Интервью

«Аниқ ўлардим». Тиктокер Паризода унаштириладиган йигити уни ўлдирмоқчи бўлганини айтди — видео

Инстаблогер ўша бола унинг пулини ўғирлаганини айтди

«Аниқ ўлардим». Тиктокер Паризода унаштириладиган йигити уни ўлдирмоқчи бўлганини айтди — видео

Тиктокер, инстаблогер, актриса Паризода Усмонова YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида унаштириладиган йигити унга суиқасд қилмоқчи бўлгани ҳақида гапириб берди.

Актрисанинг сўзларига кўра, у йигит билан совчи орқали танишган. Блогер унинг шароити яхши бўлмагани, фақат самимийлиги учун ёқтирганини айтган. Паризода орада пластик картасини йўқотиб қўйган. Унинг ичида 50 миллион сўм миқдорида пул бўлган. Актриса пластик картаси йўқолганини билгач, ичида 1 миллион сўм қолдириб, қолганини ечиб олган. Бироқ орадан кўп ўтмай, ўша пул ҳам йўқолган. Шу сабабдан тиктокер банкка бориб, банкоматдаги видеоёзувни кўрган. Видеода Паризода яқинда унаштирилиши керак бўлган йигит пулини олганини билган.

«Фотиҳам энди бўлиши керак эди. У билан совчи орқали танишганмиз. Боланинг шароити жуда зўр эмасди. Менга шароити муҳиммас эди, унинг самимийлиги ёққанди. Шунга қараб онамга розилигимни айтганман. Кўришиб, гаплашиб юрдик. Орада пластигим йўқолди. Ичида 50 миллион сўм пулим бор эди. Кейин тез банкка бориб, ичидаги пулни ечиб олдим. Ичида 1 миллион сўм пул қолди. Ҳаммадан телефон қилиб, ‘Cенда эмасми?’, деб сўрадим.

Ўша унаштирилишим керак бўлган боладан ҳам сўрадим. У ҳам ‘Менда эмас’, деди. Кейин дўкондан нарса олмоқчи бўлдим. Пластигимни сотувчига берсам, ичида пули йўқлигини айтди. Яна ҳаммадан сўраб чиқдим. У менинг асосий пластигим эди. Ҳамма пулим ўшанга тушарди. Катта пул тушиб қолса, уни ҳам ечиб олишса-чи, деб ўйладим. Банкка бориб, қайси банкоматдан пул ечилганини топдим. Ўша банкка бордим. Менга камерани очиб беришди. Видеода мен унаштирилишим керак бўлган бола пулни ечиб олганини кўрдим. Шокка тушиб қолдим. Ўша ҳолатни видеога олиб чиқиб кетдим», — дейди Паризода Усмонова.

У банкдан чиққач, пулини олган одам кимлигини билганини айтиб, Instagram’да сторис қўйган. Шундан кейин блогер асабий бўлиб қолган ва шифохонага даволаниш учун ётган. Бир куни кечаси унаштирилиши керак бўлган йигит унинг олдига гул билан кириб келган. Актриса уни кўриб жанжал қилган. Ўша вақтда йигит Паризоданинг юзига ёстиқ босган. Тиктокер ўша пайти эшик тақилламаганда ўлиб қолган бўлишини таъкидлаган.

«У ердан чиқиб, Instagram’га сторис қўйдим. Пластигимдан ким пул ечиб олганини билдим. Агар ўша одам яна ёнимда ўралашса, юзини Instagram’га қўяман дедим. Лекин шу одам мендан кечирим сўрашини хоҳлашимни айтдим. Орқа томондан расмини қўйиб, агар телефон қилмаса, видеони қўйишимни айтдим. Менга у бола телефон қилмади. Йўқ бўлиб қолди. Уйга бориб, онамга ҳолатни айтдим ва фотиҳани бекор қилдим.

Шундан кейин мен асабий бўлиб қолдим. Онам мени касалхонага ётқизиб келди. Бир куни кечки пайт унаштирилишим керак бўлган йигит ўзидан катта гул билан кириб келди. Унга гулни ҳам олиб чиқиб кетишини айтдим. Бақир-чақир қилиб ташладим. Ўша жойда анча тўполон бўлди.

Кейин менинг юзимга ёстиқ босиб, ўлдириб қўяй деди. Агар эшик тақиллаб қолмаганда, мен аниқ ўлардим. У видеони ўчириш учун келган экан. Шуни баҳона қилиб, гул кўтариб келган. Ташқарида бир навбатчи ўтирганди. У бақир-чақир бўлганига эшикни тақиллатди. Ўша пайти ёстиқни қўйиб юборди. Унинг важоҳатини кўрганимда ҳеч нимага жавоб беролмаслигимни билдим. Кейин бу тарафдан холамнинг ўғлига телефон қилдим. Холамнинг ўғли ким келганини билиш учун бу томондан у болага гапирдим. Акам телефонни қўйганидан кейин 5 минутда етиб келди. Шундан кейин у бола қочиб кетди», — дейди блогер.