Юлдузлар

Рейтинг: ўзбек актёрлари орасида ким энг кўп гонорар олади?

Қуйида улар ҳақида маълумот берилади

Рейтинг: ўзбек актёрлари орасида ким энг кўп гонорар олади?

Ҳозирги кунда сериаллар кўпроқ ривожланган бўлишига қарамай, баъзи актёрлар хусусий фильмлар учун меҳнатига яраша ўз гонорарини қатъий белгилаб олган. Улар нарх белгилашда ролнинг катта-кичиклиги ва мураккаблик даражасига ҳам эътибор беради. «Daryo.uz» интернет нашри уларнинг рейтингини тузиб чиқди.

Жавоҳир Зокиров

Актёр ҳозирги кунда ўзбек киносида энг кўп гонорар олади. Унинг суратга олиш майдончасидаги бир куни 500 АҚШ долларини ташкил қилади. Бироқ уни фильмга кўндириш осон эмас. Актёрнинг ўзигa яраша феъл-атвори ва принциплари бор. У гонорари борасидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Хафа бўлманг-у, ўзбек халқи ўз актёрларини ‘кўтариш’ни ёмон кўришади. Агар актёр жуда катта пул оладиган бўлса, яна нархини ошираверади, деб ҳисоблашса керак. Менимча, актёрларга нисбатан бундай муносабат фақат бизда бўлса керак. Чунки бошқа мамлакатларда актёрнинг ишига қараб, пул тўлашади. Россияда шартномалар билан шуғулланадиган агентим бор, у ҳаммасини ўзи ҳал қилади. Ўзбекистонда ҳам агент ёлламоқчи бўлдим. Аммо ўйлаб қарасам, оладиган пулим агент ёллашга арзимайди. Гонорарлар жуда кам, бизда ўз актёрларига эмас, бошқаларга ишонч билдиришни яхши кўришади», — дейди актёр Жавоҳир Зокиров.

Бобур Йўлдошев

Энг «қиммат» актёрлар рейтингида кейинги ўринни Бобур Йўлдошев эгаллади. Унинг бир ижодий куни 400-500 АҚШ долларига баҳоланади. Актёр гонорар нисбий тушунча бўлгани учун ҳеч қачон уни қатъий белгиламаслигини ҳам айтиб ўтган. У давлат фильмларининг савияси анча баланд бўлгани учун мириқиб ишлашини айтган. Шунингдек, Бобур Йўлдошев Россияда гонорари анча кўплигини бир кунлик съёмка учун 1 500-1 700 АҚШ долларини ташкил қилади.

«Гонорар нисбий тушунча, шу боис ҳеч қачон уни қатъий белгиламайман. Давлат фильмларида савия анча юқори, уларда мириқиб ижод қилиш мумкин. Шу боис давлат фильмларида гонорарга талашиб-тортишмайман. Аммо хусусий фильм ёки сериалларга таклиф этишса, ўз талабимни қўяман. Чунки мен ишимга масъулият билан ёндашадиган, роль учун тайёргарлик кўрадиган ижодкорман. ‘Суфлёр айтиб турсин, сўзимни ёдламаганман’, дейишга уяламан. Роль учун тайёргарлик кўргандан кейин шунга яраша ҳақ ҳам олишимиз керак.

Ишончим комилки, Ўзбекистонда актёрларга бериладиган гонорар миқдори анча кам. Масалан, россиялик агентим бир кунлик съёмка учун 1 500-1 700 АҚШ долларига шартнома қилади. Чунки агентлар қанча кўп пулга шартнома қилишса, ўзи кўпроқ манфаат топади. Бизда эса бу тизим ҳали йўлга қўйилмаган. Шўрлик актёрлар роль ўйнаш билан бирга, молиявий масалаларни ҳам ҳал қилади», — дейди Бобур Йўлдошев.

Йигитали Мамажонов

Йигитали Мамажонов актёрлик билан бирга каскадёрликни ҳам бажаради. Шу сабабли у жанг саҳналари бор фильмларга таклиф этилади. Актёрнинг кунлик гонорари 300-400 АҚШ долларини ташкил этади.

