Янгиликлар

Миллиондан миллиардгача: 2021 йилнинг энг кўп маош олган машҳурлар рейтинги эълон қилди

Ушбу рейтинг «Forbes» журналида эълон қилинган

Миллиондан миллиардгача: 2021 йилнинг энг кўп маош олган машҳурлар рейтинги эълон қилди

Дунёга машҳур «Forbes» нашри 2021 йилнинг энг кўп маош олган машҳурлар рейтингини эълон қилди.

Рейтингда шоу-бизнеснинг 25 нафар вакилининг даромади солиқлардан ташқари 4,4 миллиард долларни ташкил қилди. Янги зеландиялик кинорежиссёр, «Узуклар ҳукмдори» трилогияси асосчиси Питер Жексон биринчи ўринни эгаллаган. «Forbes» журнали ёзган маълумотларга кўра, Жексон бир йил ичида рекорд даражада, яъни 580 миллион доллар бойлик орттирган. Унинг даромадининг катта қисми «Weta Digital» махсус эффектлар студиясининг 1,6 миллиард долларлик сотувидан тушган. Ушбу битим Жексонни Стивен Спилберг ва Жорж Лукасдан кейин учинчи миллиардер директорга айлантирди.

Иккинчи ўринни эса 12 ойда 435 миллион доллар ишлаб топган америкалик хонанда Брюс Спрингстин эгаллаган. У ҳам келишув туфайли бойиб кетган, яъни қўшиқларининг бутун каталогига бўлган ҳуқуқни «Sony» мусиқа бўлимига ярим миллиард доллардан ортиқ маблағга сотган.

Рейтингнинг учинчи ўрнини америкалик рэп хонандаси Жей-Зи эгаллаган. Унинг йиллик даромади 340 миллион долларни ташкил қилган. Тўртинчи ўринни эса 270 миллион доллар билан актёр Дуэйн Жонсон, бешинчи ўринни 235 миллион доллар билан америкалик рэпер Канье Уэст банд қилган. Америкалик актриса Риз Уизерспун шоу-бизнес вакиллари орасида энг кўп маош олувчи аёлга айланган. У бир йилда 115 миллион доллар ишлаб топиб 12 ўринни эгаллаган.