Янгиликлар

Шароф Муқимовнинг иккинчи рафиқаси улар қандай танишганини айтди

Уларнинг севги тарихи 2018 йилда бошланган

Шароф Муқимовнинг иккинчи рафиқаси улар қандай танишганини айтди

Хонанда, актёр Шароф Муқимовнинг турмуш ўртоғи Ҳуснора Instagram саҳифасида эри билан қандай танишгани ҳақида гапириб берди.

Улар илк бор 2018 йил декабрь ойида кўришган. Ўша пайтда Шароф Муқимов гала-концертда қўшиқ куйлаган. Актёр иккала таронасини ҳам хотинига қараб айтган. Концерт тугагач, хонанда Ҳуснорадан телефон рақамини сўраган ва «Қора кўзлар» клипига актриса сифатида таклиф қилган. Қиз бунга ишонга ва рақамини берган.

«Instagram’даги саҳифамга Шароф акам билан қандай танишганимни сўраб кўп ёзишади. Хуллас, 2018 йилнинг декабрь ойи эди. Чет эл олийгоҳида ўқиганман, имтиҳон топшириш пайти эди. Ҳамма талабалар йиқилишдан қўрқиб имтиҳонга тайёрланарди. Кейин дўстларим билан уйга кетдим. Уйга келсам, ширин жияним Жасмина Мустақиллик майдонида гала-концерт бўлишини айтди ва боришимни сўради. Мен эса йўқ, унақа концертларни ёқтирмайман, эртага имтиҳоним бор, йиқилишдан қўрқаман, тайёрланишим керак, дедим. Кейин келинойим сал китобдан бош кўтаринг, зерикиб ўтирасизми, бориб келинг, деди. Уларни хафа қилгим келмади, концертга бориб, олд қаторга ўтирдик.

Тахминан, 20 дақиқа ўтирганимиздан кейин Жасминага уйга кетишимиз кераклигини айтдим, у эса яна 5 дақиқа ўтиришимизни сўради. Концерт, гавжум жойларни ёқтирмайман, жиянимнинг кўнглини кўтариш учун келгандим. Кейинги 5 дақиқада Шароф акам саҳнага чиқди. Биринчи ‘Жоним сени’, иккинчи ‘Севгимни авайла’ таронасини ижро этди, қизиғи, иккита қўшиғини ҳам менга қараб айтди. Ҳар замонда қўллари билан мени кўрсатар эди, бошида ҳайрон қолдим ва балки шунақа усул билан қўшиқ айтсалар керак деб эътибор бермадим.

Концерт тугаб, энди кетаётгандик, бир инсон келиб рақамимни сўради, мен нега сизга рақамимни беришим керак, боринг, кетинг дедим. У киши рақамимни ўзига эмас, Шароф Муқимов учун сўраётганини айтди. Мен рақамимни бермайман, деганимдан кейин Шароф акам келиб ‘Қора кўзлар’ деган клип олмоқчиман, шунга мос тушасиз, сизни топишимиз учун рақамингиз керак, деди.

Мен ҳам санъатга қизиқаман, аслида, ўзим ҳам турмуш ўртоғимнинг мухлиси бўлганман, уялганимдан хўп деб, рақамимни бердим, клипга тушишни ўйладим. Кетганидан бир дақиқа ўтиб, бу мен, Шароф деган хабар келди. Жавоб ёзмадим, бироқ қачон клипга олишини ўйлаб қолдим», — дейди Шароф Муқимовнинг рафиқаси.

Шу воқеадан сўнг Шароф Муқимов қизга тез-тез гул бериб турган. Хонанда март ойида Ҳуснорани ресторанга учрашувга таклиф қилган. Бироқ қизнинг уйдагилари бунга осонликча рухсат бермаган. Бироқ у ота-онасидан рухсат олиб, учрашувга борган. Ўша куни актёр Ҳуснорага уйланмоқчилигини айтган. Шароф Муқимов уни концертдаги илк учрашувдаёқ севиб қолганини таъкидлаган.

«Институтимизга тез-тез гул олиб келишлар кўпайди. Шароф акам ҳар куни қўнғироқ қилар эди, март ойининг охирида ресторанга учрашувга таклиф қилди. Мен уйдагилар рухсат берса, боришимни айтдим, у киши рухсат бермасаларчи, деб сўради. Унда бора олмаслигимни айтдим, бироқ Шароф акам жуда муҳим гапим бор, деди.

