Интервью

Барчин Ғофурова беҳаё роллари сабаб ҳайдовчи уни урмоқчи бўлгани ҳақида айтиб берди

Бу воқеа у «съёмка»дан чиқиб уйга қайтаётганида содир бўлган

Барчин Ғофурова беҳаё роллари сабаб ҳайдовчи уни урмоқчи бўлгани ҳақида айтиб берди

Актриса Барчин Ғофурова YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида беҳаё роллари сабаб ҳайдовчи уни урмоқчи бўлганини айтди.

Cуратга олиш жараёнидан қайтаётганда, ҳайдовчи ундан қандай ролда ўйнаганини сўраган. Актриса ҳайдовчи нега бундай савол берганига қизиққан. Кейин таксист сочи сариқ аёл қайсидир фильмда ёмон ролда ўйнаётганини ва уни кўриб қолса, уришини айтган. Барчин Ғофурова машинадан тушаётганда, ўша ёмон ролда ўзи ўйнаганини таъкидлаган.

«Бир куни таксига ўтирдим. Ҳайдовчи ‘Шунчалик кеч чиқасизми? Ёмон ролларда ўйнамайсизми?’, деб сўради. Нега ундай савол берганини сўрадим. ‘Ким эканини билмайман. Сочига сариқ қўйиб олган, роса ифлос экан’, деб сўкяпти. Ўзимни билдирмасликка олдим. Кейин ролни қандай ўйнаганини сўрадим. ‘Лекин ролни зўр ўйнабди. Гап бўлиши мумкинмас. Мен унинг рўлига ишондим’, деди. Кино нима ҳақида эканини сўрадим. таксист кўрмаган экан. Лекин кўрмаганман деб туриб, мени тасвирлаяпти, Шоҳруҳ Ҳамдамов билан бўлган суҳбатимни айтиб беряпти. Кейин билсам, унинг хотини ‘Бахт овчиси’ сериали бошланган пайти овқат сузаркан. Ўша таксистнинг хотини асабига теккан пайти ‘Агар асабимни бузаверсанг, шу хотинни топиб, уйланаман’, деган экан. ‘Ака, шу қизни кўрсангиз нима қиласиз?’, деб сўрадим. ‘Роса сўкаман. Айлантириб ураман’, деди. Уйга етиб келганимдан кейин, пулни бераётганимда, ‘Мен ‘Бахт овчиси’ сериалидаги Зуля бўламан’, дедим. Ҳайдовчи ҳайрон қолди. Менинг кимлигимни билгандан кейин ‘Ролингизни зўр ўйнагансиз. Ишонтира олгансиз’ деди», — дейди у.