Кино

«Бриллиант қўл» фильми ҳақида яна бир сир маълум қилинди

Ўша даврда Москвада хазина топиш ҳолатлари кўплаб учраган

«Бриллиант қўл» фильми ҳақида яна бир сир маълум қилинди

Дунё бўйлаб миллионлаб мухлисларини топган кинофильмларнинг айрим сирлари ва маълумотлари орадан бир неча йиллар ўтиб айтилиши мумкин. «Бриллиант қўл» фильмида ҳам йилллар мобайнида сақланиб келинган сир айтилди.

Ушбу фильмдаги барча воқеаларга ижодкорларнинг тасаввури маҳсули сифатида қаралади, бироқ воқеалар реал ҳаётда содир бўлган. Фильм режиссёри Леонид Гайдайнинг айтишича, ўша даврда Москвада хазина топиш ҳолатлари кўплаб учраган. Эски кўчалар реконструкция қилинди, аввалроқ қурилган уйлар бузиб ташланди, уларнинг ўрнига кўп қаватли бинолар пайдо бўлди. Бузиб ташлаш пайтида ишчилар кўпинча деворлар ва тахта тагида қадимий тангалар, олтин, кумуш ва заргарлик буюмлари билан тўлдирилган қутиларни топиб олган. Бундан ташқари, «Бриллиант қўл» фильмининг суратга олиниши бошланишидан бироз олдин, шаҳар атрофидаги қишлоқлар Москва ҳудудига қўшилган ва қурилиш ишлари давомида ўша ерлардан ҳам хазиналар топилган.

Ишчилар томонидан топилган хазиналар эса полиция томонидан олиб қўйилган. Агар кимдир хазина ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришга қарор қилса, иш ёмон томонга ўзгарган. Рус халқи топилган бойликларни давлатга топширишни афзал кўрди. Топширилган хазина экспертлар томонидан баҳолангач, фуқаро мукофот сифатида хазина миқдорининг 25 фоизини олиши мумкин эди. Фильмда ҳам шу воқеа билан боғлиқ ҳолат мавжуд.

Аввалроқ «Бриллиант қўл» фильмидаги энг сирли кадрлар эълон қилинган эди.

Россиялик режиссёр Леонид Иович Гайдай томонидан 1969 йилда суратга олинган фильмда Юрий Владимирович Никулин, Андрей Александрович Миронов, Нина Гребешкова, Николай Яковлевич Романов ва бошқа актёрлар роль ижро этган.

Ушбу кинофильм контрабандачилар ва тўсатдан уларга алоқадор нарсага аралишиб қолган инсоннинг ҳаёти ҳақида. Унда оддий ҳаёт кечирадиган давлат ходими Семён Семёнович Горбунков чет эл сафарига боради ва кўчаларни айланаётган вақтда йиқилиб тушади. Шунда унинг қўли синади ва контрабандачилар уюштирган ишга аралашиб қолади. Семён Семёновичнинг барча саргузашти шундан бошланади.

Бош рольга Юрий Никулин ҳеч шубҳасиз тасдиқланган (сценарий ҳам унга мослаб ёзилган). Геша ролига эса Гайдай Витцинни таклиф қилмоқчи бўлган, бироқ натижада таваккал қилиб Андрей Мироновни бу рольга таклиф қилган. Дарвоқе, фильмда Никулинлар оиласининг бошқа аъзолари ҳам иштирок этган: рафиқаси Татяна экскурциячи аёл ролини ижро этган, ўғли Максим эса – «сув устида юрган» бола ролини ижро этган.

Гайдай Госкино комиссиясига бошқа лавҳалар ҳам ёқмаслигини биларди, шунинг учун фильм охирига атайлаб денгиздаги ядровий портлаш саҳнасини қўшиб қўйди. Улар фильмнинг бошқа саҳналарига тегинмасликка, фақат портлаш саҳнасини кесиб ташлашга рози бўлди.