Янгиликлар

Хонзода «Браво»дан кетишига нима сабаб бўлганини айтди

«Ҳаётимда туб бурилиш ясаган», — дейди у

Хонзода «Браво»дан кетишига нима сабаб бўлганини айтди

Актриса, вайнер Ханна тахаллуси билан танилган Хонзода Қамбарова «Браво» жамоасидаги фаолиятини тўхтатишга нима сабаб бўлганини айтди.

Актриса фаолиятини 2014 йилда «Мен ёлғончиман» фильмидан бошлаган. Бу унинг ҳаётида туб бурилиш ясаган. Шундан сўнг 2017 йилда «Саодат» сериалида роль ижро этган ва 1 миллион сўм гонорар олган. Хонзода 2019 йили «Браво» жамоаси билан саҳнага чиққан бироқ кузда турмушга чиққанидан сўнг фаолиятини тугатишга мажбур бўлган.

«2014 йили ‘Мен ёлғончиман’ номли фильмда суратга тушганман. Бу ҳаётимда туб бурилиш ясаган. 2017 йили Зарина Низомиддинова билан ‘Саодат’ сериалида суратга тушиб, бир миллион сўм гонорар олганман. Ундан кейин ‘Браво’ кулги жамоасига таклиф этилганман. 2019 йили жамоа билан катта саҳнага чиқиш бахтига муяссар бўлдим. Афсуски, куз ойида турмушга чиққанимдан кейин ижодий режаларим ўзгарди. Келинларнинг съёмкаларга бориши мумкин эмаслигини айтишгач, уйда вайнерлик фаолиятимни ривожлантиришга эътибор қаратдим», — деб ёзади блогер.

Аввалроқ Умид Ҳайдаров «Браво»дан таклиф тушса қандай жавоб қайтаришини айтганди. Унинг сўзларига кўра, «Браво» жамоасидаги йигитлар ўзининг ҳаддини билади. Актёр агар шундай таклиф билан чиқишса, бу таклифдан чиройли фойдаланишини айтди. Қизиқчи уларга йўқ деб жавоб беришини таъкидлади.

«Яна ўша гап: инсон ўзини ҳаддини билиши керак. ‘Браво’ жамоасидаги йигитлар ўзининг ҳаддини билади. Аминманки, улар ҳар қандай вазиятда ҳам бундай таклиф билан чиқмайди. Кино, сериал ёки рекламага чақириши мумкин, бироқ жамоага эмас. Агар шундай бўлса, мени кечиришсин, боя улар ҳақида тўғри фикр билдирдим, гапимни нотўғри тушунишмасин-у, лекин мен бундан чиройли фойдаланаман. Яъни, чиройли йўқ, дейман», — дейди Умид Ҳайдаров.

Шунингдек, Шаҳло Зоирова «Браво»дан четлаштирилгани ҳақида миш-мишлар тарқаганди. Маълум бўлишича, Шаҳло Зоированинг тўй хизматлари кўплиги боис унинг ўрнига актриса Наргиза Салмонова жамоага қабул қилинган. «Браво» кулги жамоасининг концерт ташкилотчиси Абдулазиз Хўжамуродовнинг сўзларига кўра, актриса жамоанинг куз ойида берадиган концерт дастурида ҳам иштирок этади.

«Май ойидаги гастроль сафарлари бўйича апрель ойининг сўнгги кунларида аниқ тўхтамга келдик. Шаҳло Зоированинг тўй хизматларини эса одамлар бир неча ой аввал банд қилиб қўйишади. Аслида Шаҳло опам хориждаги концертларга боришни истаганди, аммо шунча тўй эгаларига вазиятни тушунтириш, уларни рози қилиш осон эмас. Кейин хорижликлардан аввал ҳамюртларимизнинг хизматларини қилиш керак, деган тўхтамга келдик. Вазият шуни тақозо қилгани учун Шаҳло Зоирова Тошкентда қолди. Унинг ўрнига Наргиза Салмонова қабул қилинди», — дейди Абдулазиз Хўжамуродов.