«Мен жуда ҳам мамнунман». Юлдуз Усмонова онасининг вафотидан сўнг илк марта кўриниш берди — видео
Хонанда шаҳарга қайтаётганини айтган
Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳибаси Юлдуз Усмонова 7 ноябрь куни онасининг вафотидан сўнг илк марта кўриниш берди.
Хонанданинг онаси Раҳима ая Усмонова 6 ноябрь куни 95 ёшида қазо қилди. Унинг жанозаси бугун Марғилон шаҳрида бўлиб ўтди. Юлдуз Усмонова жаноза яхши ўтганини таъкидлаб, кайфияти аъло эканини, хурсанд эканини билдирган. Шунингдек, Тошкентга қайтаётганини маълум қилган.
«95 кичкина ёш эмас. Шу сабабли ҳаммангизга шу ёшни тилайман. Дуо қилдингиз, раҳмат. Онамга ҳавас қилган ҳар бир инсоннинг оиласида юлдузи бўлсин, оқ ювиб, кийдирадиган Нилуфари бўлсин. Набира, чеваралари бир қўйиб бири қуръон ўқиди. Бундан бахтли хожи она бўлмаса керак. Онамдан атир аралаш прянникнинг ҳиди келарди. Аллоҳ, ҳаммамизга мана шундай умр насиб этсин. Ҳаёт давом этади. Яна Марғилонга келиб хурсанд бўлдим. Нилуфарнинг ўртоғи ўзи тиловат қилиб ўтирди, ҳамма оғзи очилиб ўтирди. Мен жуда ҳам мамнунман, жуда хурсандман. Бувимнинг тўйлари бўлди, карнай сурнай қилмадик. Ноғора билан қўйиб келдик. Ҳаммамиз яшашда давом этамиз. Барибир ҳаммамиз ўламиз, ўлим ҳақ. Онам ҳам жуда гўзал кетди, бахтли оналар. Мана, Тошкентга қайтяпмиз. Бизда 3 кун аъза бўлади, бас. Мен зўр кайфиятдаман, сиқилмаяпман, сиз ҳам сиқилманг», — дейди Юлдуз Усмонова.




