Юлдузлар

Амирхон Умаровдан Шоҳруҳ Ҳамдамовгача: ўзбек шоу-бизнесидаги бўйдоқлар қачон уйланади?

Қуйида уларнинг бу ҳақдаги фикрлари келтирилади

Амирхон Умаровдан Шоҳруҳ Ҳамдамовгача: ўзбек шоу-бизнесидаги бўйдоқлар қачон уйланади?

Санъат аҳлининг бир қанча ёш вакиллари 2022 йил якунига етмай туриб оила қуришга улгурди. Уларга мисол қилиб, Жаҳонгир Хўжаев, Сардор Таиров ва Иззат Шукуровларни кўрсатиш мумкин. Бироқ ҳали уйланишга улгурмаган санъаткорлар ҳам бор. Қуйида улар ҳақида маълумот берилади ва уларнинг уйланиш ҳақидаги фикрлари келтирилади.

Дилшодбек Каттабеков

Актёр Дилшодбек Каттабеков 30 ёшдан ошган бўлишига қарамай, ҳали ҳам бўйдоқлар сафида. У интервьюларининг бири уйланиш учун ўзига мос қиз қидираётганини айтган. Ўшанда актёр кўплаб ота-оналар ёки қизлар санъаткорлар ҳақида нотўғри фикрда эканини таъкидлаган.

«Насиб қилган инсон билан оила қураман. Кўпчилик қизлар ёки уларнинг ота-оналари санъаткорлар ҳақида нотўғри фикрда. Санъаткор ҳам оддий инсон, у тўй хизмати ёки зиёфатларга касби юзасидан боришини тўғри тушунишмайди. Ёки баъзи қизлар санъатни тушунишмагани учун рад жавобини беришяпти. Улардан ранжиганим йўқ, пешанага ёзгани бўлади», — дейди Дилшодбек Каттабеков.

Ёрқинхўжа Умаров

Хонанда Ёрқинхўжа Умаровнинг онаси интервьюларининг бирида июнь ойида қизини турмушга беришини айтиб, ўғлининг тўйи 1 ой ўтгач бўлишини маълум қилганди. Бироқ ҳозирча тўйдан дарак йўқ. Хонанданинг ўзи ҳам бу ҳақда гапириб ўтганди.

«Оиламиздаги ёлғиз эркак, ота ўрнидаги масъул шахсман. Яқиндагина синглимни узатдик. Ундан аввал уйланишни истамадим. Насиб қилса, энди онамга яхши ҳамсуҳбат бўладиган, хизматларини қилиб, дуосини оладиган қизга уйланаман», — дейди хонанда Ёрқинхўжа Умаров.

Амирхон Умаров

Телебошловчи Амирхон Умаров ҳозирда 27 ёшда. У ҳам кўрсатувларнинг бирига берган интервьюсида 2022 йилдаги энг катта режаси уйланиш эканлигини айтганди. Бошловчи бу гапни эшитиб, онаси хурсанд бўлишини ҳам таъкидлаб ўтган.

«Ҳозир бир нарсани ўйладим. Сиз, Сарвар ва мени тенглаштирадиган бўлсак, бир масалада ортда қолиб кетибман. Бу уйланиш ва фарзанд кўриш масаласи. Худо хоҳласа 2022 йилда шу масалада ҳам ҳаракат қиламан. 2022 йилдаги режанинг энг каттаси — тўй. Буни кўриб ойим хурсанд бўлган бўлса керак», — дейди у.

Шунингдек, аввалроқ телебошловчи Ҳуснора Шодиеванинг ҳамкасби Амирхон Умаровга турмушга чиқаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалганди. Телебошловчи саҳифасида кузатувчилари билан савол-жавоб ўтказди. Шунда ундан ҳамкасби Амирхон Умаровга турмушга чиқиши ҳақида савол берилган. Хонанда аввал ҳамкасбини белгилаб, унинг исмини ёзиб қўйган. Бироқ телебошловчи буни жавобсиз қолдирган.

Шундан сўнг хонандадан Амирхонга турмушга чиққани ҳақида сўрашган. Ҳуснора Шодиева эса телебошловчи билан фақат ҳамкасб эканини таъкидлаган. Амирхон Умаров ҳам ушбу «stories»ни ўзига қўйган бироқ изоҳсиз қолдирган.

Шоҳруҳ Ҳамдамов

Актёр Шоҳруҳ Ҳамдамов эса уйланишга шошмаётганини таъкидлаган. У карьера қилиши кераклигини айтган. Шунингдек, актёр Муниса Ризаева билан муносабатларига ҳам ойдинлик киритганди.

«Бу клипдан кейин ‘Мунисага уйланасизми? Чиройли жуфтлик бўлибсизлар’, деган гапларни кўп эшитдим. Аммо бу ижод, реал ҳаёт эмас. Муниса билан дўстмиз, ҳаттоки унга уйланиш фикри хаёлимда ҳам бўлмаган. Холаларим мени уйлантиришга анчадан бери ҳаракат қилишади. Ҳар доим ‘Озгина карьера қилишим керак’, деб режаларини ўзгартираман»,— дейди актёр Шоҳрух Ҳамдамов.

Шаҳзод Султонов

Актёр, вайнер Шаҳзод Султонов ҳамкасби Феруза Норматовага уйланаётгани ҳақида кўплаб миш-мишлар тарқалган. Шаҳзод Султонов уларга изоҳ бериб ўтган. Актёрнинг сўзларига кўра, улар шунчаки ҳамкасб. Барча гап-сўзлар эса миш-мишдан ўзга нарса эмас. Вайнер онаси уни 1 йилдан буён уйлантириш учун ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

«Феруза билан партнёрмиз, холос. Биз ҳақимиздаги тарқалаётган гаплар миш-мишдан бўлак нарса эмас. Онам бир йилдан буён мени уйлантиришга жиддий аҳд қилган. Аммо бандаси минг уринса ҳам, пешанага ёзган вақтда тўй бўлар экан. Менинг ҳам тақдиримга чиройли, оқила ва оилапарвар инсон ёзилгандир, деб умид қиляпман», — дейди актёр Шаҳзод Султонов.