Жалолиддин Аҳмадалиев муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланди
Бу ҳақда муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоир хабар берган
Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг «Айёр дўстларим» қўшиғи шоир Беҳзод Фазлиддиннинг шеъридан олингани маълум бўлди.
Шоир ушбу шеърни 2012 йилда ёзган. Бу масала бўйича иш очилган ва хонанда жавобгарликка тортилган. Қўшиқ Жалолиддин Аҳмадалиевнинг YouTube саҳифасидан ўчилишига қарамай, тарона ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.
«Бир шеърим кўчирмакашлик йўли ‘Айёр дўстларим’ қўшиғи билан ўғирланиб, қўшиқ қилиб айтилгани ҳақида аввал хабар берилган эди.
Ж. Аҳмадалиев ижросидаги ‘Айёр дўстларим’ қўшиғида ‘Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз…’ деб бошланувчи шеър (Беҳзод Фазлиддин. ‘Кутмаган кунларим, кутган кунларим’ китоби, 2012 йил) ўзлаштирилиб, рухсатсиз фойдаланилган. Шу шеър асосида гўё янги бир шеър ‘яратилган’ ва қўшиқ қилинган. Ушбу қўшиқ интернетда YouTube платформасида ва кўплаб сайтларда тарқалган.
Мазкур ҳолат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигида ўрганилиб, муаллифлик ҳуқуқи бузилгани, асардан қонунга хилоф равишда фойдаланилгани аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 177(1)-моддаси биринчи қисми бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Иш Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида кўрилди. Ж.Аҳмадалиев маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қўшиқ YouTube’даги каналлардан олиб ташланди. Шунга қарамай, бу қўшиқ ҳали ҳам интернет тармоғида тарқаляпти, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари давом этиб келмоқда.
Айни кунларда иш фуқаролик ишлари бўйича судга ошириляпти.
Маълумот ўрнида: ‘Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида’ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Мазкур қонуннинг 65-моддасида ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлаши белгиланган. Маънавий зарар ҳам назарда тутилган.
Худди шу қўшиқни яна бир хонанда ‘Ҳушёр дўстларим’ номи билан ижро этган экан. Бу қўшиқ билан боғлиқ ҳолат эса ўрганиляпти.
Муаллифлик ҳуқуқи ҳақида қайта-қайта эслатаётганимизга қарамай, ҳамон ижод намуналаримиз ўғирланаётгани, шеърларимиз рухсатсиз қўшиқ қилинаётгани, сўзлари бузилиб ижро этилаётгани, ҳатто бутунича бошқалар номидан ўзлаштирилаётгани ҳақида эшитиб қоляпмиз. Бу каби ҳоллар бизни жуда чарчатди. Кескин чора кўришга мажбур бўляпмиз.
Кўпчиликка маълум, бир неча йил аввал ижод ўғрилари, кўчирмачи қаламкашлар ва қўшиқчилар билан судлашишгача борганмиз, оқибатда улар жавобгарликка тортилган.
Борган сари жиддий муаммога айланаётган бу каби масалаларга кўз юмиб кетиб бўлмайди. Қолаверса, бу йўл билан келгуси ўғрилигу ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига маълум маънода таъсир ўтказиш, шу билан бирга, хонандалар ҳамда уларнинг тарғиботчиларини сўз ва ижод масъулиятини ҳис қилишга ундаш нияти бор эди.
‘Ўзбекконцерт’ мутасаддилари ҳам бу масалага жиддийроқ эътибор қаратади, деб ўйлаймиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санжай ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоирга мурожаат йўллаганди.
Посмотреть эту публикацию в Instagram
Шунингдек, Юлдуз Усмонова ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун шоир Йўлчи Рўзиевга товон пули тўлаганди.