Янгиликлар

Гулчеҳра Саъдуллаева нега Муқаддас Саъдуллаеванинг санъаткор бўлишига қарши бўлганини айтди

«Санъатнинг нони қаттиқ бўлади», — дейди у

Гулчеҳра Саъдуллаева нега Муқаддас Саъдуллаеванинг санъаткор бўлишига қарши бўлганини айтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида кенжа қизи Муқаддас Саъдуллаеванинг санъаткор бўлишига қарши бўлганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, санъатнинг нони қаттиқ бўлади. Яхши санъаткор бўлиш учун одамнинг тирноқлари темирдан, тишлари пўлатдан бўлиши керак. Актриса халқни овора қилиб, ўртамиёна санъаткор бўлиш керак эмаслигини таъкидлади. Бироқ Гулчеҳра Саъдуллаева Муқаддас Саъдуллаевадан яхши санъаткор чиқишига ишонганини айтди.

«Мен қизимнинг санъатни танлашини хоҳламасдим. Санъатни ёши улуғ бўлгунча ўтқазган одам ҳақиқатни гапиради. Санъатнинг нони қаттиқ бўлади. Агар яхши санъаткор бўламан деса, тирноқлари темирдан, тишлари пўлатдан бўлиши керак. Ҳаётнинг аччиқ-чучугига чидамли бўлиши керак. Халқ ва мухлисларни овора қилиб, ўртамиёна санъаткор бўлишнинг кераги йўқ. Мен Муқаддасдан яхши санъаткор чиқади деб ўйлайман. Биз қизимизни кенжа бўлгани учун аяганмиз. Санъатнинг қийинчиликларидан, жафоларидан аяганмиз. Унинг ҳам фарзандлари опаси ва акасининг ёшида. Фарзандларига менга ўхшаб меҳр беролмай қолади деб, қўрқиб жуда қаттиқ қарши бўлганман. Барибир санъат сеҳрли нарса бўлгани учун ўзига тортиб кетди», — дейди у.

Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева интервьюларининг бирида эри Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаевдан калтак егани ҳақида гапириб берганди. Унинг сўзларига кўра, ўша пайти 17-18 ёш бўлган. Бир куни актриса қор ёғганда, қайнукалари ва овсини билан чана учган. Ўша пайти Лутфулла Саъдуллаев келиб қолган ва унга бир шапалоқ туширган. Гулчеҳра Саъдуллаева шу биринчи ва охирги марта еган калтаги бўлганини таъкидлаган.

Шунингдек, актриса Муқаддас Саъдуллаева ҳаётидаги қийинчиликлар сабаб онасини кўп йиғлатганини айтганди. У буни атайлаб қилмаганини таъкидлаган.