Янгиликлар

«Уч ой умрим қолгани айтилган». Раъно Шодиева унда саратон қандай бошлангани ҳақида гапириб берди

«Аллоҳ шундай бир синов берди», — дейди актриса

«Уч ой умрим қолгани айтилган». Раъно Шодиева унда саратон қандай бошлангани ҳақида гапириб берди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, I даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси Раъно Шодиева жигар саратони қандай бошлангани ҳақида гапириб берди.

Актриса касалликни вақтида пайқаган ва шифокорларга мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, жуда оғир аҳволда бўлган. Шифокорлар унга икки-уч ой умри қолганини айтган. Саратон бошланишидан олдин у иш юзасидан Москвада бўлган.

«Аллоҳ менга шундай бир синов берди. Ҳозир шу синовни чиройли енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқдаман. Мен жуда оғир аҳволда эдим. Шифокорларнинг айтишича, икки-уч ойлик умрим қолган экан, касалликни вақтида пайқабман.

Ҳаммасини бошидан айтадиган бўлсам, бу худди кинодагидек бўлди. Мен касаллигимни билишимдан аввал Москвада эдим. Халқаро ‘Кар-соқовлар жамияти’нинг Конгрессига, Ўзбекистон номидан борган эдим. Қизил майдонни айландим, Instagram’да обуначиларим билан жонли мулоқот қилдим. Кремлда гала-концертларда қатнашиб, эртаси куни Ўзбекистонга учиб келишим керак эди», — дейди у.

Актриса Ўзбекистонга қайтиш учун аэропортга кириб борганида кучли оғриқ бошланган ва ҳушини йўқотган. Раъно Шодиева сабаб рейс 40 дақиқага кечиктирилган. Бироқ актриса ўзига келгач, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. У келгач турмуш ўртоғи билан шифохонга борган ва жигар саратонига чалинганини билган.

«Самолётга кираётганимда, даҳшатли оғриқ бошланди, кейин эса хушимни ёқотибман. Ўзим бу нарсани сезмай ҳам қолдим. Мен сабаб рейс 40 дақиқага кечиктирилибди. Ҳатто, тез ёрдам билан аэропортдан шифохонага юбормоқчи бўлишди. Лекин ўзимга келганимдан сўнг,’Нима бўлишидан қатъи назар Ўзбекистонга қайтаман’, деб тез ёрдам ходимларига тилхат ёзиб бериб, Тошкентга қайтдим. Келганимдан сўнг сездимки, менда нимадир бошқача, ҳеч қачон мени безовта қилмаган муаммолар пайдо бўлди. Эртаси куни турмуш ўртоғим билан клиникага бордик ва мен бу ташхисни эшитдим: онкология, жигар саратони», — дейди актриса.

Раъно Шодиева жигарининг 50% ини метастаза босиб кетганини айтди. Шундан сўнг шифокорлар унга даволаниш учун Германия ёки Туркияни маслаҳат берган. Актриса эса Туркияни танлаган ва ўша ерда даволанган.

«Бир кунда ҳаётим умуман бошқа томонга ўзгарди. Жигаримнинг 50% ини метастаза босиб кетган экан. Аҳволим эса жуда-жуда ёмон экани маълум бўлди. Бир-икки кунда қаерда муолажа олишимни муҳокама қилдик. Ўзбекистондаги шифокорлар ‘Сизнинг касалигингизни Ўзбекистонда муолажа қилиш жуда қийин масала, сабаби технология ва дорилар бизда муаммо, чет элда муолажа қилсангиз яхши бўларди’, дейишди. Бизга Германия ва Туркия вариантини айтишди, мен эса Туркияни танладим», — дейди Раъно Шодиева.

Раъно Шодиева илк бор 17 январь куни касаллиги ҳақида гапирганди. Унинг таъкидлашича, Туркияда жуда катта амалиётни бошдан ўтказган. Аммо, актриса айнан қандай касаллик билан курашгани ҳақида гапирмаган, бу ҳақда гапиришга ҳали тайёр эмаслигини таъкидлаган.

