Интервью

Гулчеҳра Саъдуллаева қизи Муқаддаснинг роли сабаб 15 кун даволанганини айтди

«Қизим билан бирга роль ўйнашни ёқтирмайман», — дейди у

Гулчеҳра Саъдуллаева қизи Муқаддаснинг роли сабаб 15 кун даволанганини айтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида кенжа қизи Муқаддас Саъдуллаеванинг роли сабаб 15 кун даволанганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, қизи билан бирга роль ўйнашни ёқтирмайди. Чунки «Бебаҳогинам» фильмида улар биргаликда роль ижро этган. Фильм охирида Муқаддас Саъдуллаева вафот этади. Шу саҳнада актриса вазиятда берилиб кетган ва жуда бақириб йиғлаган. Шундан сўнг Гулчеҳра Саъдуллаева 15 кун шифохонада даволаниб чиққан.

«Қизим билан бирга роль ўйнашни ёқтирмайман. Чунки Озод Шамснинг ‘Бебаҳогинам’ деган филмида ўйнадик. Қизим Муқаддас бош қаҳрамонни ўйнади. Биз унинг ота-онаси ролини ижро этдик. Қизим охирида кулиб туриб жон беради. ‘Болам’ деб нола чекганимда бутун қўшнилар ёпирилиб келган экан. Ҳақиқатан юрагимга яқин олиб қўйганман. Ўзи актёрлар ишонувчан бўлади. 15 кун даволаниб чиққанман. Мазам бўлмаган», — дейди Гулчеҳра Саъдуллаева.

Шунингдек, Муқаддас Саъдуллаева айнан шу роли сабаб отасининг юраги оғриб, реанимацияга тушиб қолганини айтди. Актриса шу сабабли ота-онаси билан бирга роль ижро этишни истамаслигини таъкидлади.

«Ота-онам билан биргаликда оғир драма ёки охири трагедия бўладиган фильмларда суратга тушишни хоҳламайман. Комедия ёки чиройли якун топадиган фильм бўлса бошқа гап. Мен ‘Бебаҳогинам’ фильмида ота-онам билан бирга суратга тушганимда, отам жуда ролга киришиб кетган. Охирида ўладиган саҳнамни суратга олишаётганда, орқада жуда дод-вой қилган. Ўша пайти ўзимни ростдан ҳам ўлиб қолгандек ҳис қилганман. Съёмка жараёни ўтгандан кейин отамнинг юраги оғирлашиб қолиб, реанимация тушиб қолган. Шундан кейин ўзимга-ўзим бошқа улар билан бундай фильмда суратга тушмайман деб сўз берганман», — дейди Муқаддас Саъдуллаева.

Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева интервьюларининг бирида эри Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаевдан калтак егани ҳақида гапириб берганди. Унинг сўзларига кўра, ўша пайти 17-18 ёш бўлган. Бир куни актриса қор ёғганда, қайнукалари ва овсини билан чана учган. Ўша пайти Лутфулла Саъдуллаев келиб қолган ва унга бир шапалоқ туширган. Гулчеҳра Саъдуллаева шу биринчи ва охирги марта еган калтаги бўлганини таъкидлаган.

Шунингдек, актриса Муқаддас Саъдуллаева ҳаётидаги қийинчиликлар сабаб онасини кўп йиғлатганини айтганди. У буни атайлаб қилмаганини таъкидлаган.