Янгиликлар

Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалида учта янги йўналиш очилади

Келишувга Россия Маданият вазирлиги раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган

Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалида учта янги йўналиш очилади

Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалида учта янги йўналиш очилади.

Бу ҳақда Россия маданият вазири Ольга Любимова, Сергей Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти ректори Владимир Малишев ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори, институтнинг Тошкент филиали Васийлик кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов ўртасида ўтказилган учрашув давомида келишиб олинган. Учрашув Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалида бўлиб ўтган.

Таъкидланишича, келишувга Россия Маданият вазирлиги раҳбарияти ва Бутунроссия давлат кинематография институти ректорининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган. Ольга Любимова ва Владимир Малишев университетнинг моддий-техник базаси, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишган, улар билан учрашув ўтказган, шунингдек, истиқболдаги режаларни муҳокама қилган.

Любимова Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институти филиалининг очилишини Россия ва Ўзбекистон кинематографияси ривожи учун энг муҳим воқеа деб атаган.

«Ушбу қарор икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан қабул қилинган. Президентларимизнинг кинематографияга эътибори, ардоқли муносабати соҳанинг ривожи учун жуда муҳим ҳисобланади. Ушбу ташаббус туфайли Ўзбекистонда кинематогрфия соҳаси қайта тиклана бошлади», — дея таъкидлаган Ольга Любимова.

Бундан ташқари, Россия Маданият вазири олий таълим муассасаси талабалари билан учрашиб, уларни филиалнинг очилиши ва биринчи ўқув йилининг якунланиши билан табриклаган.

«Сиз танлаган йўл жуда ҳам машаққатли. Фақатгина ўз ҳаётини киносиз тасаввур қила олмайдиган инсонларгина ушбу йўлни босиб ўта оладилар. Сизларга охиригача боришингизни, зўр мутахассис сифатида шаклланишингизни тилайман. Сизларни ва фильмларрингизни кутиб қоламиз. Тақдим этилаётган имкониятлардан иложи борича унумли фойдаланинг», — деган Россия маданият вазири талабалар билан учрашувда.

Кинематография агентлиги бош директори ва институтнинг Тошкент филиали Васийлик кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов эса Тошкент филиалининг яқин келажакдаги режалари ҳақида маълумот берган.

«Бугунги учрашувда биз Россия Маданият вазирлиги ва ВГИК раҳбариятига ўз имкониятларимизни намойиш қилдик ва шу орқали уларни учта янги йўналиш — актёрлик санъати, кино ва телевидение режиссёрлиги ҳамда кинооператорлик йўналишларини очиш зарурлигига ишонтирдик. Янги йўналишлар кейинги ўқув йилидаёқ очилади. Ташриф давомида бу борада келишувга эришилгани жуда ҳам муҳим воқеа ҳисобланади. ВГИК раҳбарияти бизга ушбу йўналишлар бўйича малакали ўқитувчилар базасини шакллантиришига ваъда берди”, — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Бутунроссия давлат кинематография институти ректори Владимир Малишев Бутунроссия давлат кинематография институти университет мақомини олганини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистонга ташрифдан кўзланган мақсадлар ҳақида ҳам гапирган.

Унинг таъкидлашича, ишчи ташриф доирасида кўзланган мақсадлардан бири — бу маҳорат дарсларини ўтказиш учун моҳир киноижодкорларни олиб келиш бўлган. Улар орасида Кино фонди ижрочи директори, «АМА Кинокопанияси» МЧЖ бош продюсери, «КИНОПРАЙМ» фонди ижрочи директори Антон Малишев ва «Стелла» ижодий студияси бош директори, «ВГИК-Дебют» МЧЖ бош директори, Россия кинематографиясини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Золотой Орёл» киноакадемияси академиги, «НИКА» киноакадемияси академиги, Россия продюсерлар гилдияси бошқаруви аъзоси, Россия «Оскар» қўмитаси аъзоси Федор Поповлар бўлган.

Владимир Малишевнинг сўзларига кўра, ташриф филиални янада ривожлантириш масалаларини жойида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган. Июль ойида таълим муассаси талабаларни қабул қила бошлайди. Шунингдек, у Президент ташаббуси билан Кинематография агентлиги томонидан Бутунроссия давлат кинематография институти Тошкент филиалининг очилишини жуда катта ҳодиса деб атаган.

«Маълумки, кўп ғоялар фақат қоғозда қолиб кетади, лекин мана кўриб турибмиз, бу филиалнинг очилиши амалиётда кечди ва ишонаманки, келгусида кинематография соҳасида етук, малакали кадрлар етиштириб беради. Бу борада тажрибали педагогларнинг ҳам ўрни катта. ВГИК талабаларга шунчаки диплом бермайди, балки кучли мутахассис тайёрлайди. Ташрифимиз ана шундай мутахассислар сонини оширади, келгусида Кинематография агентлиги билан ҳамкорликни янада кучайтирамиз. Талабалар учун яратиб берилаётган шароитлар учун Ўзбекистон ҳукумати ва Кинематография агентлиги раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Филиалда сифатли таълим олиш учун керак бўлган барча шароитлар яратилган», — деган Малишев.

Аввалроқ Кинематография агентлиги директори Бутунроссия кинематография институти ректори билан учрашгани хабар қилинганди.