Интервью

«Эркаклар ансамблига аёл қўшилиши тарафдори эмасдим». Фаррух Зокиров биринчи хотини билан нега ажрашганини айтди

Хонанда оиласида ҳаммадан кеч уйланган

«Эркаклар ансамблига аёл қўшилиши тарафдори эмасдим». Фаррух Зокиров биринчи хотини билан нега ажрашганини айтди

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров «Nom» кўрсатувига берган интервьюсида биринчи турмуши билан ажрашгани ва фарзанди ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, оиласида ҳаммадан кеч уйланган. Акаси унинг қиз танлаши қийин бўлганидан дунё маликасига уйланишини тахмин қилган. Онаси эса қариндош-уруғларининг қизларини тавсия қилган. Хонанда эркаклар ансамблига аёллар қўшилишининг тарафдори бўлмаган. Бироқ «Ялла» ансамблига Наргиза Бойхонова қўшилган. Шундан сўнг у ҳамкасби билан турмуш қурган.

«Ҳаммадан кейин уйланган мен бўлдим. Ботир акам ‘Навбатинг келди-ку. Ким бўлар экан? Қандай бўлар экан? Қандайдир дунё маликаси бўлса керак. Танлашинг жуда бошқача бўляпти’, деган. Шунда онам ‘Қариндош томонларга ҳам эътибор бер’, дерди. Тақдирнинг қаранг. Асосий фаолиятим ‘Ялла’ гуруҳида бўлган. Биринчи турмуш ўртоғим ансамблга келган Наргиза Бойхонова бўлган. Мен шундан олдин бу тўғрисида қаттиқ гапирардим. Эркаклар ансамблига аёл киши қўшилишининг тарафдори эмасдим. Чунки санъат оламига аёл киши кириб келганда, ўзига яраша гўзаллиги бўлади. Кимдир эътибор беради, кимдир кўз ташлайди. Аёл ва эркак бир-бирига меҳр қўйса, кўз ташласа бу иттифоқлик бўлади. Айниқса, ижодий иттифоқ бўладиган бўлса. Ижодий жамоанинг ичида қарама-қаршилик бўлади. Бу табиий нарса», — дейди у.

У Наргиза Бойхонова билан феъл-атвори тўғри келмаганини айтди. Фаррух Зокировнинг биринчи турмушидан ўғли бор. Хонанда ўғлига доим эътибор қаратишга ҳаракат қилган. Унинг тўнғич ўғлидан 3 нафар қиз набираси бор.

«Турмушимиздан фарзанд кўрдик. Ҳозир ўғлимдан набираларим бор. Ҳамма инсоннинг ўзига яраша феъл-атвори бўлади. Биринчи турмушимиз бўлмади. Ўғлим билан орамизда қандайдир муаммолар бўлган. Лекин мен уни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаганман. Иложи борича телефон орқали. Қолаверса, учрашиб турганмиз. Ўғлим онаси билан қолган. Лекин ҳар доим мулоқотда бўлишга ҳаракат қилганман. Иложи борича ёрдам ва эътибор беришга ҳаракат қилганман. Ҳозирда ҳам шундай. Катта ўғлимдан 3 нафар набирам бор. Ҳаммаси қиз. Бу жуда ҳам катта бахт», — дейди Фаррух Зокиров.

Фаррух Зокиров иккинчи турмуш ўртоғи билан «Халқлар дўстлиги» санъат саройида тасодифан учрашиб қолган. У аёл рус миллатига мансуб бўлган. Хонанда у билан диди мос келганини ва ўша қиз онасига ҳам ёққанини таъкидлади. Фаррух Зокиров онаси танлаган қизи рус миллатига мансуб эканини айтганда, онаси унга қиз инсофлилигини айтиб, дуо қилган. Ҳозирда уларнинг оилага қурганига 35 йилдан ошган.

«Тақдир изни билан менинг йўлимда бир аёлга дуч келдим. У аёл билан ‘Халқлар дўстлиги’ санъат саройида тасодифан учрашиб қолдик. Биз учрашиб юрганимиз. У аёл рус. Мени Фаррух Каримович деб чақиради. У бир марта ‘Менга сизнинг репертуарингиздан бир қўшиқ жуда ёқади’, деди. Бирорта машҳур қўшиғимни айтади деб ўйладим. У ‘Ғайра-ғайра’ни куйлай бошлади. Кейин мен ‘Тўхта. Эртага тўйʼ, дедим. Дилимга тўппа-тўғри келгани мен учун кутилмаган нарса бўлди. Шундан кейин онамга таништирмоқчи бўлдим. Онамнинг биринчи гапи ‘Кўзи тўқ экан’ деган гапи бўлди. Нимага бундай деганига ҳайрон бўлдим. Миллари рус эканини айтдим. Шундаги гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. ‘Эй, болам, мен учун фақат инсоф деган миллат қолди. Инсофли экан. Майли қўша қаринг’, деб дуо қилган. Ҳозир бирга яшаётганимизга 35 йилдан ошди», — дейди хонанда.

Аввалроқ Фаррух Зокиров Ботир Зокиров унинг «Мажнунтол» қўшиғини айтишга рухсат сўрагани ҳақида айтиб берганди. Унинг таъкидлашича, бу қўшиқ 1974 йилда ёзилган. Фаррух Зокиров катта бахтга, шарафга эга бўлганини таъкидлади.

Фаррух Зокиров қўшиқларининг муваффақиятли чиқишига онаси сабабчи бўлганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, онаси ўзининг давридаги лапарларни яхши билган.