баробари — 669 минг сўм миқдорида) жазоси билан ўзгартиришни, шунингдек, кодекснинг 41-моддаси билан тайинланган жарима (4 460 000 сўм) жазосини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган ва у 5 суткалик маъмурий қамоқ жазосидан дарҳол озод қилинган.

Кейинчалик 2020 йил 17 ноябрь куни Асал Хўжаева Тошкент шаҳар ИИБ Хотин-қизлар билан ишлаш бўлимида профилактик суҳбатдан ўтган. Асалҳоней ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига турли беҳаё видеоларни жойлаштиришни давом этган. Профилактик суҳбат давомида у бу каби видеоларни нима сабабдан тарқатганига изоҳ берган:

«Ноябрь ойида Маъмурий суд томонидан қамоқ жазоси берилди ва у жаримага ўзгартирилиб, муддатидан олдин озодликка чиқарилдим. Кейин иккинчи масала, мен ҳеч қанақа видео тарқатмаганман, шахсан ўзим ҳеч қаерга қўймаганман ва бу видео 2018 йилда Сочида туширилган видео. Видеони мени ‘сочингни 10 кундан бери ювмайсан’, чўмилиш кийимида тушганимиз учун ‘кўкрагинг осилиб кетибди’, деб ғуруримга тегадиган гаплар билан ҳақорат қилгани учун ҳаммомда сочимни ювиб кўрсатиб, жўнатган видеомни менга қарши чиқариб юборишган. Ким ва нима мақсадда чиқариб юборганини билмайман.

Бундан олдинги расмлар, бировни жалб қилиш учун эмас, дўконни реклама қилиш учун эди. Бизнинг шартномамиз бор эди. Ўша ич кийимини реклама қилиб берганим учун менга пул берган. Пул учун майли деб расмга тушиб берганман. Ҳозир у қиз ишламаяпти, товар олиб келолмаяпти, фарзандли бўлгани учун у ишини қила олмаяпти.

Моддий етишмовчилик оқибатида шу йўлга кириб кетганимдан жуда ҳам пушаймонман. Ўзбек аёлларига хос бўлмаган юриш-туришимдан афсусдаман. Анчадан буён бунақа иш билан шуғулланмаяпман, бу ҳақда олдин ҳам айтганман. Ўзи жанжал ҳам шунинг оқибатида келиб чиқди, одамлар мени безовта қиляпти. Бу иш билан шуғулланмаётганимни айтсам ҳам, одамлар мени безовта қилаётгани учун бу ҳолатлар келиб чиқяпти.

Мен тўғри яшаш тарзига ўтганман, бошқа бунақа ҳаракатлар такрорланмайди, халқдан узр сўрайман. Бу ишлардан пушаймонман, тўғри йўлга қайтдим, чунки қизим ўн ёшга кирди, ҳамма нарсани тушунади. Қизимнинг келажаги учун бу ишларни йиғиштирганман, бундан кейин вақтимни қизимнинг тарбияси билан шуғулланишга сарфлайман».

Профилактик суҳбатдан чиққан Асалҳоней Ўзбекистон халқига видеомурожаат йўллаб, барчадан узр сўраган.

«Ассалому алайкум, Ўзбекистон халқи, акаларим-сингилларим чиқиб кетган беҳаё расмларим, видеоларим учун сизлардан узр сўрайман. Бундан буён энди мен ҳаётимни онамга, фарзандимнинг тарбиясига бағишладим. Қилган ишларимдан афсусдаман. Бошга менга ёзманглар, илтимос, мени безовта қилманглар. Мен тўғри йўлга кирганман. Айниқса, бугун ИИБда Хотин-қизлар билан ишлаш билан бўлими ходими Мақсуда опа мен билан профилактик суҳбат ўтказди. Мен қилган ишларим нотўғри эканлигини тушуниб етдим, илтимос, мени тинч қўйинглар, безовата қилаверманглар. Мени кечиринглар», — дейди Асал Хўжаева.

Аввалроқ 2022 йил январь ойида Asalhoney уйида пичоқлаб кетилгани ҳақида турли хабарлар тарқалган эди. Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати бу ёлғон эканини айтган эди. Шунингдек блогер ҳам буни инкор этиб, тириклигини таъкидлаган. У Instagram саҳифасида бу туҳмат эканини айтган. Asalhoney’нинг сўзларига кўра, бу миш-мишдан кейин Telegram ва Instagram’и хабарларга тўлиб кетади.

Шундан сўнг 2022 йил 18 март куни унинг ўлдириб кетилгани маълум қилинди. Аниқланишича, 18 март куни Яшнобод тумани Махтумқули кўчасидаги уйда А.Х.нинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинади.