Интервью

«Мен билан ҳеч ким бундай қилмаган». Нигора Каримбоева «Zo’r Tv»дан кетгани ҳақида

У ўша жамоа ҳақида гапиришни истамаслигини айтди

«Мен билан ҳеч ким бундай қилмаган». Нигора Каримбоева «Zo’r Tv»дан кетгани ҳақида

Актриса, телебошловчи Нигора Каримбоева YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида «Zo’r Tv»дан кетгани ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, «Zo’r Tv»да 4 ой ишлаган. Актриса телеканалдан кетишининг асл сабабини айтмади. Бироқ унга ҳеч қаерда бундай муомала қилинмаганини таъкидлади. Нигора Каримбоева ҳар гал «Zo’r Tv»нинг олдидан ўтганда, йиғлагиси келади. У бошқа кўрсатувларга меҳмон сифатида чақирилса ҳам рад жавобини берган.

«’Zo’r Tv’да 4 ой ишладим. Бу ҳақда гапиришни хоҳламайман. Шу гапимни ўзи тушунарли-ку. Тўғрисини айтсам шу канални олдидан ўтсам йиғлагим келади. Менга нега бундай таъсир қилишини билмайман. Мен билан ҳеч ким бундай қилмаган. Мен ёмон бўлдим. Ўзимни ёмон ҳис қилдим. Ундан кейин ҳатто бошқа кўрсатувларга меҳмон сифатида таклиф қилди, мен бормайман дедим. Шунчаки ўзим ўша жойга боргим келмаяпти. Ҳозир гапирсам чуқурлашиб кетаман. Шунинг учун гапиришни хоҳламайман. Мени у ерга таклиф қилган одам ўзи шу интервьюни кўрса, нима учун у ердан кетганимни тушунади. Буни кавлаштирмайман чунки ковлашларни, пиaрларни жуда ёмон кўраман. Бу нарсага муҳтож эмасман деб ҳисоблайман. Шунинг учун мана очиқ айтяпман. Бу жамоа ҳақида гапиришни хоҳламайман. 10 йил янгиликларда ишлаганман, тўғридан тўғри эфирларга ҳам чиққанман. Бу ерда ҳам шундай бўлди. Ишни яхши кўраман. Юқорида айтдим, агар жамоа тўғри келмаса мен у ерда ишлай олмайман», — дейди актриса.

Аввалроқ актриса «Sport» телекаланидан кетишининг сабабини айтиб, ҳозирда бундан афсусдан эканини таъкидлаганди. У 2004-2014 йиллар давомида телеканалда ишлаган. У ерга ишга киришига Рихситилла Абдуллаев сабабчи бўлган. Раҳбарият ўзгаргач, ўзига қилинган муносабат туфайли кетиш учун ариза ёзган. Бироқ актриса «Sport» каналини яхши кўришини айтди.

Нигора Каримбоева «Шамолларда қолган ҳисларим» асаридаги Скарлет Охара образини гавдалантиришни орзу қилади. Актриса ушбу асарни 25 марта ўқиб чиққан. Шунингдек, у Булгаковнинг ҳам асарларини яхши кўриб ўқийди. Унга «Уста ва Маргарита»даги Маргаританинг роли берилса, актриса жон деб ролни ижро этишини айтган.