Янгиликлар

Юлдуз Усмонованинг эри унинг концертидаги қўполлигига муносабат билдирди — видео

Бу Мансур Агалиевга қаттиқ таъсир қилган

Юлдуз Усмонованинг эри унинг концертидаги қўполлигига муносабат билдирди — видео

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг турмуш ўртоғи, продюсери Мансур Агалиев унинг концертда қўполлик қилишига сабаб бўлган воқеага муносабат билдирди.

Унинг сўзларига кўра, хонанданинг қўполлик қилишига сабаб бўлган парда воқеаси унга қаттиқ таъсир қилган. Бир қиз ундан истеъмолчилик ҳуқуқини талаб қилган. Шунда Мансур Агалиев концертдан сўнг залдан чиқадиган 3-4 қоп баклажкалар ҳақида гапирди. Концерт аслида соат 19:00 да бошланиши керак. Бироқ улар томошабинлар жойлашиб олишини кутиб, кечроқ бошлайди.

«Охирги концертдаги парда воқеаси менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Битта қиз ‘биз истеъмолчимиз, бизнинг ҳуқуқимиз нима бўлади?’, деди. ‘Сиз истеъмолчи бўлсангиз, концертдан кейин келинг, концертдан сўнг концерт залидан уч ёки тўрт қоп баклажкалар чиқади. Истеъмолчи баклажкани нимага концертга олиб киради, нимага уни отади?’ Аслида соат 19:00 да концерт бошланиши керак. Биз истеъмолчилар жойлашиб олиши учун 19:20, 19:30, 19:40 гача концерт бошламасдан, уларнинг ўрнашиб олишини кутамиз ёки кутган бошқа санъаткорларни биламиз. Икки соат атрофида концерт бериш керак бўлган жойда, биз уч, тўрт соатлаб, талабларга биноан қўшиқ айтамиз. Буни ҳам инобатга олиш керак, менимча», — дейди Мансур Агалиев.

Шунингдек, у концерт тўлиқ жонли ижрода ўтишини таъкидлаб, томошабинларнинг шовқини хонандани чалғитишини айтди. Бир кишининг қилган шовқини сабаб унинг ёнида ўтирган инсон концертда ҳордиқ чиқара олмаслиги мумкин.

«Концерт дастуримиз тўлиқ жонли ижрода бўлади. Залда, орқада турганимда қизлар ўйнаб ‘горка-горка’ деб бақиряпти. Бу қанақа истеъмолчи ёки кимнинг истеъмолчиси? Фонограмма бўлса, тугмани босиб қўясиз, ҳеч қандай бақир-чақирга аҳамият бермайсиз, концертни тугатасиз, бўлди. Биз эса юз фоиз жонли ижрода концерт тақдим қиламиз, бундай ҳолатда ҳар бир кишининг ҳар қандай ортиқча товуши, ҳаракати, бошқа кишига ёқмаслиги ёки концертда маза қилиб ўтира олмаслигига олиб келиши мумкин. Концертда Юлдуз Усмонова бир қўшиқнинг мазмунини ёки қўшиқ яратилиши билан боғлиқ воқеани айтиб бераётган вақтида залдан бақириб, ‘ёнимизга келинг’, дейишади. Албатта, бундай вазиятда нафақат хонанда, балки бошқа мухлислар ҳам чалғийди», — дея таъкидлади у.

Мансур Агалиев Америкадаги концерт ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, АҚШда концерт ўз вақтида бошланган ва 1 дақиқа кеч қолганлар ҳам залга киритилмаган. Шу билан бирга, у ерда шовқин қилиш ҳам мумкин эмас. Агар шундай бўлса, ёнингизга келиб огоҳлантириш берилади. Мансур Агалиев концертни бақир-чақир қилмасдан тинчгина тинглаб кетиш керак деб ўйлайди.

«Бир марта концерт тугаган вақтда, бир аёл залдан кетмаяптида, ‘келиб ёнимда қўшиқ айтсин’, деб туриб олган вақтлар бўлган. Бунчалик одамни истеъмол қилиб юбормаслик керакда. Икки томонни ҳам ўйлаб, кейин хулоса қилиш керак. ‘Биз истеъмолчимиз’, дейишади, бўлди, истеъмолчи бўлсанг, аниқ тартиб билан барчанинг ҳаракат қилишини таъминла, концертга кеч қолмасдан аниқ вақтида кел. Қарсак икки қўлдан чиқади. Америкада концертга кирдим. У ерда 19:01 бўлганида ‘сиз кеч қолдингиз’, деб концертга киритишмади. Ёнимдаги одам гапираётганда келиб, ‘гапирманг’, дея огоҳлантириб кетди. Жонли ижродаги концертни ҳам жонли тинглашни билиш керак. Ҳеч бўлмаса, концертга келган бир истеъмолчи бошқа бир истеъмолчининг истеъмол ҳуқуқини поймол қилмасдан, бақирмасдан, тинчгина тинглаб кетиши керак, деб ўйлайман», — дейди Мансур Агалиев.

Аввалроқ концертдаги қўполлигига изоҳ берганди. Хонанда куйлаётган вақтда томошабинлар орасида шовқин кўтарилганини, бунга эса парда сабаб бўлганини таъкидлаган. Лекин концертни чиройли ўтказиб олганини қайд этган.

