Интервью

«Эри жуда рашкчи эди». Нигора Рухшонанинг оиласи бузилиши ҳақида

Хонанда уларнинг фарзандига ачинишини айтди

«Эри жуда рашкчи эди». Нигора Рухшонанинг оиласи бузилиши ҳақида

Актриса, хонанда Нигора YouTube’даги «Mirsodiqova bilan» лойиҳасига берган интервьюсида Рухшонанинг оиласи бузилиши ҳақида гапирди.

Нигора уларнинг иккаласининг ҳам ҳолатини яхши билмаслигини таъкидлади. Шу сабабли бу ҳақда гапиришни истамайди. Бироқ хонанда Санжар Маткаримовнинг жуда рашки бўлганини айтди. Актриса фарзандларининг туғилган кунида Рухшонага болаларини ҳам олиб келишни сўраган. Лекин Санжар Маткаримов уларни жўнатмаган.

«Мен унинг оилавий ишига аралашмайман. Мен икки тарафнинг ҳам ҳолатини билмаган ҳолда, уларни ёмон деёлмайман. Улар келишолмади. Мен ўртада қолган фарзандларга ачиняпман. Чунки фарзанд беайб. У ҳам отаси, ҳам онаси бўлишини хоҳлайди. Эри жуда рашкчи эди. Рухшона эса чиройли. Биз билан кўришгани бирор жойга юбормасди.

Рухшона оиласидаги нарсани ҳеч қачон ташқарига чиқармаган. Шунча йиғилган нарса энди чиқиб келаётгандир. Лекин шу пайтгача оиласидагиларни ёмонлаганини эшитмаганман. Болаларимизнинг туғилган кунида фарзандларингни олиб кел дердик. Лекин жўнатмасди», — дейди у.

Рухшона 2020 йил 14 октябрь куни ижтимоий тармоқда эри, режиссёр Санжар Маткаримов билан ажрашганини маълум қилган. Шунингдек, у билан ярашиш нияти ҳам йўқ эканини, 3 талоқ олгани сабабли улар бирга яшамаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари фарзандларини унинг ўзи катта қилганини айтган. Унинг кўплаб мухлислари нима сабабдан ажрашганини сўраган. У эса бунга рашк сабаб бўлганини айтган.

Шунингдек, ҳали қонуний ажрашмагани, фақат шаърий ажрашганини таъкидлаган. Бундан ташқари хонанда эрининг иккинчи турмуши эканини тан олган. Унга мухлисларидан бири машҳурлиги эрига ёқмагани, шу сабабли ҳам ажрашганини айтган. Хонанда эса бу ҳақиқатлигини айтиб, гапларни инкор этмаган. Шу билан биргаликда «Бола тилидан» кўрсатувига ҳам эри билан ажрашгани сабабли энди бошловчилик қилмаслигини маълум қилган. Чунки эри мазкур кўрсатув режиссёри ҳисобланади.

Рухшона 18 ноябрь куни эса Instagram сафасида қилган жонли эфири пайтида Санжар Маткаримовнинг уйидан кўчиб кетаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, уйдан ўзига тегишли нарсаларни олиб кетган. Бироқ актриса ўзига тегишли 128 долларлик «стойка»ни қолдириб кетаётганини таъкидлаган. Кейинчалик эрининг уйидан олиб кетган нарсаларини кам таъминланган оилаларга бериб юборишини айтган.

Санжар Маткаримов эса 18 январь куни илк бор турмуш ўртоғи Рухшона билан ажрашишининг сабабини ошкор қилди. Улар 7 йил бирга ҳаёт кечирган. Бироқ жуфтлик 2021 йил 6 cентябрдан буён бирга яшамаяпти. Санжар Маткаримов хотини Рухшонанинг қинғир ишларини билиб қолгач, у билан ажрашишга қатъий қарор қилганини ва шу заҳоти уни «Бола тилидан» кўрсатувидан ҳайдаганини таъкидлади. Орадан 1 ой вақт ўтгач, у янги бошловчи учун кастинг эълон қилган. Ундан Азиза Ёқубова муваффақиятли ўтган. Бироқ актриса бошида таклифни рад этган. Санжар Маткаримов ҳамма воқеани тушунтиргач, Азиза Ёқубованинг шахсан ўзи Рухшонадан рухсат сўраган. 2021 йил октябрь ойининг бошларида «Бола тилидан» кўрсатуви яна ўз фаолиятини давом эттирган.