Янгиликлар

«Севимли» бошқа телеканаллар қаторида Кинематография агентлигидан буюртма қабул қилган

Кинематография агентлиги бу бўйича расмий маълумот берди

«Севимли» бошқа телеканаллар қаторида Кинематография агентлигидан буюртма қабул қилган

Кинематография агентлиги «Kun.uz» сайтида эълон қилинган «‘Сабрия’ машмашаси: Сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухолиқов шахсига уланиб кетди» мақоласи юзасидан расмий баёнот берди.

Унга кўра, биринчидан, cўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган «Сабрия» телесериали Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинмаган ва давлат маблағлари юқоридаги сериалга йўналтирилмаган. Мазкур сериалнинг Кинематография агентлигига алоқаси йўқ.

«Ушбу сериаллар хусусий студиялар томонидан мустақил равишда ишлаб чиқарилган ва Кинематография агентлиги Бадиий кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган. Агентлик Бадиий кенгаши давлат буюртмасига биноан суратга олинган маҳсулотларни ҳамда кинотеатрларда намойиш учун рухсат сўраб мурожаат қилинган фильмларнигина кўриб чиқиш ваколатига эга. Агентлик бу каби барча айбловларни инкор қилади ва омма фикрини чалғитмасликка чақиради», дейилади хабарда.

Иккинчидан, Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил ноябрь ойида «Ўзбекфилм» студиясига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 92-сонли баёни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги ёзма топшириғига мувофиқ Кинематография агентлигига ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда сериаллар суратга олиш топшириғи юклатилган. Шу билан бирга, Президентнинг «Кино санъатини ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 7 апрелдаги фармонида миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга агентлик томонидан ҳар йили 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратиш белгиланган. 

Учинчидан, қонунчиликка мувофиқ, агентлик бош директори у ёки бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш, киностудия ва телеканалларга сериал ишлаб чиқаришни тўғридан-тўғри топшириш ваколатига эга эмас. Агентлик қайси телеканаллар ва хусусий студиялар билан ишлаши Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгашнинг мутлақ ваколатига киради ва ушбу масала кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози асосида ҳал этилади. Бундан ташқари, киностудиялар ва телеканаллар тақдим этган сериаллар лойиҳалари ва уларнинг харажатлар сметаси агентлик ҳузуридаги Экспертлар кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кенгаш аъзоларининг сериални ишлаб чиқаришни молиялаштириш тўғрисидаги коллектив қароридан кейин шартнома тузилиши мумкин.

Тўртинчидан, мақолада Кинематография агентлиги томонидан нафақат «Севимли» телеканали билан, балки бошқа телеканаллар ва киностудиялар билан ҳамкорликда суратга олинган сериаллар ҳақида айтилмаган. Бу муҳим фактни инобатга олмаслик жамоатчиликда янглиш фикрнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Кинематография агентлигига мурожаат қилган барча киностудиялар ва телеканаллардан тушган сериаллар лойиҳаларини кўриб чиқиб, талабга жавоб берган ишлар Бадиий ва Эксперт кенгашлари тасдиғидан ўтказилиб, сўнгра молиялаштирилади. Қайд этилишича, агентлик сериаллар ишлаб чиқаришда учта йўналишда ишлайди. Булар давлат буюртмаси асосида, телеканаллар билан тенг шерикчилик асосида ва киностудиялар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик асосида. Бундай ко-продукция усулида ишлаш телесериаллар соҳасини ривожлантириш учун илк қадамлардир. 2021 йилда агентлик томонидан 10 та сериал ишга туширилди, 10 та сериал жами 454 қисмдан иборат. Шундан киносериаллар 51 қисм, телесериаллар 403 қисм. Кинематография агентлиги 5 та бадиий фильмларнинг сериал версиясини яратиб, телеканалларга бепул тақдим этган. Улар сирасига «Ибрат», «Авлоний», «Сумбул», «Илхақ», «Беҳбудий» каби сериаллар киради.

Давлат ва хусусий студияларга буюртма бериш орқали эса «Маҳалладошлар» («Ўзбекфилм», 16 қисм), «Қодирхон» (Фан Энтертаинмент МЧЖ, 120 қисм), «Орзулар палатаси» (МЙ Фильмс МЧЖ, 100 қисм) сериаллари суратга олинган. Севимли ва Менинг юртим телеканаллари «Орзулар палатаси» (1 фасл тугалланган, эфирга узатиш ҳали бошланмаган) ва «Қодирхон» сериалларини эфирга узатади.

Маълумот ўрнида, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева «Севимли» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Сабрия» сериали ҳақида ўз фикрини билдириб, танқид қилган эди. Кейинчалик Амира Рашидова сериал реал ҳаётдан олинганини айтиб танқидларга жавоб қайтарган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда журналист Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Амира Рашидова бу унга нисбатан қилинаётган иккинчи тухмат эканини айтиб, Саида Мирзиёевага қарши эмаслигини таъкидлади. Кейинроқ Кинематография агентлиги бош директори миллий сериаллар ҳақида гапирди.