Машина ва кўчмас мулкка тақиқ қўйилган: «Дизайн»га оид ижро ишлари маълум қилинди
Улар тадбиркорни 30 минг долларга чув туширгани айтилган
«Дизайн» кулгу жамоасининг тўрт аъзоси тадбиркорнинг 30 минг доллар пулини олгани ва уни қайтармагани маълум бўлган эди. Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Shoubiz.uz»га жамоага оид ижро ишлари ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 7 майдаги даъвогар С.С. нинг жавобгарлар (Дизайн жамоаси вакиллари) Д.М., Қ.К., А.М. ва С.Ф.га нисбатан пулини ва фоиз суммасини ундириш ҳақидаги даъво аризасига асосан даъвогар С.С.нинг фойдасига солидар тартибда 315 миллион 815 400 сўм пул маблағлари, 7 миллион 389 215 сўм фоиз суммаси, 12 миллион 928 184 сўм давлат божи, жами 336 миллион 132 799 сўм ундириш бўйича ижро варақаси 16-17 декабрь кунлари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларига ҳудудий туман бўлимларига юборилган. Аниқланишича, қарздор С.Ф.нинг яшаш манзили Юнусобод туманида бўлганлиги сабабли, ижро варақаси Бюронинг Юнусобод туман бўлимига келиб тушган.
Бўлим томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг (бундан кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатиш ҳамда қонуннинг 421-моддасига асосан жавобгарга нисбатан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинган. Хусусан, қарздор С.Ф.нинг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида, қонуннинг 21, 87-моддасига асосан ташкилотларга сўровномалар юборилган бўлиб, унинг ҳеч қаерда ишламаётганлиги аниқланиб, номига расмийлаштирилган машиналарига нотариал ҳолатларни амалга оширолмаслик учун барча тақиқлар қўйилган.
Шунингдек, бўлими томонидан 22 декабрь 2021 йилда ижро ҳужжатидаги қарздорликни ижросини тўлиқ таъминланиши учун қарздор С.Ф. нинг номига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларига қидирув эълон қилиниб, Тошкент шаҳар ИИБ ЙХХБ бошлиғига харакатда бўлган автотранспорт воситаларини жаримага майдонига жойлаштириш бўйича қарори қабул қилинган.
Қарздор М.А.нинг ҳам яшаш манзили Юнусобод туманида бўлгани сабабли, ижро варақаси Бюронинг Юнусобод туман бўлимига келиб тушган. Бюронинг Юнусобод туман бўлими томонидан қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатиш ҳамда Қонуннинг 421-моддасига асосан жавобгарга нисбатан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинган. Хусусан, қарздор М.А.нинг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида, Қонуннинг 21, 87-моддасига асосан ташкилотларга сўровномалар юборилиб, қарздорликни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, жавобгарнинг номига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларига нотариал ҳолатларни амалга оширолмаслик учун барча тақиқлар қўйилган.
Шунингдек, бўлими томонидан 22 декабрда ижро ҳужжатидаги қарздорликни ижросини тўлиқ таъминланиши учун қарздор М.А.нинг номига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларига қидирув эълон қилиниб, Тошкент шаҳар ИИБ ЙХХБ бошлиғига харакатда бўлган автотранспорт воситаларини жаримага майдонига жойлаштириш бўйича қарори қабул қилинган. Қарздор Қ.К.нинг яшаш манзили Чилонзор туманида бўлганлиги сабабли, ижро варақаси Бюронинг Чилонзор туман бўлимига келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 20 августдаги ҳатига асосан ижро ҳаракатлари тўхтатилган. Мазкур ижро ҳужжати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 11 ноябрдаги ижро ҳаракатларини давом этириш тўғрисидаги ҳати бўлим иш юритувига 11 ноябрь куни келиб тушган. Қарздорга нисбатан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорга тегишли 1 та автотраснпорт воситасига тақиқ қўйилган. Ҳозирда ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.




