Янгиликлар

«Эркак бўлиш керак». Санжай ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоирга мурожаат қилди

Хонанда Россияга кетиши мумкинлигини айтди

«Эркак бўлиш керак». Санжай ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоирга мурожаат қилди

Хонанда Санжай Instagram саҳифасида ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоирга мурожаат қилди.

Санжай қўшиқни куйлашдан олдин Усмон Аъзим билан гаплашганда, шоир муаллифлик ҳуқуқини Шерали Жўраевга сотганини айтган. Шунингдек, хонанда ижтимоий тармоқларда судда ютқазиб, жаримага тортилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Хонанданинг сўзларига кўра, судга апелляция берган. Бу иш яна кўриб чиқилгандан кейин аниқ жавоб бўлишини айтди.

«Ассалому алайкум, азиз дўстлар, мухлислар ва бутун ўзбек халқи. Менинг ҳозирги мурожаатим Ўзбекистонда яшайдиган барча ака-ука, опа-сингилларимизга. Азиз дўстлар, ватандошлар, қачонгача биз бу юртда бир-биримизни кўролмай, бир-биримизнинг оёғимизга болта уриб яшаймиз? Кимдир йиқилиб тушса, ўлганга чиқариб юборилади. Ҳамма эмас. Гап эгасини топади. Мен айтмоқчи бўлган гапим, ‘Карвон’ қўшиғига суд бўлди, Санжарга фалон сумма жарима қўйилибди’, деб айтяпти. Тўғри суд бўлди. Шундай жарима қўйилди лекин ҳали суд тугагани йўқ. Суд тугамасдан туриб, ҳар хил бўлар-бўлмас блогерлар турли маълумотларни чиқариб ташлаяпти. Биз апелляцияга берганмиз. Худо хоҳласа яна суд бўлиб, бу нарсалар кўриб чиқилади. Ундан кейин қандайдир жавоб бўлиши мумкин. Ҳозир айтмоқчи бўлганим, баъзи бир шоирларга. Гап бўлиши мумкинмас. Зўр шоирсиз. Усмон Аъзим Ўзбекистон халқ шоири ҳисобланади. Лекин сизлар шеърнинг у томонини ҳам бу томонини ҳам кўринг. Бу шеър ёзилганига 40 йил бўлибди. Уни Усмон Аъзим ёзганми ёки бошқами шахсан менга қоронғу. Чунки мен Усмон Аъзимга телефон қилганимда, Санжар ака муаллифлик ҳуқуқлари Шерали Жўраевга сотилган деб айтган. Одам эркак бўлиши, бир гапда туриши керак. Мен телефон қилиб гаплашганимда, ‘Мен бу қўшиқни унга сотганман’, деб айтган», — дейди хонанда.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от San Jay (@sanjaymusicofficial)

Санжай тақинчоқларини сотаётгани ҳақида хабар берган. Бироқ 1-2 соат ичида олиб ташлаган. Хонанда буни яқинлари ва атрофидагиларни синаб кўриш учун қилганини айтди. Саржар Жавбердиев яна Россияга қайтиб кетишини мумкинлигини таъкидлаб, бунга оз вақт қолганини маълум қилди.

«Иккинчидан, кеча мен ўзим ва атрофимдагиларни текшириш учун тақинчоқлар сотилади дегандим. 1-2 соатдан кейин олиб ташладим. Менга ким дўст, ким душман, ким яқин, ким ҳақиқатдан ҳам оғир кунда қўлини тута оладиган инсонларим борми ёки йўқлигини билмоқчи эдим. Ўзим учун билиб олдим. Лекин баъзи бир блогерлар, Instagram’даги каналлар ‘Санжай судда ютқазгани учун пули етмабди. Жаримани тўлаш учун тақинчоқларини сотаяпти’, деган гаплар чиқаряпти. Азиз, ватандошлар Алҳамдулиллаҳ мусулмонман. Агар мен ҳақиқатдан ҳам шу нарсани сотаман десам, уни бу ёққа чиқариб эмас, индамай сотардим. Мен айтган ‘Карвон’ қўшиғини нечта миллат айтиб чиқди. Мен ўзбек тилида бутун дунё куйлайди деб айтгандим. Африка, Европа, Америка, Россия, Корея, Япониядан ‘Карвон’ қўшиғининг мен айтган вариантини куйлаб чиқди. Ҳеч ким Шерали Жўраевнинг вариантини айтиб чиқаётгани йўқ. Мен бошқа давлат вакилларини айтяпман. Бу билан ‘Мен зўрман’, демоқчи эмасман. Шоир хурсанд бўлиши керакми? Унинг шеъри бутун дунёда айланяпти. Сен судда мендан пул олишинг керакми? Агар гап пулда бўлса, мен ўша пулни судсиз ҳам элтиб бераман. Одамда одамгарчилик бўлиши керак. Ўзбек эстрадасида қанча қўшиқ ўғирланган. Ҳаммаси мусиқа олиб, ўзбекча сўз қўйиб айтиб чиқяпти. Нимага ҳеч ким судга бермайди. Ўзбек тилидаги шеърни ўзбек бўлиб олиб айтдим. Мен шу шеърнинг рухсатини оламан деб 2 йил Жўраевларнинг орқасидан юрганман. Лекин шу нарса бўлмади. Биринчидан, мен бу шеърни Усмон Аъзим ёзганми, йўқми билмаганман. Агар билганимда, менга Жўраевларнинг орқасидан юришим нима кераги бор эди. Ўзбекистонда шеър 100-200 доллар туради. Лекин мен телефон қилганимда, муаллифлик ҳуқуқини Жўраевларга сотганман деган. Ҳозир шароит бўлиб қолганда, мендан соққа қилишди. Агар судда ютсангиз, ҳалолингиз бўлса, ҳақиқатдан ҳам 40 йил олдин ёзган шеърингиз учун шундай нарса қилаётган бўлсангиз, олинг. Азиз ватандошлар, сизлардан илтимос менга сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз керак. Мен ижод қиляпман. Шеърни олган бўлсам ҳам мусиқасини ўзим яратганман. Шеър ёзишга қараганда, мусиқа басталаш қийинроқ. Ўзим ҳам шеър ёзаман. Мен ‘Карвон’нинг бу даражада хит бўлиб кетишини билмаганман. Кимдир 3 ойда унутилиб кетади деганди. 3 йилдан бери шу қўшиқ учун суд бўляпти. Бу тарихда қоладиган қўшиқлардан. Сизлардан илтимос, менинг YouTube, Telegram каналларимга обуна бўлинг. Менинг пул топадиган бошқа жойим йўқ. Мен тўйларга ҳам кўп чиқмайман. Яхши ҳам бир-иккита ишларим бор. Улардан пул топаман. Бўйнимгача қарзим бор. Кредитларим бор. Лекин мен нолимаяпман. Ижод қиляпман. Ҳеч бўлмаса, ишлашимга ҳалал берманг. Менинг бошқа гапим йўқ. Менимча Россияга кетсам керак. Бунга оз вақт қолди», — дейди Санжай.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нафасий Жўраевлар оиласидан узр сўраганди. Хонанда обуначиларидан «Қоракўз» қўшиғини айтиб беришни сўрамаслигини илтимос қилган.