Интервью

Дурдона Қурбонова Феруза Норматова билан муносабатлари қандайлигини айтди

Актриса ҳеч кимга нисбатан душманлиги йўқлигини айтди

Дурдона Қурбонова Феруза Норматова билан муносабатлари қандайлигини айтди

Актриса Дурдона Қурбонова ҳамкасби Феруза Норматова билан муносабатлари қандайлигини айтди.

Улар «Миллион» жамоасининг 2018 йилнинг баҳордаги концертида бирга чиққан. Шундан сўнг актрисалар орасида гап-сўз бўлган. Дурдона Қурбонова Феруза Норматованинг муомаласига яраша жавоб қайтарганини таъкидлади. Бироқ актрисанинг ҳозирда ҳамкасбига нисбатан душманлиги йўқ.

«Ўша пайтда унда ҳам кўп гап-сўзлар бўлган. Аниқ нима бўлганини билмайман. Сизни кимдир итарса, унга ёпишавермайсиз-ку. Саломга алик олинади. Муомаласига яраша муомала олган. Лекин ҳозирги кунда унга нисбатан душманчилигим ҳам, ортиқча гапим ҳам йўқ. Тўғри маънода қарайман», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дурдона Қурбонова «Миллион»даги ролига отасининг муносабати қандайлигини айтганди. Дурдона Қурбонова оила аъзолари санъатга тушунишини айтди. Бошқаларнинг фикри эса актрисани қизиқтирмайди. Бироқ Дурдона Қурбонова вақт ўтгач, ўзининг хатоларини кўришни бошлаганини таъкидлади.

«Отам ‘Миллион’даги чиқишимни тўғри қабул қилган. Уйимдагилар санъатни тўғри қабул қилади. Бошқалар қандай қабул қилишига қизиқиб ҳам кўрмаганман. Лекин йиллар ўтиб ўзимнинг хатоларим ўзимга кўринишни бошлади. Тўғрисини айтаман ўша пайтда гапирган гапларимни тушуниб тушунмай гапирганман», — дейди у.

Аввалроқ Дурдона Қурбонова яна «Миллион»дан таклиф тушса қандай жавоб қайтаришини айтганди. Дурдона Қурбонова Instagram саҳифасида обуначилари билан савол-жавоб ўтказди. Ундан кузатувчиларидан бири «Миллион» жамоаси яна бирга ишлаш таклифини берса, қандай жавоб қайтариши ҳақида сўраган. Актриса бу таклифни рад этишини айтиб, асалнинг ҳам ози ширин бўлишини таъкидлаган.

«Ёлғон. Йўқ, асални ҳам ози ширин», — деб ёзади Дурдона Қурбонова.