Янгиликлар

Самарқандда «Музейлар квадрати» ташкил этилади

Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди

Самарқандда «Музейлар квадрати» ташкил этилади

Президент топшириғига кўра, республикада 9 та янги музей ташкил этилади, шулардан 7 таси Самарқанддаги «Музейлар квадрати»да бўлади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилояти ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Самарқанд шаҳрида «Музейлар квадрати» фаолияти йўлга қўйилади.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, «Буюк ипак йўли — Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси», «Самарқанд — Ўзбекистон ва Россия минтақалари маданиятлари туташуви» кўргазмалари, «Класцитсизм», Тарихий фотосуратлар ҳамда Заргарлик санъати музейи, Бадиий кўргазмалар зали, «Самарқанд» давлат музей-қўриқхонасининг филиаллари сифатида анъанавий либослар музейлари фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида Замонавий санъат музейи ҳамда Урганч шаҳрида Ўзбекистон замонавий санъат музейининг филиали сифатида Лазги музейи ташкил этилади.

Бундан мақсад Ўзбекистон санъатининг жаҳон адабий ва маданий муҳитига интеграцияси, музейлардаги тарихий экспонатларнинг ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятида тутган ўрни ҳамда халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлашга оид замонавий янги экспозицияларни яратиш. Шу билан бирга, музей тўпламларидаги бой тарихий ҳамда маданий меросни замонавий санъат платформасида кенг тарғиб қилишдир.