Кейин уйдагиларимдан ёлвориб сўрадим, оилада битта эркатой қиз бўлганим учун кўнглимга қарашди. Биз ўша куни соат 15:00 атрофида кўришдик. Гаплашиб ўтирдик, шу пайт телефонингизни бериб туринг, қўнғироқ қилиб олай деди. Телефонимни қўлига олганидан кейин дарров хабарларни, суратларимни, Telegram’имни, ҳаттоки контактларимни ҳам кўрди. Кейин мана телефонингиз, деб индамай қайтариб берди ва мен ҳам нимага шахсий нарсаларимга киряпсиз, деб сўрашга уялгандим.

Мен эса Шароф акамдан қандай зарур гапи борлигини сўрадим. У киши уйланмоқчилигини айтди, мен уйланинг, менга нима дахли бор дедим. Кейин ҳамма гап менда эканини, мен билан турмуш қуриш нияти борлигини айтди. Ҳазил қилаётган бўлса керак деб ўйладим. Шароф акам сизни концертда, илк бор кўрганимда юрагим жиз этган, кўзларимни сиздан узолмай қолганман, клип баҳона эди, агар сизга клипни баҳона қилиб рақамингизни сўрамасам, рақамингизни бермас эдингиз, кейин сизни топа олмай қолар эдим деди. Мен жуда уялиб кетдим, ҳазиллашманг, дедим.

У киши бу борада ҳазил қилмаслигини айтди. Шароф акам мени ўша кундан кейин ҳар куни кузатганини, мен ҳақимда маълумот тўплаганини, кейин мени яхши кўриб қолгани ҳақида гапирди. Нима деб жавоб беришни билмадим, сўнг уйдагиларим чақиряпти дедим.

Улар тўхтанг, ўзим ташлаб қўяман, қайсарлик қилманг деди. Уйимга олиб борди ва унгача гапириб келди. Мен индамай эшитиб келдим, кейин сизга қўнғироқ қиламан, ўзингизни эҳтиёт қилинг деди», — дейди хонанданинг рафиқаси.

Бироқ уларнинг севгисига Ҳусноранинг ота-онаси розилик билдирмаган. Шунда Шароф Муқимовнинг ўзи улар билан гаплашган ва кўндирган. Қизнинг отасига хонанданинг ўзига бўлган ишончи, маданияти, меҳрибонлиги, ақллилиги ёқиб қолган. Орадан кўп ўтмай уларнинг фотиҳаси бўлган. Рамазон ойига тугагач, тўй қилишган. Актёрнинг турмуш ўртоғи уларнинг қиссаси шу тарзда бўлганини таъкидлаган.

«Эрталаб дарсга бордим, Шароф акам қўнғироқ қилганида кўтармадим. Ўқиш жойимга келиб, менга совчи юбориши ҳақида айтди. Мен эса ҳали турмуш қуриш ниятим йўқ, дедим. У киши сизни кутаман, деганида инсон турмуш қуриши учун бир-бирини яхши кўриши кераклиги ҳақида гапирдим. Шароф акам менинг севгим иккаламизга ҳам етади, тўйгача сиз ҳам яхши кўриб қоласиз, деди.

Уйга бордим, Шароф акам ҳар куни қўнғироқ қиларди, жуда ҳам романтик хабарлар ёзарди, кўнглимдан жой олишга ҳаракат қиларди. Вақт ўтиб кўнглимдан жой олди, қисқаси, у инсонни ёқтириб қолгандим. Кейин Шароф акам бўлди, совчи юбораман деди, мен эса аввал уйдагиларимни кўндиришим кераклигини айтдим. Уйдагиларни кўндиришга ҳаракат қилдим, бироқ улар рози бўлмади.

Шароф акамга уларнинг кўнишмаганини айтганимда, кўндиришга ҳаракат қилинг, ҳинд киноларида бир-бирини яхши кўрса, ота-онаси қарши бўлса ҳам, курашади, бизнинг улардан нима камимиз бор, оилада битта фарзандсиз, сизнинг айтганингизни қилишади ва бошқалар билан эмас, мен билан яшайсиз, ҳаёт бизники деди. Бу гаплар менга мотивация бўлди.

Хуллас, мен яна уйдагилар билан гаплашдим, бироқ эплолмадим. Шароф акамга айтдим, уйингизга бориб ўзим гаплашаман, сиз фақат ўзимники бўласиз деб бир ўзи келди ва уйдагиларим билан гаплашди. Шароф акамнинг ўзига бўлган ишончи, маданияти, меҳрибонлиги, ақлли экани уйдагиларимнинг эътиборига тушганди, шу сабаб улар ўйлаб кўрамиз деди.

