Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев телеканаллардаги сериаллар ҳақида гапирди

«Оқила қизларимизга кўнглимдаги бир фикрни айтмоқчиман», — дейди Президент

Шавкат Мирзиёев телеканаллардаги сериаллар ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев хотин-қизларга бағичланган йиғилишда телеканалларда намойиш этилаётган сериаллар ҳақида гапирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

Йиғилишда бугун телеканалларда намойиш қилинаётган сериалларда хотин-қизлар образи жуда юзаки, салбий бўёқларда тасвирланаётгани юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилди. Бундай ҳолатлар дунёқараши ҳали шаклланмаган қизларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Мутасаддиларга ибратли хотин-қизлар образлари акс эттирилган юксак бадиий, кино ва саҳна асарлари яратиш чораларини кўриш, бунинг учун ижодкорларга мақсадли грантлар ажратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Шу ўринда, оқила қизларимизга кўнглимдаги бир фикрни айтмоқчиман. Бугун биз очиқ жамиятда яшаяпмиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, илғор ғояларни ўзлаштиришимиз керак. Лекин, миллий қиёфамизга путур етказадиган иллатлардан эҳтиёт бўлишимиз, ўзлигимизни йўқотмаслигимиз шарт», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, ибо-ҳаё, поклик, сабр, шукроналик, илмга интилиш сингари эзгу қадриятларни тарғиб қиладиган мобил иловалар ва интернет платформаларини яратиш муҳим экани таъкидланди.