Интервью

Ғуломжон Ёқубов фарзандлари доғига қандай чидаганини айтди

«Пешонада ёзилгани бўлади», — дейди у

Ғуломжон Ёқубов фарзандлари доғига қандай чидаганини айтди

Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов «Nom» кўрсатувига берган интервьюсида фарзандлари доғига қандай чидаганини айтди.

Хонанда оила ҳақида гапиришни хоҳламайди. Ғуломжон Ёқубов икки нафар ўғлидан ажралганини ҳамма билишини айтди. Вафот этган пайти унинг бир ўғли 23, яна бири 15 ёшда бўлган.

«Оила ҳақида гапиришни хоҳламайман. Фарзандларим ўтганини ҳамма билади. Шуларни қайтаришни хоҳламайман. Керак бўлса, айтиш керак лекин ҳар доим бир нарсани қайтариш ҳам бўлмайди. Худонинг ишлари экан икки ўғилмдан ажралиб қолганман. Бири 23 ёш, бири 15 ёш эди. Қисмат. Пешонада нима ёзилган бўлса, шу бўлади. Ўзи хоҳлади, ўзи олиб кетди», — дейди хонанда.

Шунингдек, Ғуломжон Ёқубов фарзандлари вафотидан сўнг ўзига келиши қийин бўлгани ва бунга бир неча йил кетганини таъкидлади. Бу нарсадан кейин баъзилар пиёниста, баъзилар инсульт ёки инфаркт бўлиши мумкин. Хонандани бу вазиятдан санъат олиб чиқиб кетган.

«Ўзимга келишим учун бир неча йиллар ўтди. Мени санъат шу вазиятдан олиб чиқиб кетди. Бу нарсадан кейин баъзилар пиёниста, баъзилар инсульт, баъзилар инфаркт бўлиши мумкин. Бундай нарсани кўтариш қийин. Фарзанд доғи ёмон бўлади. Миямда ‘Саҳнадан тушмаслигим керак. Менинг ҳаётим саҳна билан’, деган нарса миямда бўлган. Шу нарса мени жардан олиб чиқиб кетган», — дейди Ғуломжон Ёқубов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғуломжон Ёқубов фарзандлари бир кунда вафот этганини айтиб, улардан бири нотўғри укол қилиниши сабаб қазо қилганини таъкидлаганди. Катта ўғли эса уларни касалхонага олиб кетаётган вақтда жарликка қулаган.