«Аллоҳ менга шундай синов берди, ҳозирги кунда ундан муваффақиятли ўтишга ҳаракат қиляпман. Аллоҳга шукр, кўп нарса ортда қолди. Рости, бу тўғрисида гапириш мен учун жуда оғир. Чунки бу ҳақида гапиришга тайёр эмасман. Лекин шуни айта оламанки, жуда катта амалиётни бошдан ўтказдим. Шукрки, ҳозир оилам бағрида эканимдан хурсандман», — дейди Раъно Шодиева.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Rano Shodiyeva (@shodiyevarano)

Шундан сўнг актриса 11 соатлик оғир операцияни бошдан кечирганини маълум қилганди. Раъно Шодиева Худо унга иккинчи умр берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, охирги бир неча ой ичида ҳаёти кўз олдидан ўтган. Актриса ҳаёти учун курашган шифокорлар жамоасига миннатдорчилик билдирди.

«Аллоҳ таоло менга иккинчи умр берди. Бу мен энг қийин 11 соатлик операциядан кейинги 10-куним. Бир неча ой ичида бутун ҳаётим кўз олдимдам ўтди. Ҳаётим учун курашган бутун шифокорлар жамоасидан миннатдорман, улар менинг қаҳрамонларим, сизни жуда яхши кўраман», — дейди актриса.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Rano Shodiyeva (@shodiyevarano)

Шунингдек, Раъно Шодиева Instagram stories’ига акаси, қизи Рахшона ва куёви Жамолиддин унга қорбобо ясаб бергани акс этган видео жойлади. Актриса ёш болага ўхшаб қолганини таъкидлади.

«Менга қорбобо ясаб беринг деб, бу уччаласини роса ишлатяпман. Мен акам қорбобо ясаб берганига жуда ҳам мамнунман. Худди кичкина болага ўхшаб қолдим. ‘Қорбобо ясаб беринг’, деб тўполон қилдим», — дейди у.

Кейинроқ Раъно Шодиева қандай касаллик сабаб операция бўлганини маълум қилганди. Раъно Шодиева жарроҳлик амалиётида жигарининг 60 фоиз қисми олиб ташланганини айтди. Жигар ўсадиган аъзо. Актриса жигарининг олиб ташланган қисми 1 йил давомида яна ўсиб, жойига келишини таъкидлади. Ушбу аъзода қон томирлари кўп бўлгани сабаб операция қийин кечган. Видеода унинг кимёвий даволаниш жараёнида эканини кўриш мумкин.

«Жигаримнинг 60 фоизи олиб ташланди ва соғломини қолдиришган. Жигар бу ўсадиган нарса. Жигаримнинг олиб ташланган фоизи 1 йил давомида яна ўсиб жойига тушади Худо хоҳласа. Осон амалиёт бўлмади. Жуда қийин, машаққатли бўлди. Чунки жигарнинг организмни ишлатиш учун 300 та функцияси бор. Жигарда қон томирлари кўп. Шунинг ҳаммасини жой-жойига қўйиб тикиш керак. 5 ойдан бери Туркиядаман. Ҳозир муолажа оляпман. Кимёвий даволанишдаман», — дейди Раъно Шодиева.

Актриса жигар саратонига чалинишига нима сабаб бўлганини айтганди. У соғлигига жуда қаттиқ қарайди. Аввал касаллигига сабаб нималигини ҳеч ким билмаган. Кейинроқ бу ўгир босим оқибатида эканини айтилган. Раъно Шодиева уни қутқариб қолиш вариантлари кам бўлганини таъкидлаган. Шифокорлар актрисага жигарини очиб, шунчаки ёпиб қўйиш мумкинлигини айтган. Чунки унинг жигари оғир аҳволда бўлган.

«Соғлигимга жуда қаттиқ қарайман. Ҳеч ким билмайди. Кейин айтишди катта босимдан бўлган. Босим ошганидан жигарим чидолмаган. Шундай дейишди. Шундан сўнг шифокор қидиришни бошладик ва Туркияга келишга қарор қилдик. Бундан ҳеч ҳам афсусланмайман. Чунки мени қутқариш вариантлари жуда кам эди. Мен ўтқазган 11 соатлик амалиётим Худонинг мўъжизаси. Яна қайта дунёга олиб келгани. У операция ўзи 6 соат бўлиши керак эди. Лекин айрим сабаблар учун 11 соатга чўзилди. Шифокорим ҳам хурсанд. Унинг хурсандлиги кўрсангиз, ўзингиз хурсанд бўлардингиз. Шифокор аввал жигарингизни очиб шундай ёпиб қўйишимиз мумкин деганди. Чунки жигаримни аҳволи жуда ёмон эди», — дейди Раъно Шодиева.