Янгиликлар

«Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши эмасман». Амира Рашидова унга тухмат қилингани ҳақида

«Ҳамма жойда мени у билан бахслашган инсон сифатида талқин қилишяпти», — дейди у

«Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши эмасман». Амира Рашидова унга тухмат қилингани ҳақида

«Севимли» телеканали раҳбари Амира Рашидова «Сабрия» сериалига билдирилган танқидлардан кейин тарқалган турли фикрларга жавоб қайтарди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева «Sevimli» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Сабрия» сериали ҳақида ўз фикрини билдириб, танқид қилган эди. Кейинчалик Амира Рашидова сериал реал ҳаётдан олинганини айтиб танқидларга жавоб қайтарган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда журналист Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Амира Рашидова бу унга нисбатан қилинаётган иккинчи тухмат эканини айтиб, Саида Мирзиёевага қарши эмаслигини таъкидлади. 

«Икки йил бўлдики, бирор бир жиддий мавзуларга қўл урмайман. Бунга сабаб, мен билан бир воқеа содир бўлган эди. Ўшанда бир вазият юзасидан фейсбук тармоғида пост ёгандим. Эски қадрдонлар сўзларимни контекстдан юлиб, ғараз ният билан фикрларимни нотўғри талқин қилишганди… Қарангки икки йил ўтиб ‘Севимли’ атрофида бўлаётган гап сўзларга ўз фикримни билдириш учун кеча пост ёзсам, ҳаммаси қайта такрорланди. Яна ўша одамлар, яна ўша сценарий… Сўзлар контекстдан юлиниб, ўзига керак сарлавҳада тарқатилди. Гўёки мен Саида Мирзиёеванинг ‘Сабрия’ сериали ҳақидаги фикригақарши чиқиб кечаги постни ёзган, деб талқин қилишди! Лекин бу ундай эмас!

Инсоф ҳақида гапирмайман, чунки бундай одамларда у бўлмайди… Туҳмат қилишдан тоймайди, Худодан хам қўрқмайди бундайлар.

Ҳозир интернетга кириб қарасам, вазият жидийлашган, хамма жойда мени Саида Мирзиёева билан бахслашган инсон сифатида талқин қилиб, йўқ жойдан атрофимда муаммо туғдиришяпти.

Кеча Саида Мирзиёеванинг фикрини ўқиганимда, мен постимни жойлаб бўлган эдим. Икки кун олдин кечаси АОКА расмий баёнот билан чиқди. Унга кўра ‘Севимли’ телеканали орқали миллий сериал намойиш этиш чоғида ахлоқсизлик саҳналари мавжудлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллар жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди, деб экспертиза тайинланганлиги маълум бўлди. Эртаси куни ‘Севимли’га келиб, кун давомида баённома тузиш, юристлар билан гаплашиш, сериални бадиий кенгашда таҳлил қилиш билан вақт ўтказиб, умумий вазият юзасидан ўз фикримни билдиришим керак деб, пост ёздим.

Нима демоқчиман? Мен Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши эмасман! У киши айтиб ўтган камчиликлар бор, буни тан оламан. Саида опанинг аёллар манфаатларини ҳимоя қилиши, уларга бераётган ёрдамини кузатаман ва ҳурмат қиламан. Англашмовчилик учун хижолатдаман ва узр сўрайман. Шу сабабдан журналист ва блоггерлардан илтимос қиламан: тухмат, одамларни бир бирига асоссиз қарши қўйишни бас қилинг.

Бугун телеканалда ўзгаришлар бўлди. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан узр сўралди. Севимлида янги ва сифатли контент яратиш йулида, жамоа билан бирга катта лойиҳалар қилишни мақсад қилганмиз, ИншаАллоҳ ҳаммаси секин амалга ошади.Сизларга яхшиликлар ичида яшашни тилайман», — дейди телеканал раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўплаб танқидларга сабаб бўлган «Сабрия» сериали эфирга узатилган «Севимли» телеканали бош директори ва муҳаррири ишдан олингани ҳақида хабар берилганди.