Интервью

«Элдидо» гуруҳи нега парчаланиб кетди?

Бу саволга гуруҳ аъзоси Дилниёз Ғаффоров жавоб берди

«Элдидо» гуруҳи нега парчаланиб кетди?

Хонанда, актёр, телебошловчи Дилниёз Ғаффоров YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида «Элдидо» гуруҳининг нима сабабдан парчаланиб кетганини айтди.

Хонанда бу жуда ҳам оғир нуқта экани, бироқ шу ҳодиса қачондир содир бўлишини билганини таъкидлади. Карантин пайтида жамоа аъзоси Элдор Хушвақтовнинг оиласида кўп йўқотиш бўлган. Шу сабабли улар ижодни тўхтатишга қарор қилган. Орадан вақт ўтгач, Дилниёз Ғаффоров ҳамда Достон Ҳакимов маслаҳат қилиб ижодни давом эттиришга келишиб олган.

«Бу жуда ҳам оғир нуқта. Қачондир содир бўлишини ҳаммамиз билардик. Бизда 3 хил дунёқараш, 3 хил ёш. Карантин пайтида Элдор акам жуда депрессияга тушиб қолди. Шундан кейин ‘Мен ижодни йиғиштираман’, деб орада ижодни ҳам тўхтатди. 3 ой чиқмади. Хизматлар, тадбирлар олиб қўйилганди. Биз икки киши чиқдик. Бир одамнинг овозини олиб ташлаб, қайтадан ёзиш бутун ижодни қайтадан бошлаш дегани.

У кишининг қарорини ҳурмат қиламиз. Ҳозир ҳам борди-келдимиз зўр. Фикр алмашиб турамиз. Элдор аканинг характери бошқачароқ. Унинг оиласида анча йўқотиш бўлди. Шунинг учун, ижод қилиш кўнглига сиғмаяпти. Бошида биз ҳам хафа бўлдик. Ўйлаб қарасак, ҳар бир инсоннинг хоҳиш-истаги бор. Элдор ака ҳозир дарс беряпти. Аввал гуруҳни тарқатиб юбормоқчи эдик. Кейин Достон иккаламиз ўйлаб, давом эттиришга қарор қилдик. Чунки 10 йиллик ижодимиз бор», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Элдор Хушвақтов гуруҳдан нима сабабдан кетгани маълум бўлганди.

Шунингдек, «Элдидо» гуруҳи тўй хизматларидан бирида қўшиқ куйлаётганда, чироқ ўчиб қолган.