Интервью

«100 минг доллар беришни ваъда қилган». Отабек Муталхўжаев амалдор сабаб «запрет»га тушгани ҳақида

Хонанда бир амалдор сабаб «запрет»га тушган

«100 минг доллар беришни ваъда қилган». Отабек Муталхўжаев амалдор сабаб «запрет»га тушгани ҳақида

Актёр, хонанда Отабек Муталхўжаев YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида бир амалдор сабаб «запрет»га тушганини айтди.

Отабек Муталхўжаев бу воқеа 2007-2008 йилларда бўлганини айтди. Ўша вақтда хонанда ҳеч қандай ОАВларда ҳам, тўй-ҳашамларда ҳам иштирок этолмаган. Таъқиқ 7-8 ой давом этган.

«У амалдорнинг кимлиги айтилмаган. Ҳозир ҳам айтиш ниятим йўқ. Ўтган иш ўтиб кетди. Ростдан ҳам 8-9 ой давомида на радио, на телевидение, на газета-журнал, на тўй-ҳашамга чиқишга рухсат бўлмаган. Бу 2007-2008 йилларда бўлган. 2007 йил мен учун ютуқларга бой йил бўлган. Лекин бундай ҳолат ҳам бўлиб қолган. Ўшанда ҳеч ким бу нарсага аралашмаган, ҳал қилиб беролмаган. Лекин дил оғриган. Кейин ўша инсонларнинг ҳам хор бўлганини кўрдик. Бу ишга кўпчилик аралашганди. У пайтда менга бу нарса жуда қаттиқ таъсир қилган. Ҳозир бу нарса унчалик билинмаслиги мумкин. У пайтда мен ёш бўлганман. Чақалоққа яхши қарамасангиз, у қандай катта бўлади? Биз санъатни ичидаги ёшлар бўлганмиз. Биз ўсаётган жойимизда сув бермай тўхтатиб қўйган», — дейди хонанда.

Актёр у ерда хизматдан ташқари, бошқа мавзулар ҳам бўлганини айтди. Отабек Муталхўжаевга хизмат учун 100 минг доллар ваъда қилинган. Бироқ хонанда бировга қарам бўлиб қолишни истамагани учун бу таклифни рад этган ва «запрет»га тушган.

«У ерда хизматдан ташқари, бошқа мавзулар ҳам бор. Бу ерда инсоннинг ўзидаги нарсалар ҳам ётибди. У ерда одамга муте қилиб қўйиш бўлган. Сенга пул бериб чақиряпманми, керак бўлса, хизматимни қиласан. Ўша пайтдаги 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни беришни ваъда қилган. Биз ўша пул бизга керакмаслигини, ўзимиз ҳалол пул топишимизни айтганмиз. Пулни жойида қайтариб берганмиз. ‘Пулни олмасанг, бу ёғига кино кўрасан’, деган. Шу кино 9 ой давом этган. Ундан кейин бу каби ҳолатлар бўлмаган», — дейди Отабек Муталхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Обод Асомовнинг аёли Дилафруз Асомова эрининг «зепрет»даги ҳаёти ҳақида айтиб берганди.

Шунингдек, актриса Наргиза Абдуллаева таъқиққа тушишининг сабабини маълум қилганди.

Шу билан бирга, Шерали Жўраевнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраев марҳум биринчи Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова сабаб «запрет»га тушгани ҳақида гапириб берганди.

Аввалроқ Каниза «запрет»га тушгани ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритганди.