Янгиликлар

«Энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар». Саида Мирзиёева «Сабрия» сериали ҳақида

«Ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман», — дейди у

«Энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар». Саида Мирзиёева «Сабрия» сериали ҳақида

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева «Sevimli» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Сабрия» сериали ҳақида ўз фикрини билдирди.

У томошабин сифатида сериал ҳақида фикрини билдиришга ҳақли эканини таъкидлади. Саида Мирзиёева сериалда бадиий савия умуман йўқ эканини айтди. Шунингдек, унда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича тўлиқ йўриқнома кўрсатилган. Сериал давомида ҳамкасб аёллар ўртасидаги зиддиятлар, хотин-қизларга бўлган зўравонлик, ҳамда ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ саҳналар ҳам намойиш этилган.

«Мамлакатимизда, шубҳасиз, сўз ва ижод эркинлиги мавжуд.

Лекин бир томошабин сифатида ‘Sevimli’ каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган ‘Сабрия миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман.

Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман.

Сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғоясику, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона ‘тўғри’ йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар ‘доно’ маслаҳат!

Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган», — дейди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, у гендер тенглиги, аёлга эҳтиром каби масалаларни аҳоли онгига сингдиришга ҳаракат қилаётганини, бундай сериаллар эса шу масалаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилишини таъкидлади. Саида Мирзиёева бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирди.

«Бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан биридир. Умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир Сўз учун масъулдир. Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос.

Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўига жиддий путур етказаётган бундай саёз ‘ижод намуналари’ яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин ахир?

Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек таалуқли!», — дейди у.

Аввалроқ «Севимли» телеканалидаги ахлоқсиз саҳналар юзасидан ўрганиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилганди. Бу ҳақда «Bugun.uz» интернет нашри маълум қилганди. Бунга телеканал орқали эфирга узатилган сериалдаги ахлоқсиз саҳналар сабаб бўлганди.