Янгиликлар

Дам олиш масканлари, зиёратгоҳ ва чиқиндилар: Бўстонлиқда ОАВ учун инфо-тур ўтказилди

У 20 июнь куни бўлиб ўтган

Дам олиш масканлари, зиёратгоҳ ва чиқиндилар: Бўстонлиқда ОАВ учун инфо-тур ўтказилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 20 июнь куни оммавий ахборот воситалари учун инфо-тур ўтказилди. Саёҳат доирасида журналистлар дам олаётганларнинг экологик ва рекреацион маданияти пастлиги туфайли чиқиндилар тўпланиб қолганига гувоҳ бўлди, дея хабар берди «Bugun.uz» мухбири.

Журналистлар учун ташкил қилинган инфо-тур «Чорвоқ» туристик рекреацион зонаси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Бўстонлиқ тумани ҳокимияти томонидан ташкил қилинди.

Йўналишнинг биринчи нуқтаси Ғазалкентдан Чимён томонга кетаверишдаги дам олиш жойлари — «пикник» зоналар бўлди. Дарахтзор бўлган бу ям-яшил ҳудуд бир кўришда жуда гўзал. Аммо яқинроқ бориб қараган одам бу ерда дам олиб кетган сайёҳлардан қолган «эсдалик»ларни кўриши мумкин. Сочилиб ётган пластик халта ва идишлар, темир банкалар ва салфеткаларни ҳамма ёқда учратиш мумкин.

Саёҳат қуйидаги йўналишлар бўйича олиб борилди:

  • Ғазалкентдаги тўсиқ билан ўралган пикник майдони;
  • Галавасой маҳалласи ҳудудидаги бошқа пикник майдони;
  • Галавасой маҳалласи ҳудудидаги Чимён йўли бўйлаб тик бурилишдаги пикник майдони;
  • Галавасой маҳалласи ҳудудидаги тепаликда жойлашган пикник майдони;
  • Новобод маҳалласи ҳудудида жойлашган қияликдаги қурилиш ва маиший чиқиндилар чиқиндихонаси;
  • Бурчмулла маҳалласи ҳудудидаги «Қадамчибува» зиёратгоҳи;
  • Бурчмулла маҳалласи ҳудудидаги қурилиш чиқиндихонаси;
  • Сижжак маҳалласи ҳудудидаги «Жарбошиавлиё» зиёратгоҳи;
  • Хумсон маҳалласи ҳудудидаги маиший чиқиндихона;
  • Сойлиқ маҳалласи ҳудудидаги қурилиш чиқиндихонаси.

Баъзи дам олувчиларнинг ўз ортидан атроф-муҳитни ифлослантириб кетиши ҳақида Бўстонлиқ тумани туристик полицияси раҳбарининг ўринбосари Дилшод Арипов фикр билдирди.

«Минг афсуски, одамзотнинг табиатга бўлган муносабатидан жабр кўрган жойлар бир дона эмас. Чимён томонга кетишдаги асосий йўлда — одамга ҳузур бағишлайдиган, сояли дарахтзорда ҳам ҳайвонлар ва сайёҳлар улардан олдин келиб кетган сайёҳларнинг чиқиндилари ичида дам олишга мажбурлар», — дейди Дилшод Арипов.

Инфо-тур доирасида журналистларда бу чиқиндилар махсус хизматлар томонидан йиғиштириладими деган савол туғилди. Таъкидланишича, «Чорвоқ» туристик рекреацион зонаси дирекцияси бир тажриба қилиб, Ғолвасой тепалигидаги машҳур пикник зонада аҳлатларни йиғиштириш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширган. Икки ҳафтадан кейин эса бу ҳудудда чиқиндилар сони икки баробарга кўпайиб кетган.

Бўстонлиқ тумани «Тоза ҳудуд» жамияти маълумотига кўра, 1 июнга қадар ҳудуддан 88 тонна чиқинди олиб чиқилган. Бўстонлиқ тумани каби жойларни махсус хизматлар орқали тоза сақлаш имконсиз бўлиб, бунга фақат дам олувчиларнинг тозаликка риоя қилиши орқали эришиш мумкин. Тушунарлироқ қилиб айтилганда, чиқиндилар сони ҳаддан ташқари кўплиги ва баъзи дам олувчиларда маъданият пастлиги туфайли барча ободончилик ҳизмати ҳодимлари жалб қилинса бундай катта ҳудуд ободонлашмайди.

Маълумот ўрнида, ёз фасли кириб келиши билан Бўстонлиқ туманига бутун Ўзбекистондан сайёҳлар ташриф буюради. Бир куннинг ўзида бу ерга 48 минг нафар атрофида дам олувчи келади. Ўзбекистоннинг дунёга танилган шаҳарлари Самарқанд, Бухоро, Хивалар каби Бўстонлиқ тумани ҳам машҳур туристик худуд ҳисобланади. Бу ерда қадимий шаҳар қолдиқлари, қўрғонлар, ноёб керамикаларни ҳатто тепаликка чиқаётган вақтда оёқ остидан топиб олиш мумкин. Бўстонлиқ туманида 120 дан зиёд археологик ва маданий меърослар мавжуд. Бироқ, келаётган сайёҳлар сони билан ахлат-чиқиндилар сони ҳам тобора ошиб боряпти.

Инфо-тур доирасида оммавий ахборот воситалари ҳодимлари машҳур бўлмаган ибодат учун масканлари, кичик бизнес ва тадбиркорлар учун имкониятлар билан ҳам танишди.

Таъкидланишича, юқоридагилардан ташқари мазкур ҳудудда қизиқувчи давлат ёки бизнес вакиллари иштирокида пикникзоналарни ободонлаштириш, чиқинди ташлаш учун қутилар ўрнатиш, дарахтлар экиш, ҳашарлар ўтказиш ва чиқиндиларни утилизация қилиш нуқталарини ўрнатиш режалаштирилган.