Интервью

«Саҳнадалигимда гапирган». Фотима Бердиева унга беҳаё гаплар айтган режиссёр ҳақида

«Менга ҳеч ким очиқ-ойдин 'пастел' таклиф қилмаган», — дейди у

«Саҳнадалигимда гапирган». Фотима Бердиева унга беҳаё гаплар айтган режиссёр ҳақида

Актриса Фотима Бердиева YouTube’даги «Telegram yulduzlari» лойиҳасига берган интервьюсида унга қўпол гапирган режиссёрларга «шантаж» қилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳеч ким актрисага очиқ-ойдин «пастел» таклиф қилмаган. Бироқ бир кастингга борганида режиссёр унинг актёрлик маҳоратини кўриш учун Ўзбекфильм’га таклиф қилган. У ерда эса Фотима Бердиевага қўпол сўзлар ишлатилган. Актриса Ўзбекфильм’дан чиқиб уларнинг овозини ёзиб олганини ва милицияга топширишини айтиб «шантаж» қилган. Шундан сўнг Фотима Бердиевадан режиссёрнинг ўзи узр сўраган.

«Менга ҳеч ким очиқ-ойдин ‘пастел’ таклиф қилмаган. Лекин жуда ҳам очиқчасига бошқа гапларни гапирган. Битта кастингга борганимда мени кўриб қолиб ‘Чиройли қиз экансан. Сенинг актёрлик маҳоратингни кўрамиз’, деган. Ўзбекфилмга олиб борган. Саҳнада турганимда ‘Сен анави жойинг билан ҳам кўтарила олмайсан’, деган. Ҳамма гапни очиқчасига айтган. Ўша пайти телефонимга овозингизни ёзиб олдим деб уларни ‘шантаж’ қилганман. Бу сериалдан кейин ҳеч ким бундай таклиф беролмаган. Бир интервьюда ўша инсонларнинг номини айтганман. Кейин улар менга ёзган. Менга бу гапни айтмаслигимни сўраб ҳам ёзишди. Баъзи бир сабабларга кўра ҳаммасининг исмини очиб ташламадим», — дейди актриса.

Актриса интервьюларининг бирида ундан бош роль учун пул сўраган ва Ўзбелфильмда устидан кулган режиссёрлар кимлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Баҳзод Жониев бош роль учун Фотима Бердиевадан 1,5 минг доллар сўраган. Давлатбек Йўлдошев эса Ўзбеккинода унга қўпол гапларни гапирган.

«Мендан бош роль учун пул сўралган. Ўшандан кейин бошқа жойларга ҳам кастингга бордим. Кўпчилик менга нотўғри фикр билдирди. Бир-иккита одамни ‘шантаж’ ҳам қилганман. Чунки менга жуда қўпол гаплар гапирган. Кейин кўпчилик режиссёрлар мени расмимни ўзаро тарқатиб, ‘Буни олма’, деган. Режиссёрлар ‘запрет’ига кирганман. Беҳзод Жониев бош роль учун 1 ярим минг доллар сўраган. Оператор Бахтиёр ака ва Давлатбек Йўлдошев мени Ўзбекфилмда саҳнага олиб чиқиб устимдан кулган», — деган Фотима Бердиева.

Аввалроқ Фотима Бердиева «Дайди қизнинг дафтари» сериалида роль ўйнаганидан афсусдан эмаслигини таъкидлаган. Бошидан унга сценарий берилган ва ҳаммасидан хабардор бўлган. Фотима Бердиеванинг сўзларига кўра, уни қўллаб-қувватлайдиган обуначилари кўпроқ.