Интервью

Нигора Каримбоева бир оғиз гапи сабаб «Олтин ҳумо»да бошловчилик қилолмаганини айтди

«Бу яна битта оғриқли нуқта», — дейди у

Нигора Каримбоева бир оғиз гапи сабаб «Олтин ҳумо»да бошловчилик қилолмаганини айтди

Актриса Нигора Каримбоева YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интевьюсида бир оғиз гапи сабаб «Олтин ҳумо» тақдирлаш маросимида бошловчилик қилиш имконини бой берганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу унинг оғриқли нуқтаси. Бошида актриса тадбирда бошловчилик учун танланган. Нигора Каримбоева рус тилида «Олтин ҳумо»ни олиб бориши керак бўлган. Сценарийни олиб таржима қилган ва унга тайёрланган. Репетиция куни вақтида етиб келган Нигора Каримбоева ҳамкасблари ҳали келмаганини кўради. У ўзининг матнини ўқиб бўлгач кетади.

«Бу яна битта оғриқли нуқта. Бир томондан кулгим, бир томондан йиғлагим келади. Чунки мени Матёқуб ака ‘Олтин ҳумо’га бошловчи сифатида таклиф қилди. ‘Нигора тадбирни рус тилида олиб бор чунки бизнинг бошқа давлатлардан меҳмонларимиз бор. Улар русийзабон’, деди. Хўп дедим. Сценарий берилди. Мен уни русчага таржима қилдим. Тайёрландим. Бир кун олдин репетицияга бордим. Ҳеч ким йўқ эди. Режиссёр ўтирибди. Матёқуб ака, бошқа ходимлар юрибди, бошловчилар йўқ. Бир нечта бошловчи бўлди. Бошида мен билан Рихситилла Абдуллаев, Дилноза Кубаева чиқиши керак. Ҳеч ким йўқ. Келдим матнларимни ўқиб бердим. Шундан кейин кетдим», — дейди актриса.

Нигора Каримбоевада бу ҳолат бир неча бор такрорланган. У ўзидан бошқа ҳамма репетицияга кеч қолиб келишини айтган. Лола Элтоева театрда иши бўлгани сабаб кеч қолган. Ўша пайти Нигора Каримбоева бундан кейин кеч қолиб келишини таъкидлаган. «Олтин ҳумо» тақдирлаш маросими бўладиган куни актриса тирбандлик сабаб тадбирга кеч қолган. Концерт татимагани учун ичкарига кирмасдан кетиб қолган.

«Эртаси куни эрталаб соат 10 га чақиришди. Вақтида етиб келдим. Яна ҳеч ким йўқ. Жаҳлим чиқди. ‘Улар нимага бундай? Соат 10 га дейилди келса бўлмайдими? Менинг ишларим бор’, деб бақирдим. Матёқуб ака унда матнингни ўқиб кетавер деди. Соат 11 бўлганда секин Рихситилла ва Дилноза келди. Лола Элтоева ҳаммадан биринчи келди. ‘Лола опа тавба қилдим. Қачон бу нарсадан қутуламан. Нимага мен айтилган вақтга келаман? Бу касаллик. Соат 10 дан бери ўтирибман. Ҳаттоки, сиз ҳам кеч қолдингиз’, дедим. Лола опа театрда иши бўлгани учун кеч қолган экан. Бу касаллик менга умуман ёқмайди. Кейинги сафар ҳаммадан кеч келаман дедим. Фаришталар шу гапимни олиб кетди. Ўша куни тирбандликда қолиб кеч қолдим. Машинада ўтириб йиғладим, увиллаб йиғладим. Кейин ойимга қўнғироқ қилдим, ойим ҳам менга қўшилиб йиғлади. Концерт татимади шунинг учун ичкарига кирмадим. Аслида биринчи қаторда жойим бор эди», — дейди у.

Аввалроқ Нигора Каримбоева «Sport» ва «Zo’r Tv»дан кетишининг сабабини айтганди. У иккала телеканалдан ҳам ўзига қилинган муносабат туфайли кетган. Актриса иккаласини ҳам сабабини очиқ айтмаган. Телебошловчи «Sport» каналида 2004-2014 йиллар давомида ишлаган. У ерга ишга киришига Рихситилла Абдуллаев сабабчи бўлган. Раҳбарият ўзгаргач, ўзига қилинган муносабат туфайли кетиш учун ариза ёзган. Бироқ актриса «Sport» каналини яхши кўришини, у ердан кетганидан афсусда эканини таъкидлаган. Бироқ актриса «Zo’r Tv» ҳақида бошқача фикрда. Унга ҳеч қаерда бундай муомала қилинмаган. Нигора Каримбоева ҳар гал «Zo’r Tv»нинг олдидан ўтганда, йиғлагиси келади. У бошқа кўрсатувларга меҳмон сифатида чақирилса ҳам рад жавобини берган.