Янгиликлар

Хуршид Расулов муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланди

Бунга «Нега сендан кечиб бўлмайди?» қўшиғи сабаб бўлган

Хуршид Расулов муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланди

Хонанда Хуршид Расулов «Нега сендан кечиб бўлмайди?» қўшиғи сабаб муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланди.

Ушбу қўшиқнинг шеъри шоира Гужамол Асқарованики бўлиб, 1994 йил «Саодат» журналида эълон қилинган. Илк бор 1998 йилларда наманганлик Ўринбой Нуралиев қўшиқ қилиб куйлаган. Таронани 2002 йилларда Ҳосила Раҳимова ҳам ижро этган ва илк концертини «Нега сиздан кечиб бўлмайди?» деб номлаган.

Гулжамол Асқарова 2019 йилда Самарқанддан қайтаётганида хонанда Хуршид Расулов шу шеърни такрорий сатрларини куйлаётганини эшитиб қолган. У ўзининг шеъри бузиб куйланганини сезган. Шундан сўнг хонанданинг админстратори билан боғланган. Кейин эса унга Хуршид Расуловнинг ўзи алоқага чиққан ва шеър ёқиб қолгани учун 20 йил излаганини таъкидлаган. Муаллифни топа олмагач, бошқа бир танишига сўзларини ўзгартириб ёздирган.

Шоира шу воқеалардан кейин улар билан талашмаган. Бироқ ҳозирда интелектуал мулк ҳимояси яхши тарафга ўзгарганини айтиб, муаллифлик ҳуқуқи учун ундирилган пулларни ҳайрия қилмоқчи эканини таъкидлаган. Бироқ Гулжамол Асқарова Facebook’даги пости остида ҳазиллашганини ёзиб қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санжай ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланганди. Санжай қўшиқни куйлашдан олдин Усмон Аъзим билан гаплашганда, шоир муаллифлик ҳуқуқини Шерали Жўраевга сотганини айтган. Шунингдек, хонанда ижтимоий тармоқларда судда ютқазиб, жаримага тортилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Хонанданинг сўзларига кўра, судга апелляция берган. Бу иш яна кўриб чиқилгандан кейин аниқ жавоб бўлишини айтди.

«Ассалому алайкум, азиз дўстлар, мухлислар ва бутун ўзбек халқи. Менинг ҳозирги мурожаатим Ўзбекистонда яшайдиган барча ака-ука, опа-сингилларимизга. Азиз дўстлар, ватандошлар, қачонгача биз бу юртда бир-биримизни кўролмай, бир-биримизнинг оёғимизга болта уриб яшаймиз? Кимдир йиқилиб тушса, ўлганга чиқариб юборилади. Ҳамма эмас. Гап эгасини топади. Мен айтмоқчи бўлган гапим, ‘Карвон’ қўшиғига суд бўлди, Санжарга фалон сумма жарима қўйилибди’, деб айтяпти. Тўғри суд бўлди. Шундай жарима қўйилди лекин ҳали суд тугагани йўқ.

Суд тугамасдан туриб, ҳар хил бўлар-бўлмас блогерлар турли маълумотларни чиқариб ташлаяпти. Биз апелляцияга берганмиз. Худо хоҳласа яна суд бўлиб, бу нарсалар кўриб чиқилади. Ундан кейин қандайдир жавоб бўлиши мумкин. Ҳозир айтмоқчи бўлганим, баъзи бир шоирларга. Гап бўлиши мумкинмас. Зўр шоирсиз. Усмон Аъзим Ўзбекистон халқ шоири ҳисобланади. Лекин сизлар шеърнинг у томонини ҳам бу томонини ҳам кўринг. Бу шеър ёзилганига 40 йил бўлибди. Уни Усмон Аъзим ёзганми ёки бошқами шахсан менга қоронғу. Чунки мен Усмон Аъзимга телефон қилганимда, Санжар ака муаллифлик ҳуқуқлари Шерали Жўраевга сотилган деб айтган. Одам эркак бўлиши, бир гапда туриши керак. Мен телефон қилиб гаплашганимда, ‘Мен бу қўшиқни унга сотганман’, деб айтган», — дейди хонанда.

