Интервью

Аҳад Қаюм нега шоирликни ташлаганини айтди

У ҳозирда қўшиқ ёзадиган шоир йўқлигини таъкидлади

Аҳад Қаюм нега шоирликни ташлаганини айтди

Режиссёр, продюсер, актёр Аҳад Қаюм YouTube’даги «Telegram yulduzlari» лойиҳасига берган интервьюсида шоирликни тарк этганини айтди.

Аҳад Қаюм одамларнинг хаёлидан шоир сифатида ўчишни хоҳлайди. Бироқ режиссёр одамларнинг унинг шеърларини яхши кўришини ёқтиради. Актёр шоирлик билан оила боқиб бўлмаслиги, ҳозирда қўшиқ ёзадиган шоирлар йўқлигини айтди. Улар бўлса ҳам панада юрибди. Аҳад Қаюмнинг сўзларига кўра, одамларга муваффақиятга қараганда, мағлубият ҳақида гапириш кўпроқ қизиқ.

«Аҳад Қаюм деганда, одамларнинг хаёлига биринчи ўринда шеър келарди. Шуни йўқотиш учун ҳаракат қилдим. Аҳад Қаюм деганда, шоирми деган нарса менга умуман ёқмасди. Шоир сифатида ўрним борлиги, одамлар шеърларимни яхши кўришини ёқтираман. Бу бошқа ишларимга халал берарди. Бугунги кунда шеър билан рўзғорни боқиб бўлмайди. Охирги 5 йилликда мен бирорта шоирнинг шеър орқасидан рўзғор боқаётганини билмайман. Қўшиқ ёзадиган шоир майдонда бир дона ҳам йўқ. Бор. Пана-панада юрибди.

Шоирлик соҳасини бутунлай тарк этишни, йиғиштиришни, шоир деган номдан воз кечишни, ҳаттоки, одамлар эслолмайдиган даражада узоқлашишни хоҳлардим. ‘Бу шеър ёзганми?’, дейишини истардим. Кино, клип, сериал оламан ва бундан пул топаман. Мен шоирлик фаолиятимни тўхтатдим. Ўзимни медиада кўрдим. Мен шоуменман. Бу менга ёқади. Одамларга бизнинг хатомиз керак. Сен қанчалик шарманда бўлсанг, одамлар шунча хурсанд бўлади. Муваффақиятдан кўра, мағлубиятни гапириш кўпроқ қизиқ», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ актёр ижтимоий тармоқларда энди фарзандларининг суратини қўймаслигини айтган. Шоир ундан кейин фарзандларини хафа қилмасликни сўради. Аҳад Қаюм бу пиар эмаслигини таъкидлаб, ҳаммадан розилик сўраган.