Янгиликлар

ИИВ орган ходимлари формасини кийиб, видео олаётганларни огоҳлантирди — видео

Вазирлик матбуот котиби мурожаат билан чиқиб, ижодкорларни ҳамкорликка чорлади

ИИВ орган ходимлари формасини кийиб, видео олаётганларни огоҳлантирди — видео

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов орган ходимлари формасини кийиб, видео олаётган ижодкорларга мурожаат қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, айрим ижтимоий тармоқларда, фильмларда ва сериалларда қаҳрамонлар фойдаланадиган формали кийим-бош нотўғри ёки қўпол хатолар билан кийилган ҳолда жамоатчиликка намойиш қилинмоқда.

«Ушбу фактлар нафақат ҳуқуқбузарлик ҳисобланади, балки ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат деб баҳоланади.

Эсингизда бўлсин, ҳарбий ёки махсус формали кийим-бошни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиш – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2091-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун сабаб бўлади.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги турли ижодкорлар ва ижтимоий тармоқ фаолларига бу масалада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканлигини таъкидлаб ўтади.

Агар сиз ички ишлар органлари билан боғлиқ бирор ижодий иш ёки видеомахсулотни тасвирга олмоқчи бўлсангиз, Ички ишлар вазирлиги ёки ҳудудий ички ишлар органларининг ахборот хизматларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Биз, албатта, ўз тавсияларимиз ва маслахатларимиз билан сизга кўмаклашишга тайёрмиз. Ўзбошимчалик билан бундай масалага ёндашмаслигингизни сўраймиз», дейилади вазирлик мурожаатида.