Янгиликлар

«Гўрингизга орқалаб кетишингиз мумкин». Азиза Ёқубова «Бола тилидан» кўрсатувидан нега кетганини маълум қилди — видео

Кўрсатув ижодкорлари уни қайтаришга ҳаракат қилган

«Гўрингизга орқалаб кетишингиз мумкин». Азиза Ёқубова «Бола тилидан» кўрсатувидан нега кетганини маълум қилди — видео

Телебошловчи, актриса Азиза Ёқубова Instagram саҳифасида «Бола тилидан» кўрсатувидан кетганини маълум қилди.

Азиза Ёқубова кўрсатув сабаб ўзига нисбатан туҳматлар, тазйиқлар бўлганини айтди. Актрисанинг сўзларига кўра, эндиликда кўрсатувни ёпишга ҳаракат қилиняпти. «Бола тилидан» кўрсатувида ишловчи Ҳилола исмли қиз изоҳларда уч оғиз гап ёзганлиги сабабли, турли хил бўҳтонлар қилиб, 11 кун терговда ушланган. Унга шу пайт давомида сув ва овқат берилмаган. Телебошловчи шу каби сабабларни деб, кўрсатувдан кетишга қарор қилган.

«Қадрли обуначиларим, сизлар билан бир янгиликни бўлишмоқчиман. Мен ‘Бола тилидан’ кўрсатувида қатнашаётганимдан бошлаб менга ҳар хил туҳматлар, тазйиқлар, турли хил кераксиз гаплар бўлаётганди. Майли, уларни қўя турайлик, ана энди кўрсатувни ёпишга ҳаракат қилиняпти. Энг ачинарлиси, менга келишга ақли етмасдан кўрсатувимиздаги бир соддагина Ҳилола деган ёрдамчи қизимизга уч оғиз изоҳда фикр билдиргани учун ҳар хил туҳмат, иғволар қилиб, уни асоссиз 11 соат терговда сувсиз, овқатсиз ушлаб, уни таҳқирлаб, унга маънавий зарар етказиб, унга руҳий босим ўтказишди. Биз бу нарсани керакли ташкилотларга шикоят билан мурожаат қилдик. Мана шу нарсаларга чек қўйиш, яқинларимни ҳимоя қилиш мақсадида мен ‘Бола тилидан’ кўрсатувини тарк этаман. Бу кўрсатувни тарк этишни хоҳлаётганлар, aгарда, гўрингизга орқалаб кетишнинг иложи бўлса, кўрсатув сизга. Орқалаб кетишингиз мумкин», — дейди Азиза Ёқубова.

Шунингдек, Азиза Ёқубова «Бола тилидан» режиссёри Санжар Маткаримов ва кўрсатув ижодкорларидан кўрсатувдан кетгани учун узр сўради. У жамоа аъзоларининг ишларига ривож тилади.

«Кўрсатув ижодкорларидан, айниқса, кўрсатувимиз режиссёри Санжар Маткаримовдан ўзимнинг узримни сўрайман ва миннатдорчилигимни билдираман. Сизлар жуда зўр ижодкорсиз, яхши инсонсиз. Сизлар билан жуда маза қилиб ишладим. Болажонлар, сизларни ҳам жуда яхши кўраман. Яқинларимни ҳимоя қилиш мақсадида шу фикрга келдим. Санжар ака сиздан бесўроқ бу нарсани эълон қилмоқчи бўлдим. Чунки сизга бир неча маротаба айтгандимда, бу нарсани рад қилдингиз. Инсонларга, негативчиларга сиз билан ўртамизда ҳеч нарса йўқлигини исботлаш мақсадида, болаларимнинг шаъни ва кўрсатувимиз ижодкорларини ҳимоя қилиш учун мен кўрсатувни тарк этаман. Яхши-ёмон гапларим бўлса, узр сўрайман. Ҳали бирга кўп ижод қиламиз. Ишингизга ривож. ‘Бола тилидан’ энг зўр кўрсатув. Ҳеч қачон тўхтаб қолманг,» — дейди актриса.

Шу билан бирга, «Бола тилидан» кўрсатувининг Instagram’даги саҳифасида Азиза Ёқубовадан кетмаслиги сўраб, сторис жойланган.

«Азиза бундай қилманг. Биз бир жамоамиз ва биргаликда ҳамма тўсиқларни енгиб ўтамиз. Сиз кўрсатув давом этиши учун кўр ишлар қилдингиз. Фикрингиздан қайтинг. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади», — деб ёзилади «Бола тилидан» кўрсатувининг Instagram саҳифасида.

Аввалроқ, Актриса Азиза Ёқубова Руҳшона олиб бораётган «Бола тилидан» кўрсатувини энди у олиб боришини айтганди. Юзга яқин шоу-бизнес вакиллари мазкур кўрсатувга бошловчилик қилиш учун кастингга келган. Бироқ кастингда у танланган.

Шунингдек, у YouTube’даги «Shok.uz» лойиҳасига берган интервьюсида «Бола тилидан» кўрсатуви ҳақида Рухшона билан бўлган суҳбатини кўрсатганди. Унда Руҳшонадан кўрсатувга таклиф қилгани учун миннатдорчилик билдирган. Актрисага Рухшонанинг мазаси бўлмагани учун вақтинчалик бошқа бошловчи танлашётганини айтган.

Руҳшона октябрь ойининг бошида «Бола тилидан» кўрсатувидан кетганини маълум қилганди. Бунга эса турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов билан ажрашаётгани сабаб бўлган. Орадан кўп вақт ўтмай кўрсатувга янги бошловчи сифатида актриса Азиза Ёқубова қабул қилинган.

Азиза Ёқубова «Бола тилидан» кўрсатувига чақирилганда, Санжар Маткаримовнинг ажрашгани 1 ой бўлган. Актриса уларнинг ажралишига алоқаси йўқлигини ва ундай аёлларга ўхшамаслигини таъкидлади. Шунингдек, бошловчи ҳозирда ҳейтерларни топиш қийинмаслигини, қонунда чора борлигини таъкидлаб ўтганди.