Янгиликлар

«Ўзим ёздим». Юлдуз Усмонова «Хаста бўлма» қўшиғига ёзилган янги шеърни ўқиб берди — видео

У бундан кейин ҳар бир қўшиғи учун муаллифлик ҳуқуқини талаб қилиши айтди

«Ўзим ёздим». Юлдуз Усмонова «Хаста бўлма» қўшиғига ёзилган янги шеърни ўқиб берди — видео

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Instagram саҳифасида «Хаста бўлма» қўшиғига янги шеър ёзганини маълум қилди.

У умрида биров билан талашмаганини айтди. Хонанда шеър ёзилгани билан китобда қолаверишини, уни куй орқали халқ қалбига кириб боришини таъкидлади. Юлдуз Усмонова қўшиқни турмуш ўртоғи ва яқинлари учун куйлаган. У қўшиққа ўзи қайтадан шеър ёзди ва уни обуначилари билан бўлишди.

«Ассалому алайкум. Вакцинадан кейин овозим бўғилиб қолган. Бу борада яхши янгиликларни айтиб қўяй. ‘Хаста бўлма’ қўшиғининг можаро бўлиб кетганини биласиз. Умримда биров билан талашишни ёмон кўрдим. Энди ҳар бир эринмаган одам этагинга осилаверса, этагингни кесиб қочиш пайида бўласан. Шеър ёзилса, китобда қолаверади. Нима бўлса, куй ва қалб билан бўлади. Мана шу қалб ёнади. Ундан кейин Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари чиқади. Ўзимнинг ҳаётим, Мансуржон, яқинларим учун яна бир бор шеърни ўзим ёздим. Олдинги қўшиқ ҳам улар учун айтилганди. Фикр учун шу болани чақирган бўлсам, шеърлар 80-90 йиллардаги қоғозга ёзилганди. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Нимагадир миямга уриб қолди. Ёзиб юрган одам ёзаверади. Нечта қўшиғимни бошқалар айтган бўлса, ҳеч бири билан суглашмадим. Агар мен муаллифлик ҳуқуқи билан яшайдиган бўлсам миллионер бўлиб кетардим. Айтгани учун хурсанд бўлаверганман. Қўшиқнинг шеърини ўзим ёздим. Нимани ҳис қилган бўлсам, шуни ёздим», — дейди у.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Yulduz Usmonova (@yulduzibragimovnausmonova)

Шунингдек, хонанда шеърида кўплаб туркий сўзлардан фойдаланган. У мусиқага шеър ёзадиган хонандалар жуда камчиликни ташкил қилишини айтди. Юлдуз Усмонова бундан кейин шоирлар билан эҳтиёт бўлиб муомала қилишини ва ўз қўшиқларига муаллифлик ҳуқуқини талаб қилишини таъкидлади.

«Биласиз, ҳаста бўлма сўзи туркий сўз. Шунинг учун бу ерда кўпи туркий сўзлар. Мусиқага шеър ёзадиган жуда саноқли шоир бор. Халқ шоирлари ҳам мусиқага ёзмайди. Мен уни ёзган одам шоир эмаслигини билганман. Қўшиқ чиққандан кейин машҳур бўлиб кетди. Шеърни ёзиб токчага олиб қўйсангиз ҳеч ким олиб ўқимайди. Куй билан айтилган нарса қалбларг киради. Саноқли Новоийшунослар бор. Лекин мақом қилиб айтилганлари халқ қалбига киради. Сўз муҳим нарса лекин уни куй билан етказиб берилади. Бундан кейин у каби шоирлар билан эҳтиёт бўлиб ишлаяпмиз. Шеърларнинг кўпчилигини ўзим ёзиб қўяман. Баъзида ҳижолат бўлганимдан, шоирлар билан ишлайман. Ҳар бир қўшиқда мен ёзган 4 қатор нақарaти туради. Бундан кейин ҳар бир қўшиғимга ўзим муаллифман. Демак, замон шуни талаб қиляпти. Мен ҳам композитор, ҳам қўшиқчиман. Яхши хит қўшиқларининг биринчи нақароти ёзилади. Азизларим, муборак бўлсин. Буни сал-пал ўзимга келгандан кейин янгидан айтиб чиқаман. У шеърни судда ютганда ҳам қайта айтмасдим. Буни бошқатдан янги сўзлар билан айтишга қарор қилдим. Бу қўшиқнинг алоҳида презинтацияси бўлади», — дейди хонанда.

Аввалроқ, шоир Йўлчи Рўзиев «Хаста бўлма» қўшиғининг яралиш тарихи ҳақида гапириб берганди. Унинг сўзларига кўра, шеър 2016 йилда ёзилган. Шоир ўша пайти журналистикада ўқиб юрганини ва фотиҳа қилинган қизи оғир бетоб бўлиб қолганини айтди. У шеърни айнан ўша вазиятдан таъсирланиб ёзган. Шеър 4 дақиқада ёзилганин ҳамда барча ижтимоий саҳифаларига жойланган.

Юрист Саидали Мухторалиев Юлдуз Усмонова ва ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоир ўртасидаги суд иши ҳали ҳам давом этаётганини маълум қилганди. Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик суди Усмоновадан шоир фойдасига унинг «Хаста бўлма» номли шеъридан фойдаланишда муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун товон пули ундириш ҳақида қарор чиқарганди.

Кейин хонанда томонидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритилган. 18 январь куни апелляция суд иши бўлиб ўтганди. Суднинг ажримига кўра, даъвогарнинг Юлдуз Усмановага нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 29 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.