Янгиликлар

Уч нафар ижодкорнинг асарларидан шартнома тузмасдан фойдаланиш тақиқланди

Тақиқ 1 августдан кучга кирган

Уч нафар ижодкорнинг асарларидан шартнома тузмасдан фойдаланиш тақиқланди

Ижодкорларнинг асарларидан лицензия шартномаси тузилмасдан фойдаланиш 1 августдан бошлан тақиқланди. Бу ҳақда Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси маълум қилди.

Палатанинг расмий Telegram каналида бу ҳақда хабар қолдирилган. Унга кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов, Ўзбекистон халқ артисти, Навоий мукофоти совриндори Шерали Жўраев ва Абдурауф Олимов асарларидан лицензия шартномаси тузмасдан ҳар қандай шаклда ва усулда фойдаланиш тақиқланади. Уларнинг асарларидан оммавий фойдаланиш, тарқатиш ва барча оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва турли ижтимоий каналлар, платформалар ва веб-сайтларда жойлаштириш мумкин эмас. Шунингдек, тақиқ асарлардан оммавий тадбирлар ва тантаналарда фойдаланишга тааллуқли.

Мазкур тақиқлар «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунига ва Фуқаролик кодексига (1034-модда) мувофиқ амал қилади. Муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини бузиш, уларнинг асарларидан ноқонуний фойдаланиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хуршид Расулов «Нега сендан кечиб бўлмайди?» қўшиғи сабаб муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланганди. Ушбу қўшиқнинг шеъри шоира Гужамол Асқарованики бўлиб, 1994 йил «Саодат» журналида эълон қилинган. Илк бор 1998 йилларда наманганлик Ўринбой Нуралиев қўшиқ қилиб куйлаган. Таронани 2002 йилларда Ҳосила Раҳимова ҳам ижро этган ва илк концертини «Нега сиздан кечиб бўлмайди?» деб номлаган.

Гулжамол Асқарова 2019 йилда Самарқанддан қайтаётганида хонанда Хуршид Расулов шу шеърни такрорий сатрларини куйлаётганини эшитиб қолган. У ўзининг шеъри бузиб куйланганини сезган. Шундан сўнг хонанданинг админстратори билан боғланган. Кейин эса унга Хуршид Расуловнинг ўзи алоқага чиққан ва шеър ёқиб қолгани учун 20 йил излаганини таъкидлаган. Муаллифни топа олмагач, бошқа бир танишига сўзларини ўзгартириб ёздирган.

Шоира шу воқеалардан кейин улар билан талашмаган. Бироқ ҳозирда интелектуал мулк ҳимояси яхши тарафга ўзгарганини айтиб, муаллифлик ҳуқуқи учун ундирилган пулларни ҳайрия қилмоқчи эканини таъкидлаган. Бироқ Гулжамол Асқарова Facebook’даги пости остида ҳазиллашганини ёзиб қолдирган.

Шунингдек, Жалолиддин Аҳмадалиевнинг «Айёр дўстларим» қўшиғи шоир Беҳзод Фазлиддиннинг шеъридан олингани маълум бўлди. Шоир ушбу шеърни 2012 йилда ёзган. Бу масала бўйича иш очилган ва хонанда жавобгарликка тортилган. Қўшиқ Жалолиддин Аҳмадалиевнинг YouTube саҳифасидан ўчилишига қарамай, тарона ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.

«Бир шеърим кўчирмакашлик йўли ‘Айёр дўстларим’ қўшиғи билан ўғирланиб, қўшиқ қилиб айтилгани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ж. Аҳмадалиев ижросидаги ‘Айёр дўстларим’ қўшиғида ‘Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз…’ деб бошланувчи шеър (Беҳзод Фазлиддин. ‘Кутмаган кунларим, кутган кунларим’ китоби, 2012 йил) ўзлаштирилиб, рухсатсиз фойдаланилган. Шу шеър асосида гўё янги бир шеър ‘яратилган’ ва қўшиқ қилинган. Ушбу қўшиқ интернетда YouTube платформасида ва кўплаб сайтларда тарқалган.

Мазкур ҳолат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигида ўрганилиб, муаллифлик ҳуқуқи бузилгани, асардан қонунга хилоф равишда фойдаланилгани аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 177(1)-моддаси биринчи қисми бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.

Иш Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида кўрилди. Ж.Аҳмадалиев маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қўшиқ YouTube’даги каналлардан олиб ташланди. Шунга қарамай, бу қўшиқ ҳали ҳам интернет тармоғида тарқаляпти, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари давом этиб келмоқда.

Айни кунларда иш фуқаролик ишлари бўйича судга ошириляпти.

Маълумот ўрнида: ‘Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида’ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Мазкур қонуннинг 65-моддасида ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлаши белгиланган. Маънавий зарар ҳам назарда тутилган.

Худди шу қўшиқни яна бир хонанда ‘Ҳушёр дўстларим’ номи билан ижро этган экан. Бу қўшиқ билан боғлиқ ҳолат эса ўрганиляпти.

Муаллифлик ҳуқуқи ҳақида қайта-қайта эслатаётганимизга қарамай, ҳамон ижод намуналаримиз ўғирланаётгани, шеърларимиз рухсатсиз қўшиқ қилинаётгани, сўзлари бузилиб ижро этилаётгани, ҳатто бутунича бошқалар номидан ўзлаштирилаётгани ҳақида эшитиб қоляпмиз. Бу каби ҳоллар бизни жуда чарчатди. Кескин чора кўришга мажбур бўляпмиз.

Кўпчиликка маълум, бир неча йил аввал ижод ўғрилари, кўчирмачи қаламкашлар ва қўшиқчилар билан судлашишгача борганмиз, оқибатда улар жавобгарликка тортилган.

Борган сари жиддий муаммога айланаётган бу каби масалаларга кўз юмиб кетиб бўлмайди. Қолаверса, бу йўл билан келгуси ўғрилигу ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига маълум маънода таъсир ўтказиш, шу билан бирга, хонандалар ҳамда уларнинг тарғиботчиларини сўз ва ижод масъулиятини ҳис қилишга ундаш нияти бор эди.

‘Ўзбекконцерт’ мутасаддилари ҳам бу масалага жиддийроқ эътибор қаратади, деб ўйлаймиз», — дейилади хабарда.