«Бериладиган гонорар кимни ҳам қониқтиради?! Аммо қўлимиздан нима ҳам келади, деб қаноат қиляпмиз. Бу актёр қиммат, деб гап тарқатадиганларнинг ўзида айб. Чунки улар ҳаракат қилиб, яхши фильм олишса, актёрга тўланадиган пулдан 100 баробар кўпроқ даромад олишлари мумкин. 2011 йили ‘Ёзсиз йил’ фильмида ‘эшакдек’ совуқда ишлаб 870 минг сўм гонорар олганман. Ҳозир эса аввалгидан гонорарим анча баланд. Аммо ҳали ҳам битта фильмда ишлаб 400 АҚШ доллари топадиган актёрлар ҳам йўқ эмас. Ўз қадрини билган ва фильм олаётганларнинг ‘ўйини’ни билган актёр ўз гонорарини белгилаб қўяди. Чунки актёрлик баъзилар ўйлагандек, осон иш эмас», — дейди у.

Муҳаммадисо Абдулҳаиров

Актёр Муҳаммадисо Абдулҳаиров суратга тушган фильмлар ўз томошабинини топади. Шу боис ижодкор меҳнатига яраша ҳақ берилишини сўрайди. Ҳозирда унинг кунлик гонорарини 300 АҚШ доллари этиб белгилаган.

Адиз Ражабов

Ўзбек киноларида анча камнамо бўлиб қолган актёр Адиз Ражабов қирғиз ва япон киноижодкорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Унинг кунлик гонорари 200-300 АҚШ долларини ташкил этади.

Азамат Аҳроров

Актёр Азамат Аҳроров ўзга режиссёрлар билан ҳамкорлик қилишни истамаслиги сабабли ўзи режиссёр сифатида фильм ва сериаллар яратиб, бош ролни ўзи ижро этади. Сценарий маъқул бўлган фильмларга эса 200 АҚШ долларидан кам маблағга роль ўйнамайди.

Умид Искандаров

Актёр Умид Искандаровнинг кунлик гонорари 200 АҚШ долларни ташкил этади. Бу нарх клипларга бироз қимматроқни ташкил қилиши мумкин.

Шоҳруҳ Ҳамдамов

Кейинги пайтларда фильм, сериал ва клипларда етакчиликни қўлга олган актёр Шоҳруҳ Ҳамдамовнинг гонорари бир ижодий кун учун 100-150 АҚШ долларига баҳоланади.

Шаҳзод Султонов

Ўзи фильм ва сериаллар суратга оладиган актёр Шаҳзод Султоновнинг кунлик гонорари 100 АҚШ долларини ташкил этади. Аммо у камдан кам ҳолларда бошқа ижодкорлар билан ҳамкорлик қилади. Шаҳзод Султонов ҳам Азамат Аҳроров каби ижрочи ижодкор бўлишдан кўра, уларни бошқаришни маъқул кўради.

Алихон

Спортчи актёр Алихон ҳам фильмларда анча фаол. У, асосан, салбий ролларга таклиф этилади. У 100 АҚШ доллардан камига суратга тушмайди.

Аввалроқ ўзбек киносининг кунлик гонорари юқори бўлган «энг қиммат» актрисалар рейтингги тузилганди. Уни тузишда режиссёр ва продюсерларнинг фикри умумийлаштирилган. Унга кўра, энг кўп гонорарни Дилноза Кубаева олади. У сериалларда суратга тушишни ёқтирмайди. Унинг кунлик гонорар миқдори 500–700 АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, Асал Шодиеванинг кунлик гонорар миқдори тахминан 500 АҚШ долларини ташкил этади. Зарина Низомиддинованинг гонорари эса тахминан 300–500 АҚШ долларини ташкил этади.

Бундан ташқари Шаҳзода Матчонованинг гонорар миқдори 300–500 АҚШ долларини, Райҳон Уласенованики 250–300 долларни, Раъно Шодиева ва Нигора Каримбоеваники ўртача 200 долларни, Феруза Норматова, Шаҳзода Муҳаммедова, Дурдона Қурбонованинг гонорар миқдори эса 100–150 долларни ташкил этади.