Интервью

Шамсиқамар Мансурова қайси роли сабаб эри билан ажрашишгача борганини айтди — видео

Актрисага бу роль машҳурлик олиб келган

Шамсиқамар Мансурова қайси роли сабаб эри билан ажрашишгача борганини айтди — видео

Актриса Шамсиқамар Мансурова «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида унга машҳурлик келтирган роли сабаб эри билан ажрашишгача борганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «Баҳор қайтмайди» фильмидаги Клара образи унга 1 кунда машҳурлик келтирган. Актриса вилоят ёки туманларга борганда ҳалигача уни Клара деб чақиришларини айтди. Бироқ Шамсиқамар Мансурова айнан шу роли сабаб шахсий ҳаётида муаммолар бўлганини ҳам таъкидлаб ўтди. Актриса Клара образи сабаб эри билан ажрашиш даражасигача борган. Шамсиқамар Мансурова ишлайдиган театрдаги ёши катта отахон ва онахонлар уларни яраштириб қўйган. Шундан сўнг ҳам актрисанинг эри уни ишдан бўшатиб олган. У эса 3 йил давомида санъатдан узоқлашган. Шамсиқамар Мансурова айнан ўша давр у учун қийин ўтганини айтди. Актрисанинг эри турмуш ўртоғининг қийналганини кўргандан кейин уни ўзи театрга қайтариб олиб борган..

«’Баҳор қайтмайди’ видеофильмида кичик образ яратганман. Ўша мени бир кунда машҳур қилган. Ҳозиргача туман ёки вилоятларга чиққанда, ўзимнинг исмимни эмас, ‘Клара келибди’, дейишади. У пайтда мен ёш бўлганман, ўзимга яраша гўзаллигим бўлган. Турмуш ўртоғим машҳур бўлганимга кўника олмади. Олдин эрим билан бирга юрардик. Шу фильмдан кейин у мендан 10 қадам олдинда юрадиган бўлди. Ажрашадиган даражага етганмиз. Мен билан 3 ой гаплашмаган. Театрнинг катта отахон ва онахонлари эримни чақириб, ‘Ўзинг актрисага уйланишингни билгансан. У ҳаётда бундай эмаслигини биласан’, деб гапириб, яраштириб қўйишган. Лекин шунда ҳам кўника олмасдан мени ишдан бўшатиб олган. 3 йил уйда ўтирганман. Шу вақт ичида қийналганимни кўриб, ўзи бориб мени ишга қайтариб келган экан. Турмуш ўртоғимнинг ўзи театрга олиб келган. 44 йилдан бери шу театрда қимирламай ишлаяпман», — Шамсиқамар Мансурова.