«Дизайн» жамоаси тадбиркорни 30 минг долларга «ухлатгани» маълум бўлди
Гуруҳ барча судларда ютқазган
«Дизайн» кулгу жамоасининг тўрт аъзоси тадбиркорнинг 30 минг доллар пулини олгани ва уни қайтармагани маълум бўлди. Бу ҳақда «Кun.uz» нашри хабар берди.
Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси шуғулланмоқда. Аммо ҳозирча ҳолат юзасидан бирор қарорга келинмаган. Маълум қилинишича, жамоа ўз концерт дастурини «Aladdin-TM» платформасида онлайн тарзда ўтказишга келишиб олади. «Дизайн» ва тадбиркор Салоҳиддин Салмов ўртасида оғзаки шартнома тузилади. Унга кўра, «Дизайн» уюштирилган концерт учун Салоҳиддин Саломовдан 60 минг доллар оладиган бўлади. Концерт дастури Салоҳиддин Саломовга қарашли «Aladdin-TM» МЧЖга тегишли платформада жойлаштирилиши, келадиган даромад МЧЖга 70 фоиз ва «Дизайн»нинг ҳуқуқий эгаси бўлган «DIZAYN PRO» МЧЖга эса 30 фоиз нисбатида тақсимланишига келишилади.
Иш бошланишидан олдин Салоҳиддин Саломов «Дизайн» жамоаси йигитлари – Дилшод Мусабеков, Қобил Каримбердиев, Абдураҳмон Мавлонов ва Саъдулла Фатхуллаевларга 30 минг долларни тилхат асосида беради. Шундай қилиб, 30 минг доллар берилади, «Дизайн» йигитлари концертга тайёргарликка киришадилар. Ғоя бир қарашда ажойиб эди – ҳамма карантинда зерикиб ўтирган бир пайтда, 2020 йил 20 декабрь куни YouTube орқали онлайн концерт дастурини намойиш қилиш режалаштирилган.
Аммо Салоҳиддин Саломов маълум сабабларга кўра тўловнинг иккинчи қисми – қолган 30 минг долларни бермайди. Томонлар ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Шу туфайли концерт эълон қилинган муддатда намойиш этилмайди. Орадан бир неча кун ўтиб, яъни 2020 йилнинг 29 декабрида бу концерт барибир YouTube орқали намойиш этилади. Фақат «Дизайн» жамоасининг ўзига тегишли саҳифа ва ўзбек шоу-бизнесида машҳур платформага айланган «RizaNova» интернет порталида жойланади. Шу билан Салоҳиддин Саломов ва унга тегишли «Aladdin-TM»амалда на пулсиз, на маҳсулотсиз қолади.
Бу ҳолат келишмовчиликларни анча жиддийлаштиради. Тортишувлар натижа бермагач, Салоҳиддин Саломов қизиқчи йигитлар устидан ички ишларга ариза беради. Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ «Дизайн» йигитлари ҳаракатида жиноят аломати йўқ деб топади ва даъвогарга маблағни ундириш бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
Иш судгача боради, қатор маҳкамалардан кейин 2021 йил 7 май куни Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судида, судья Д.Ҳасанов раислигида ҳал қилувчи суд мажлиси бўлиб ўтади. Унда даъвогарнинг адвокати даъвони тасдиқлаб, ўтказилиши керак бўлган концертга чипталар сотилгани, реклама учун харажатлар қилингани, аммо концерт бўлмагани учун реклама харажатларига куйиш билан бирга чипталар пулини ҳам қайтариб беришга мажбур бўлинганини билдирган.
Жавобгарлар, Дилшод Мусабеков, Қобил Каримбердиев, Абдураҳмон Мавлонов, Саъдулла Фатхуллаев ва «DIZAYN PRO» МЧЖ директори Д.Умурзаковлар эса даъвони рад этишни сўрайди ҳамда даъвогар томонидан келишувдаги 60 минг доллар тўлиқ берилмагани, 30 минг доллар эса концертга тайёргарлик харажатларига сарфланганини, концертдан кейин ўзаро гаплашиб, келишганларига қарамай С.Саломов яна даъво қилаётганини билдиради.
Суд томонларнинг важларини эшитганидан сўнг даъвогарнинг талабини қисман қондириш, кўрсатилган маблағ ва унинг маълум фоизи, давлат божини ҳисобга олган ҳолда 336 млн сўм пулни тўртовлондан ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб беради. «Дизайн» жамоаси ҳам таслим бўлмайди. Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритишади. Аммо бу даргоҳда ҳам қизиқчиларнинг иши юришмайди ва 2021 йилнинг 3 августида судья Д.Абдуқаҳҳорова раислигида олдинги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарилади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг маълум қилишича, 336 132 799 сўм ундириш бўйича ижро варақаси бюронинг тегишли ҳудудий туман бўлимларига юборилган. Қарздорларнинг иккитасига Юнусобод ва яна икки нафарига Чилонзор туман МИБда ижро иши юритилмоқда.
Гуруҳ аъзоларининг барчасининг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Номига расмийлаштирилган кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига нотариал ҳолатларни амалга оширолмаслик учун тақиқлар қўйилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган. Абдураҳмон Мавлоновнинг иш ҳақидан 50 фоизига қаратиш учун унинг иш жойига талабнома юборилган. Қобил Каримбердиевнинг 2 та ва Дилшод Мусабековнинг 1 та автотранcпорт воситасига тақиқ қўйилган.