Кейин совчи юборди, фотиҳа тўйимиз бўлди, ўқишимни битирай десам, тўйни ҳам шу йил ёзда қилишимиз, бўлмаса уйдагиларим фикридан қайтиб қолиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Биз никоҳдан ўтдик, рўзадан кейин тўйимиз бўлди ва Аллоҳга шукр кейинроқ ўғлимиз Тохиржон дунёга келди. Қиссамиз шунақа бошланган» , — дейди Шароф Муқимовнинг рафиқаси.

Шароф Муқимов қиздан рақамини олгач, унга тез-тез хабар ёзиб турган. Ҳуснора ҳам уларга жавоб қайтарган. Орадан вақт ўтиб, хонанда рафиқасининг ўқиш жойига борган. У ўзи билан гул ва шоколад олиб борган. Қиз актёрдан буларни нима сабабдан бераётганини сўраганда, у клипига олмагани учун берганини таъкидлаган. Ҳуснора гулларни олган.

«Ҳар ҳар куни ‘Салом яхшимисиз, яхши дам олдингизми?’, деб хабар ёзарди, мен ҳам жавоб қайтарар эдим. Кейинроқ Шароф акам ёшим ва қаерда ўқишимни сўради, мен ҳам клип учун сўраётган бўлса керак, деб ўйладим, лекин ҳамон клипдан дарак йўқ эди. Бир дўстимга ҳаммасини айтиб бердим, кейин ўртоғим у киши мени яхши кўриб қолганини айтди. Мен ҳеч ҳам унақа эмас десам, кўрасан, аниқ сени ёқтириб қолган, деди.

Орадан бир ой ўтиб ‘Қора кўзлар’ таронасига клип тайёр бўлди, бироқ унда мен эмас, бошқа қиз, Дурдона Қурбонова иштирок этган эди. Ҳайрон қолдим, клипга деб рақамимни олиб бошқа қизга ролни берибди. Кейин яна ҳол-аҳвол сўраб хабар ёзди, мен ҳам дарров клипга деб рақамимни олган эдингиз, лекин клип чиқиб бўлдику, дедим. Шароф акам сизни бошқа клипга оламан, эртага студиямга келинг, деди. Мен эса рад жавобини бердим. У киши қайсар эканлигимни айтди, хуллас, бормадим.

Бир куни дарсда ўтирсам Шароф акам қўнғироқ қилди, кўтара олмадим. Кейин чиқинг, ўқиш жойингизнинг дарвозаси олдида турибман, деди. Мен улардан нега келганларини сўрадим ва дарсдан чиқа олмаслигимни айтдим. У киши майли, дарсингиз тугашини кутиб тураман, деди. Дарсим тугади, ҳамма талабалардан кейин чиқдим, дарвоза тарафга қарасам, Шароф акам гул ва бир қути шоколад олиб кўтариб турарди, ҳайрон бўлдим.

Салом берганимдан кейин қўлларидаги гулни менга берди, мен эса бу гулларни нима сабабдан бераётганларини сўрадим. Шароф акам клипимга олмаганим учун хафа бўлдингиз, шунга дедилар. Мен эса клип яхши чиққанини айтдим. Гулларни олдим, уйимга олиб бориб қўйишини айтди, мен рад этдим» , — дейди Ҳуснора.

Хонанда 19 декабрь куни ўғил фарзандли бўлганди. Шароф Муқимов бу ҳақда ўзининг саҳифасида маълум қилди. У, шунингдек, фарзандларига устозларининг исмини қўйишни аҳд қилган. Унга ўра, улардан бирига Тоҳир Содиқов исмини қўяди.

Шу муносабат билан актёр турмуш ўртоғига нархи 200 миллион сўм бўлган машина совға қилганди. У ўғлининг исмини Шавкатов Тоҳиржон деб қўйган. Актёр 2020 йил хотинига «Spark» машинасини совға қилганини айтди. Бу гал эса «Tracker» автомашинасини совға қилиб берди. Хонанда аёлларга эътиборли бўлиш кераклигини таъкидлади. Маълумот учун, «Tracker»нинг ўртача нархи 200 миллион сўмни ташкил қилади.

«Ўғлимнинг исмини Шавкатов Тоҳиржон деб қўйдик. Яхши ният қилгандим. Ўтган йил ‘Spark’ машинасини совға қилгандим. Бу сафар яхшироғини бераман. Фарзандни дунёга келтираётган аёллар бахтимизга соғ бўлсин. Ҳар бир аёл учун эътиборли бўлсак, улар бор меҳрини эридан, оиласидан ҳеч қачон аямайди. Шунинг учун ният қилгандим. Дўстларим ёрдам берди. Мана шу ‘Tracker’ машинасини аёлимга совға қилиб беряпман», — дейди хонанда.