Интервью

Рэпер Конста ойлик даромади қанча эканини маълум қилди — видео

Ҳозирги кунга келиб унинг 100 дан ортиқ треки мавжуд

Рэпер Конста ойлик даромади қанча эканини маълум қилди — видео

Ёшлар орасида танилаётган рэпер, Конста тахаллуси билан танилган ижодкор Шариф Абдуллаев YouTube’даги «Биз билмагандик» лойиҳасига берган интервьюсида ойлик даромади қанча эканини айтди.

Конста ойлик даромади ўқитувчиларнинг ўртача тўртта ойлигига тенг эканини ва баъзида ундан камроқ бўлишини айтди.

«Ойлик даромадим ўқитувчи топадиган даромаднинг тўртта ўртачаси. Баъзида эса шу миқдорнинг 2 та ёки 3 таси. 20 ёки 15 миллион. Харажатим эса 5 ёки 6 миллионга яқин», — дейди Конста.

Аввалроқ Конста даромади ҳақида гапириб, неча пулга қўшиқ матнини ёзиб беришини айтган эди.

Рэпернинг сўзларига кўра, унинг даромади қўшиқлари, буюртма эвазига ёзадиган матнлари ва рекламалар ҳисобидан келади. Шунингдек, у даромади ўзини қониқтиришини таъкидлади. Конста бир қўшиқ матнини 2-3 миллион сўм эвазига ёзиб беради. Агар қўшиқ тўлиқ унинг муаллифлиги асосида ёзилса, 5 миллион даромад кўради.

«Яхши пул топаман. Битта матн ёзиб беришим 2 миллион сўмдан бошланади. Узоғи 3 миллион сўм бўлади. Агар қўшиқнинг тўлиқ муаллифлигини олсам 5 миллион сўмдан бошланади. Ҳар доим бир хил нархда юраман. Санжай акага сотганман. Уммондаги Шоҳруҳга ёзиб берганман. Блогерлардан эса Тимур Алихонов, Abu vines’га ёзиб берганман. Ҳозир даромадим матн ёзиб беришдан иборат, шунингдек, рекламалардан ҳам пул келади. Кўпроқ ашула чиқарсам кўпроқ пул келади», — дейди у.

Маълумот учун Конста, яъни Шарифжон Абдуллаев 1992 йил Гулистон шаҳрида туғилган. 1999 йıл «Қувонч боғча» мактаб мажмуасига қабул қилиниб 2008 йил битирган. Кейинги ўқишини Тошкентда давом эттирган. Айнан шу коллеж даврида дўсти «Shady Man» Қубонали Мамадализода таклифи билан биринчи бор трек ёзган. Шундан сўнг 2011 йилгача у трек ёзиш масаласига жиддий қарамаган. Конста 2012 йил Москвага кетади. Узоқ ўйланишлар ва изланишлардан сўнг Конста образи яратилади. Констанинг биринчи треклари 2012 йил баҳорда тармоқда пайдо бўлган. Ҳозирги кунга келиб унинг 100 дан ортиқ треки мавжуд.