Интервью

«Мени яхши кўришмаган жойда ишлай олмайман». Нигора Каримбоева «Sport» телеканалидан кетиши ҳақида

У каналдан кетганидан афсусда эканини таъкидлади

«Мени яхши кўришмаган жойда ишлай олмайман». Нигора Каримбоева «Sport» телеканалидан кетиши ҳақида

Актриса Нигора Каримбоева YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида «Sport» телекаланидан кетишининг сабабини айтди.

У 2004-2014 йиллар давомида телеканалда ишлаган. У ерга ишга киришига Рихситилла Абдуллаев сабабчи бўлган. Раҳбарият ўзгаргач, ўзига қилинган муносабат туфайли кетиш учун ариза ёзган. Бироқ актриса «Sport» каналини яхши кўришини айтди. У ердан кетганидан афсусда эканини таъкидлади.

«МТРКга асосий келишим 2004 йил ‘Sport’ телеканали очилганда бўлган. Телефильмга Рихситилла билан дубляжга борганмиз. У ‘Sport канали очилётган экан кастингга кириб чиқайлик’, деди. Бошида рад этдим. Кейин ‘Юр, барибир қизиқ. Сен русчага, мен ўзбекчага кириб чиқамиз’, деди. Кастингга кириб топшириб чиқдик. Иккаламизни ҳам диктор сифатида ишга қабул қилди. Биз янгиликларни ўқий бошладик. 2004 йилдан 2014 йилгача ишладим. Мен ишимни яхши кўрардим. Ўша пайтда ҳам кетмасдим лекин ўзига яраша сабаблари бўлди. Ҳозирги замонда интрига деган нарса кўп ишлатилади. Кимдир кимнингдир орқасидан иш қилганини ёмон кўраман. Менга кимдир ёқмаса, юзига айтаман ёки индамасдан ўша одамни ўзимнинг ҳаётимдан ўчираман. Лекин ўша пайти ‘Sport’ каналида ишлайдиганлар томонидан шундай иш бўлди. Улар шу нарсанинг орқасидан деярли бутун гуруҳни йўқотиб қўйди. Мен, Даврон Кабулов, Нилуфар Сотиболдиева, Рихситилла Абдуллаев (у сал олдинроқ кетди), Дилдора Рустамова биз билан ишлаган. Балки уларнинг сабаби бошқадир. Лекин биз ўша ерда жамоа бўлиб келган ёшларни кўролмаслик ортидан биз кетдик. Уларни билмадим аммо менга шундай муносабат бўлди. Мен директорнинг олдига кириб, эфирга чиқмаётганимнинг сабабини сўраганимда у ҳам менга тушунтириб беролмади. Қаерда нима бўлганини билганимдан кейин мен ўзимнинг аризамни ёзиб кетдим. Менинг шиорим бор: мени яхши кўрмаган, қабул қилмаган жойда ишламайман, яшамайман. Бошлиқ ўзгаргандан кейин шундай бўлган. Ўзим яхши кўрган каналдан кетганим мен учун ачинарли ҳол. Афсусланман. Менимча, биз кетгандан кейин ‘Sport’ канали ҳам афсусланди. Биз ўша каналнинг юзи эдик», — дейди актриса.

Маълумот учун, Нигора Абдураҳмоновна Каримбаева 1979 йил 11 февралда туғилган. А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтида кино актрисаси касбини эгаллаб, уни 1999 йилда муваффақиятли тамомлаган. Шу йили у режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Февраль» номли фильмида роль ижро этган. У ҳали иккинчи курсда ўқиб юрганида «Илҳом» театрида илк дебютини ўтказди ва «Оқ, оқ, қора лайлак» спектаклида Моҳичеҳра ролини ўйнади. Томошабинлар эса ушбу актрисани «Сардор» сериалидаги Замира образи билан таниган. Ушбу актриса ўз фаолияти давомида ўнлаб спектакль ва йигирмага яқин фильмларда иштирок этган.

Нигора Каримбоева актрисаликдан ташқари телебошловчилик соҳасида ҳам ишлайди. У 2004 йилдан бери шу соҳада фаолият юритади. Дастлаб у «Sport» телеканалида кейинчалик эса «O’zbekiston» телеканалида телебошловчи сифатида ишлаган.

Булардан ташқари актриса бир неча йиллардан бери Ўзбекистон давлат санъат ва маданият олийгоҳида ўқитувчиси сифатида талабаларга «саҳна нутқи» бўйича дарс бериб келади.

Нигора Каримбоева оилада 3 та қизнинг тўнғичи. Унинг сингиллари чет элда яшайди. Ўзи эса оиласи билан Тошкентда истиқомат қилади. Ҳозир актрисанинг ўғли Жафарбек 20 ёшда. У Westminster университетида ўқийди.

Нигора Каримбоева актрисалик фаолияти орқали 2018 йилда «Дўстлик ордени» билан мукофотланган.