Хонанда Усмон Азим учун 4,5 миллион сўм танга йиғганини маълум қилганди. Усмон Азим Санжайдан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган. Шунинг учун хонандага 100 миллион сўм миқдорда жарима солинган. Санжай ўз Instagram саҳифасида шу пулнинг 4,5 миллион сўм миқдорини тангадан йиғганини маълум қилди.

«Шоир Усмон Азимга тангалар йиғиляпти. 100 млн сўм жарима тўлаб беришим керак. Тангаларни ҳисобласак 1,5 тонна бўлар экан. Ҳаммасини йиғиб, шоирга етказамиз. МИБдан телефон қилиб, пулни қачон етказасиз, деб сўрашяпти», — дейди Санжай.

Шунингдек, Жалолиддин Аҳмадалиев ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланганди. Шоир ушбу шеърни 2012 йилда ёзган. Бу масала бўйича иш очилган ва хонанда жавобгарликка тортилган. Қўшиқ Жалолиддин Аҳмадалиевнинг YouTube саҳифасидан ўчилишига қарамай, тарона ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.

«Бир шеърим кўчирмакашлик йўли ‘Айёр дўстларим’ қўшиғи билан ўғирланиб, қўшиқ қилиб айтилгани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ж. Аҳмадалиев ижросидаги ‘Айёр дўстларим’ қўшиғида ‘Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз…’ деб бошланувчи шеър (Беҳзод Фазлиддин. ‘Кутмаган кунларим, кутган кунларим’ китоби, 2012 йил) ўзлаштирилиб, рухсатсиз фойдаланилган. Шу шеър асосида гўё янги бир шеър ‘яратилган’ ва қўшиқ қилинган. Ушбу қўшиқ интернетда YouTube платформасида ва кўплаб сайтларда тарқалган.

Мазкур ҳолат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигида ўрганилиб, муаллифлик ҳуқуқи бузилгани, асардан қонунга хилоф равишда фойдаланилгани аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 177(1)-моддаси биринчи қисми бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.

Иш Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида кўрилди. Ж.Аҳмадалиев маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қўшиқ YouTube’даги каналлардан олиб ташланди. Шунга қарамай, бу қўшиқ ҳали ҳам интернет тармоғида тарқаляпти, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари давом этиб келмоқда.

Айни кунларда иш фуқаролик ишлари бўйича судга ошириляпти.

Маълумот ўрнида: ‘Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида’ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Мазкур қонуннинг 65-моддасида ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлаши белгиланган. Маънавий зарар ҳам назарда тутилган.

Худди шу қўшиқни яна бир хонанда ‘Ҳушёр дўстларим’ номи билан ижро этган экан. Бу қўшиқ билан боғлиқ ҳолат эса ўрганиляпти.

Муаллифлик ҳуқуқи ҳақида қайта-қайта эслатаётганимизга қарамай, ҳамон ижод намуналаримиз ўғирланаётгани, шеърларимиз рухсатсиз қўшиқ қилинаётгани, сўзлари бузилиб ижро этилаётгани, ҳатто бутунича бошқалар номидан ўзлаштирилаётгани ҳақида эшитиб қоляпмиз. Бу каби ҳоллар бизни жуда чарчатди. Кескин чора кўришга мажбур бўляпмиз.

Кўпчиликка маълум, бир неча йил аввал ижод ўғрилари, кўчирмачи қаламкашлар ва қўшиқчилар билан судлашишгача борганмиз, оқибатда улар жавобгарликка тортилган.

Борган сари жиддий муаммога айланаётган бу каби масалаларга кўз юмиб кетиб бўлмайди. Қолаверса, бу йўл билан келгуси ўғрилигу ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига маълум маънода таъсир ўтказиш, шу билан бирга, хонандалар ҳамда уларнинг тарғиботчиларини сўз ва ижод масъулиятини ҳис қилишга ундаш нияти бор эди.

‘Ўзбекконцерт’ мутасаддилари ҳам бу масалага жиддийроқ эътибор қаратади, деб ўйлаймиз», — дейилади хабарда.