Интервью

«Уйига совчи келмаган». Отабек Муталхўжаев Шаҳзода Муҳаммедова билан бўлган миш-мишлар ҳақида

Актёр бунга газетадаги мақола сабаб бўлганини айтди

«Уйига совчи келмаган». Отабек Муталхўжаев Шаҳзода Муҳаммедова билан бўлган миш-мишлар ҳақида

Хонанда, актёр Отабек Муталхўжаев YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида газетадаги мақола сабаб, Шаҳзода Муҳаммедованинг уйига совчи келмай қўйганини айтди.

Отабек Муталхўжаев 2-3 йил давомида уларни оила қурган деб ўйлашганини айтди. Бунга эса газетадаги 1 апрель муносабати билан чиққан мақола сабаб бўлган. Санъатколар газета учун узук, келин кўйлак танлаб суратга тушган. Мақола «Турмуш қурдими?» сарлавҳаси билан чиққан ва гап-сўзларга сабабчи бўлган.

«Кўп бўлди. 2-3 йил ‘Шаҳзода Муҳаммедова билан оила қурдинг. Сен унинг эрисан. У сенинг турмуш ўртоғинг’, деб юришарди. Энг ёмони ўша пайтда Шаҳзода Муҳаммедованинг уйига совчилар ҳам бормай қўйган экан. Бу мақола адашмасам, 1 апрель ҳазили бўлиб, газеталарнинг бирида чиққанди. Ҳаммаси буни жиддий қабул қилган. Бу газетанинг ҳазиломуз лойиҳаси бўлган. Шу лойиҳада чиққанмиз. Бизни шаҳарга олиб чиқиб, узук тақаётгандек, дўконларда юргандек, келин кўйлак ва костюм-шим танлагандек қилиб расмга олишган. Биз бошида одамлар шунга ҳам ишонадими? Бу ишонарли нарса эмас деб ўйлаганмиз. Лекин мақола сал бошқачароқ чиқди. ‘Турмуш қурдими?ʼ сарлавҳаси билан чиққан. Икки варaқ тўй ҳақида гапирилган ва энг охирида 1 апрель ҳазили деб қўйилган. Баъзилар фақат бир варaқни ўқийди. Баъзилар сарлавҳанинг ўзини ўқийди. Расмда турибди. Демак, уйланибди дейишган. Шу билан ‘эр-хотин’ бўлиб кетганмиз. 2-3 йил шундай гап-сўзларнинг орасида юрганмиз», — дейди Отабек Муталхўжаев.