«Бугун иккинчи концерт жуда ажойиб бўлди. Ҳадеб бақир-чақир бўлди. Нимага бақир-чақир бўляпти, бақирма десам яна бақиради. Парда тиқилиб қолибди. Бир-бирининг устига ўралашиб қолибди. Кимдир тепага чиққан сал қолибди. Назар бор десам ишонасизми. Лекин чиройли ўтказиб олдик. Концертга келганларнинг ҳаммаси соғ-саломат, эсон-омон уйига етиб олсин», — дейди Юлдуз Усмонова

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Nilufar Usmonova (@nilufarusmonova)

Аввалроқ ушбу вазиятга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерасияси раиси ўринбосари Ином Тагаев муносабат билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳолат 12 март куни бўлиб ўтган.

«Кеча ижтимоий тармоқларда бугунги кунда Халқлар дўстлиги санъат саройида бўлаётган Юлдуз Усмонованинг концертида бўлган ҳолат бўйича маълум бир қисм кенг тарқалди. Бевостида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозига сабаб бўлди. Биз бу ҳолатнинг тўлиқ видеформатига эга эмасмиз. Лекин биз ҳам исмеъмолчи манфаат нуқтаи назаридан ўз муносабатимизни бериш мақсадида ҳолат бўйича танишдим. Ҳолат 12 март куни бўлган.

Хонанда қўшиқ айтиш жараёнида айрим томошабинлар томонидан саҳна пардасининг тўлиқ кўтарилмагани айтилган. Хонанда бу гапга тушунмаган ва яна куйлашни давом эттирган. Томошабинлар томонидан эса бир неча бор айтилган. Шунда хонанда қўшиқни тўхтатиб эътироз билдирган. Ҳолатни ўрганиб чиқдик. Бугун ‘Ўзбекконсерт’ давлат муассасасининг раҳбарияти билан боғландик. Чунки бунда лицензия берувчи ташкилот Ўзбек концерт. Бундан ташқари санъаткорнинг лицензия талаблари бор. Яъни одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш. Одоб қоидалари бузилган. Бундан ташқари, истеъмолчига қўпол муомала қилинган. Бу ҳолат бўйича раҳбарият билан гаплашдим, биз ‘Ўзбекконсерт’га хатимизни беряпмиз. Биз концертдан тўлиқ видеони оламиз. Якуний хулосамизни айтамиз», — дейди Ином Тагаев.

Юлдуз Усмонова саҳнада барча мухлисларидан жимлик талаб қилган. У жуда асабий ҳолатда мухлисларига бақирган. Маълум бўлишича, бир қатор аёллар парда охиригача кўтарилмагани учун жанжал кўтарган. Шундан сўнг Юлдуз Усмонова асабийлашган ва ҳаммадан тинчлик талаб қилган.

«Пулингизга ўн баробарини оляпсиз. Аёллар илтимос қиламиз, агар бунақа бўладиган бўлса кетавераман. Ўзларингни билиб ўтиринглар узоқ яқиндан келганлар. Бунақа ишингни бошқа концертда қиласан. Жим ўтирамиз. Чироқни бер залга бақираётганларнинг юзларини кўрайлик. Бошқа жойлада қиласиз бу ишингизни. Бақираётган ким эди , чиқин бу ёққа. Сиз бақираётганмидингиз, туриб келингчи буёққа, нима деяётган эдингиз. Парда бўлса менда эмаску айб. Концерт дедиларинг қўшимча беряпмиз», — дейди хонанда.

Шунингдек, ҳолатга Маданият вазирлиги ҳам муносабат билдириб, хонанданинг ҳам, томошабинларнинг ҳам айби борлигини таъкидлаган.

Вазирлик ахборот хизматининг берган маълумотларига кўра, шу куни ўтказилаётган концертда техник носозлик сабаб парда тўлиқ очилмай қолган. Шунда томошабинлар кескин норозилик билдирган. Юлдуз Усмонова эса буни ҳақорат дея тушунван ва ҳиссиётларга берилиб кетган. Таъкидланишича, хонанданинг бундай вазиятда ҳиссиётларга берилиши нотўғри. 

«Санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолай олиши, ўзини тута билиши, муомала маданияти, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, айниқса, саҳнада, мухлислар билан мулоқот жараёнида уларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, ҳурматини жойига қўйиши шарт. Бу унинг маънавий бурчи ҳисобланади. Маданият вазирлиги ушбу тартиб-қоидаларга зид равишда қилинган ҳатти-ҳаракатларни ҳеч қачон ёқламайди ва кескин қоралайди», дейилади хабарда. 

Бироқ, вазирлик томошабинларга ҳам танбеҳ бериш кераклигини, чунки улар жамоат жойида одоб-ахлоқ қоидаларини бузганини қайд этган. 

«Албатта, концерт-томоша жараёнларида томошабинлар чекига тушадиган масъулият ҳам борки, юртдошларимиз масаланинг ушбу жиҳатига ҳам эътибор қаратишлари зарур. Яъни, санъаткордан маданият талаб қиладиган, унга эътироз билдирадиган жамият, айни пайтда, жамоат жойида ўзини тутишни билмайдиган, этика қоидаларини қўпол равишда бузиб, омманинг маданий ҳордиқ олишига, кайфиятига салбий таъсир ўтказадиган ва халақит қиладиган томошабинларни тартибга чақириб, керак бўлса, уларга танбеҳ бериши ҳам лозим. Шунда ҳаммаси адолатдан бўлади», — дейилади муносабатда.